ЖАМИЯТ

Устозлар бисотидан: ОСМОНУ ЕРДАГИ БИРИНЧИ ГУНОҲ


19.01.2021   9026

Одамзод яралибдики, кибру ҳаво, нафс балоси ва ҳасад иллатлари унга рўбарў келаверади. Ким улардан ўзини нари тутса, албатта, ҳидоятга эришди.

Аллоҳ таборак ва таоло инсонларни бир хилда яратмади. Кимдир моддий, кимдир маънавий жиҳатдан, яна бошқаси чиройда устун. Бирови ақлда пеш бўлса, бошқаси ғирт нодон. Бунинг ҳам ўз ҳикмати бор. Аллоҳ таоло бандаларнинг ўзида ибрат яратиб қўйибди. Уни тушунган кишида Шукр неъмати зоҳир бўлади. Аксинча эса.. ҳасад балосига учрайди.

Ислом таълимоти бўйича мусулмондаги бирор нарсага ҳасад қилиш – унинг йўқ бўлишини ва заволини орзулашдир. Бу эса нафақат ўша инсонга зулм ва, Қодир Худонинг берган нарсасига норозилик ҳисобланади. Ҳасаднинг ёмонлиги шу даражадаки, ҳатто Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Фалақ сурасида “...ҳасадчининг ҳасади ёвузлигидан” паноҳ сўрашни таълим беради.

Хўш, ҳасад қандай пайдо бўлган? Қадим ҳакимлар ва донишмандлар ҳасаднинг Осмонда ҳам, Ерда ҳам осийликка сабабчи бўлган биринчи гуноҳ, дея таърифлайдилар.

Маълумки, Аллоҳ таборак ва таоло Одамни яратгач, фаришталарига унга сажда қилишни буюрди. Барчалари бу амрни сўзсиз бажардилар. Фақат Шайтонгина бўйин эгмади.

-Мени оловдан, уни эса лойдан яратдинг. Нега унга сажда қиламан?..

Аллоҳ таоло Одамни улуғлагани учун унга ҳасад назари билан қаради. Бу эса Шайтоннинг лаънатга учраши ва Аршдан қувилмоғига сабаб бўлди.

Ҳасадни осмондан ерга Шайтон олиб тушди. Бу иллатга учраган биринчи инсон Одам Атонинг ўғли Қобилдир. Умайпараст ва жоҳил, укаси Ҳобил эса тақводор эди. Иккиси бир пайтда қурбонлик қилганларида, Аллоҳ Ҳобилникини қабул этди. Бунга ҳасад қилган Қобил укасини ўлдирди.

Мана, неча минг йиллар ўтибдики, бу иллат инсоният билан бирга яшаб келади. Ҳар бир Пайғамбар ўз даврида қавмларини ундан сақланишга даъват қилди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан бу ҳақда кўплаб ҳадислар ривоят қилинган. Ул Зоти шарифнинг таълим беришларича, “аччиқ сабур (алоэ) асални бузгани каби, ҳасад имонни бузади”.

Энди ўзингиз ўйлаб кўринг. Кимдир қанча ҳасад қилмасин, Аллоҳ таоло қайсидир бандасига берган бирор неъматини узиб қўймайди. Аксинча, унинг ўзига зиён етади. Борки қилган яхши амаллари бекор бўлади, имонига путур етади. Унинг ҳасадчилиги ошкора бўлгач эса эл ўртасида обрў-эътибори йўқолади. Ёки, бундай кимсаларни халқ ардоқлаганини кўрганмисиз?..

...Мен бир одамни билардим. Вилоятда каттагина лавозимда ишлар, обрўси, мол-давлати ҳам етарли эди. Бироқ, у ўзидан бир поғона баландроқ амалда ишлайдиган раҳбарга ҳасад кўзи билан қарарди. Тинмай унинг устидан юқори идораларга аноним (имзосиз) шикоят хатларини ёзарди. Текширишга келган одамларни ҳам қўлга олишга, ўша Раҳбарни ёмонотлиқ қилишга уринар эди. Мақсади, уни ишдан бўшаттириш ва ўрнини ўзи эгаллаш эканини у ҳеч кимдан яширмасди.

Ўша Раҳбар, охири, ўзи ариза бериб, ишдан бўшади. Аммо ҳасадчи қаҳрамонимиз унинг ўрнига лойиқ кўрилмади.

Ҳар икковини ҳалигача кўриб тураман. Бири ҳали ҳам эл ҳурматида. Ўқув юртларидан бирида анча йил ишлаб, обрў-эътибор билан пенсияга узатилди. Иккинчиси ҳам амалидан айрилди. Сўнгра у ер-бу ерда кичик лавозимларда ишлаб юрди. Ичкиликка муккасидан кетди. Ҳозир уни деярли ҳеч ким эсламай ҳам қўйди. Бор мол-дунёсидан айрилиб, телбанамо бўлиб қолган, дейишади...

Мана, Сизга замонавий мисол... Бу каби воқеалар жуда кўп. Кимнингдир эгаллаган мансаби, бошқасининг бойлиги, мол-дунёси, машинаси, данғиллама уйига ҳасад қилишади. Бироқ хоҳ дунёвий ва хоҳ диний бўлсин, илм ўрганганларга ҳасад қилувчилар кам. Ваҳоланки, Расуллуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:

-Ҳасадни икки кишига қилса бўлади: бирига Аллоҳ таоло Қуръонни берган бўлсаю, у Қуръонни кечаю кундуз ўқиб юрса, ва яна бир кишига Аллоҳ таоло дунё берган бўлса, у дунёсидан кеча-кундуз, яширин ҳолда инфоқ қилиб турган бўлса...

Бу ҳадиснинг маъноси шуки, киши мен ҳам шулар каби бўлсам эди, десагина, унинг ҳасади яхши амаллар сифатида қабул қилинади. Аммо уларни кетказишни ният қилса, бу, албатта, ёмондир.

Нега одамлар дунё молига ҳасад қиладилар? Нима учун охират амалларини бажарувчиларга эмас? Чунки дунё неъматида шу куннинг роҳат-фароғати бор. Охират амалларида эса заҳмат. Аммо улар билмайдиларки, дунё роҳатининг охирида азоб-уқубат, ухровий заҳматлар ортида ажру савоб мавжуд. Ёки, билсалар-да, залолатга шунчалар ботганларки, “менга йўқми, сенга ҳам бўлмасин” қабилида иш тутадилар. Бу, Аллоҳнинг ишига аралашув, тақдирдан норозиликнинг ўзидир.

Ҳасад нега ёмон саналади?

Ҳазрат Абу Лайс ас-Самарқандий “Танбеҳул-ғофилийн” китобида таърифлашича, “Ҳасад қилувчи Раббисига беш жиҳати билан кўринади. Биринчиси, бошқада зоҳир бўлган неъматларни кўрганда, ғазаби келади. Иккинчи, унга берилган нарса (неъматлар) учун ғазаби келади. Яъни, Раббисига “нима учун бундай тақсимладинг”, дейди. Учинчиси, Аллоҳнинг фазлини ман қилади. Чунки неъматни Аллоҳ таоло хоҳлаган кишисига беради. У Аллоҳнинг бу фазлига бахиллик қилади. Тўртинчиси, Аллоҳнинг дўстини ёрдамчисиз қолдирмоқчи ва ундан неъматни кетказишни хоҳлайди. Бешинчиси, душмани Иблисга ёрдам беради...”

Яна айтилишича, ҳасаддан зарарлироқ нарса йўқ. У ҳасад қилувчига бешта азобни олиб келади: аввало, ғам узилмайди; мусибат олади, унга ажр келмайди; ёмонликни олиб келади; Аллоҳ таоло унга ғазаб қилади; унга тавфиқ эшиклари ёпилади. Яратганнинг ғазабига учраганнинг ҳоли эса аён...

Шундай экан, Расуллуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ўгитлари бизга дастуриламал бўлмоғи керак:

-Яхшилик эскирмайди, гуноҳ унутилмайди, жазоловчи Аллоҳ эса ўлмайди. Хоҳлаган ишни қил, қандай иш қилсанг, жазоинг ҳам шундай бўлади...

Буларга амал қилсак, доғда қолмаймиз. Шундай эмасми, азизларим!?

Нажмиддин ИКРОМИЙ.