Жамият

УЧТА УЙ ЁНГАНИ ЮЗАСИДАН ЭКСПЕРТИЗА ТАЙИНЛАНДИ


26.09.2020   1452

Хўжаобод тумани Чимбулоқ маҳалла фуқаролар йиғинида катта ёнғин бўлаётгани ҳақидаги ҳабар туман фавқулодда вазиятлар бўлими навбатчилик қисмига келиб тушди. Ёнғин қутқарув хизмати ходимларидан иборат экипаж кўрсатилган манзилга зудлик билан етиб борганида бир бирига жипс ҳолда, том қисми бирлаштириб қурилган учта хонадон аланга исканжасида эканлиги маълум бўлди.

Бино ва иншоотлар, тураржойларни қуришда талаб этиладиган меъёрлардан бири ёнғин хавфсизлиги шартларига амал қилишдир. Афсуски, айрим фуқаролар яшаш уйларини қурилишида бу қоидаларни унутади. Қўшниси билан томларини бирлаштириб юборади. Уйларни жипслаб қуради. Оқибатда битта хонадонга келган бало иккинчисига ҳам ўз таъсирини ўтказади.

Чимбулоқда 7 сентябрь куни содир бўлган ёнғин ҳам бунга мисол бўла олади. Бинолар бирлаштириб қурилган. Том қисмига ҳимоя девори урилмаган. Ёнғин хавфсизлиги қоидаларига амал қилинмаган. Натижа эса аянчли. Ҳар уччала уй эгалари моддий зиён кўрган. Том, шифт қисмлар ёниб кетган. Уй рўзғор буюмлари яроқсиз ҳолга келган.

Бундай ҳолатларда ўзаро қўшничилик муносабатларига путур етади. Бир бирига айб тўнкаб, ноқулай вазият юзага келади. Ёнғин сабаблари аниқланганида эса кўрилган моддий зиённи айбдор томонидан қопланишига тўғри келади.

Юқоридаги сингари кўнгилсизликларга дуч келмаслик учун яшаш уйларини қурилишида ёнғин хавфсизлиги шартларига амал қилиш лозим. Имкон қадар қўшнининг уйи билан масофа сақлашга эътибор қаратиш керак. Ҳар қандай ҳолатда том қисмида ҳимоя деворини бўлиши ёнғиннинг авж олишининг олдини олади.

Айни кунда Чимбулоқдаги учта хонадонда содир бўлган ёнғин бўйича судга оид ёнғин-техник экспертиза тайинланган. Ёнғин ўчоғи, сабаби аниқланиб, якуний хулоса айтилади.

Ҳусанбой Раҳмонов,

Хўжаобод тумани фавқулодда вазиятлар бўлими

профилактика назорати бўлинмаси инспектори, сержант.