Жамият

ТИББИЙ ХИЗМАТ КЎРСАТИШ СИФАТИ ЯНАДА ЯХШИЛАНАДИ


07.09.2021   476

Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш, аҳоли саломатлиги муҳофазаси ҳамда тиббий хизмат сифатини янада яхшилаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиеёв томонидан тиббиёт соҳасига қаратилаётган эътибор ўз самарасини бермоқда. Айниқса, тиббиёт ходимларининг иш ҳақлари аввал 10 фоизга, кейинроқ эса 35 фоизга оширилганлиги, соҳасида таъмагирлик, коорупция ҳолатларининг олдини олиш, тиббиёт муассасаларини таъмирлаш, моддий техник базасини мустаҳкамлаш ишларини алоҳида эътироф этиш ўринли. Андижон вилоятида кейинги бир неча йил давомида амалга оширилаётган ишлар бунга мисол бўла олади.

Жумладан, вилоят соғлиқни сақлаш тизимига 2016 йилда 464 миллиард сўм маблағ ажратилган бўлса, жорий йилга келиб бу кўрсаткич 1 триллион 226 миллиард сўм, яъни уч баробар кўп маблағ ажратилди. Дори-дармон таъминоти учун 2016 йилда маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 15 миллиард сўм, 2021 йилда эса қарийб 78 миллиард сўм маблағ ажратилди.

Вилоятда юрак касалликлари жарроҳлигини амалга ошириш учун энг замонавий аппарат ва жиҳозлар олиб келинди. Бу юракдаги мураккаб операцияларни Андижоннинг ўзида бажариш имконини берди. Эндиликда юрак хасталиги бўлган беморлар жарроҳлик учун пойтахтга ёки чет элларга боришдек қийинчиликлардан халос бўлди. Онкологияни эрта аниқлаш, самарали даволаш, энг асосийси, ушбу касалликдан вафот ҳолатлари кескин камайди.

Андижон вилояти аҳолисининг 49,6 фоизини аёллар ташкил этади. Улардан 841 минг 889 нафари фертиль ёшидаги аёллардир. Улар ҳар йили тўла чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилмоқда. Бундан ташқари, ўтган йили вилоятдаги 50 минг 708 нафар 9-10 ёшли қизлар одам папилломаси вирусига қарши эмланди.

Ҳомиладор аёллар учун тиббий хизмат сифатини ошириш борасида Андижон шаҳри, Қўрғонтепа, Шаҳрихон туманлари туғруқ мажмуаларида катта ҳажмда қурилиш реконструкция ишлари олиб борилди, "Она ва бола скринг" марказлари тўла янгитдан жиҳозланди.

Андижон давлат тиббиёт институти киникасида германиялик мутахассислар билан ҳамкорликда урология маркази очилганлиги ҳам аҳолига катта қулайлик яратди. Болалар орасида юқори технологик тиббий ёрдамга муҳтож бўлган беморларга кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини яхшилаш мақсадида вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида болалар кардиохирургия бўлими ташкил этилди. Ўтган йили бу ерда республикамиз пойтахтида мазкур соҳада иш олиб борувчи мутахассислар билан ҳамкорликда юрак туғма нуқсонлари билан касалланган 17 та беморда мураккаб жарроҳлик операциялари ўказилди, шунингдек, мазкур муассасада болалар учун пластик-жарроҳлик, нейрохирургия бўлимлари ташкил этилди.

Жорий йилнинг апрель ойида вилоятдаги 547 минг 234 нафар болада оммавий дегелментизация тадбирларининг биринчи тури ўтказилди.

Германия, Россия, Жанубий Корея, Ҳиндистон давлатлари ҳамда Республика тиббиёт марказларидан 106 нафар профессор ва етакчи мутахассислар вилоятнинг туман ва шаҳарларида 212 минг 560 нафар фуқаро тиббий кўрикдан ўтказилди, 120 та мураккаб жарроҳлик операциялари ўтказилди.

Вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази биноси реконструкция қилинди, хирургия бўлими учун янги бино қурилди, 28 та ихтисосликлар бўйича юқори малакали тиббий ёрдам кўрсатилиши йўлга қўйилди. Мавжуд 5 та гемодиализ аппаратига қўшимча яна 10 та ана шундай аппарат олиб келиниб, гемодиализ маркази ташкил қилиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Вилоят эндокринология диспансерида хирургия бўлими ташкил этилди. Тез тиббий ёрдам хизмати соҳада туб ўзгаришлар амалга оширилди. Вилоятда шошилинч тиббий ёрдам соҳасида "Call" марказлари ташкил этилиб, тез ёрдам хизмати сифати янада яхшиланди.

Шошилинч тез тиббий ёрдам марказида ва филиалларида туманлараро қўшма жароҳат ва юрак-қон томир касалликлари бўлимлари ташкил этилиши инсон ҳаётини оғир ҳолларда сақлаб қолинишида муҳим аҳамият касб этмоқда. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига 2017-2020 йилларда жами 149 та махсус жиҳозланган тез тиббий ёрдам автомашиналари ажратилди.

2016 йилда тиббиёт муассасаларининг 85 фоизи таъмирталаб бўлиб, аксарият қишлоқ врачлик пунктлари ва қишлоқ оилавий поли клиникалари мослаштирилган биноларда фаолият олиб борган. Ўтган 3 йил мобайнида 170 та тиббиёт муассасаси таъмирланиб, улар 64 миллиард сўмлик замонавий асбоб-ускуналар билан таъминланди. Шунингдек, 4 та оилавий поликлиника, 56 та қишлоқ врачлик пункти, 51 та қишлоқ оилавий пунктида қурилиш, реконструкция ва капитал таъмирлаш ишлари бажарилди.

Вилоятда янги тузилма қишлоқ жойларда ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатувчи 67 та қишлоқ оилавий поликлиникалари ташкил этилди. Ҳар бир қишлоқ оилавий поликлиникаларида умумий амалиёт шифокори билан бирга, олтита тор соҳа мутахассислари – гинеколог, педиатр, терапевт, хирург, стоматолог ва ультратовуш диагностикаси сингари врач-мутахассислар фаолияти йўлга қўйилди.

2017-2020 йилларда вилоятдаги тиббиёт муассасалари умумий қиймати 64 миллиард сўмлик замонавий тиббий асбоб-ускунлари таъминланди Кейинги 5 йил давомида бирламчи тиббий-санитария муассасаларида 199 та ижтимоий дорихоналар ташкил қилинди.

Тиббиёт соҳасида вилоятда амалга оширилаётган юқоридаги каби ишлар, қолаверса, соҳага қаратилаётган алоҳида эътибор натижасида халқимиз саломатлигини сақлаш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва савияси тубдан яхшиланди. Биз тиббиёт ходимлари бу борадаги ишларни тизимли ва изчил олиб борилиши учун бор имкониятларимизни ишга солиб, сидқидилдан меҳнат қиламиз.

Салоҳиддин ЮСУПОВ,

Андижон вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи.