ЖАМИЯТ

Танқидга муносабат: КАНАЛБЎЙИ КЎЧАСИГА ҚЎШИМЧА СУВ ТАРМОҒИ ТОРТИЛАДИ


06.05.2020   921

Шу йилнинг 6 май куни KUN.UZ сайтида Андижон вилояти, Хўжаобод туманидаги Ипакчи маҳалла фуқаролар йиғинининг “Каналбўйи” кўчасида яшовчи аҳолини қийнаб келаётган ичимлик суви билан боғлиқ муаммолар тилга олинган “Ҳеч бўлмаса Рамазонда сув бериб туришсин” сарлавҳаси билан танқидий материал эълон қилинган эди.

Мақола кенг оммага тақдим этилгач, Хўжаобод туман ҳокимлиги, Андижон вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси ҳамда “Андижон сув таъминот” масъулияти чекланган жамияти вакиллариушбу кўчада яшовчи аҳоли вакиллари билан ўша куннинг ўзида учрашилиб, мавжуд камчиликларни бартараф этишга киришилди.

Ўрганиш давомида ушбу кўчада ичимлик суви белгиланган тартиб асосида куннинг маълум вақтларида бериб келинганлиги аниқланди.

Бироқ, карантин даврида ичимлик сувига бўлган эҳтиёжнинг ортиши, аҳолининг томорқадаги экинларни ичимлик суви орқали суғориши туфайли қувурдаги сув босими бир мунча пасайган. Натижада хонадонларни тоза ичимлик суви билан таъминлашда муаммолар юзага келган.

Шунга қарамай, кўчадагимавжуд 35 тадан ортиқроқ хонадонга ичимлик суви график асосида доимий етказиб берилган.

Ўрганиш давомида мутасадди идоралар вакиллари томонидан масаланинг ижобий ечимини таъминлаш бўйича қилиниши лозим бўлган ишлар тақсимланди.Аҳолига янада қулайлик яратиш мақсадида Каналбўйи кўчасига бошқа сув қудуғи орқали қўшимча 200 метр сув тармоғи тортилиши белгиланди.

Фуқароларга бир ҳафта вақт ичида ичимлик суви билан боғлиқ муаммони бартараф этишга ваъда берилиб, қурилиш ишлари шу куннинг ўзида бошлаб юборилди.

Фурсатдан фойдаланиб, айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 19 декабрдаги ПҚ-4067-сонли қарорига асосан Хўжаобод туманидаги “Қамбарота” сув олиш иншоотини реконструкция қилиш ва туман марказигача бўлган ҳудудга сув тармоғи қуриш ишларини амалга ошириш белгиланган. Ҳозирда “Жуст момент” МЧЖ томонидан 2000 м3 сиғимли сув тозалаш ҳовузи, 1 дона 500 м3 сиғимли сув тиндиргич, 1 дона 500 м3 тоза сув сақлаш ҳовузи ва 1 дона насос станцияси биноси ва 25,9 км. марказий ичимлик сув тармоғини қуриш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда.

Шу кунгача пудратчи ташкилот томонидан умумий қиймати 4 млрд. сўмлик “Қамбарота” сув олиш иншоотини реконструкция қилиш ҳамда 1,8 км. сув тармоғини қуриш ишлари амалга оширилди. Лойиҳа-сметада белгиланган ишлар 2021 йил давомида ўз ниҳоясига етказилади. Иншоот ишга туширилса хўжаободликларнинг 24 соат давомида ичимлик суви билан тўлиқ таъминланишига эришилади.