ЖАМИЯТ

СУДЛАР ОЧИҚЛИГИ ВА МУСТАҚИЛЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ ЙЎЛИДА НАВБАТДАГИ КАТТА ҚАДАМ


30.10.2021   1705

Давлат раҳбарининг 2020 йил 7 декабрдаги “Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони билан тизимда катта ўзгаришлар юз берганлиги жамоатчиликка яхши маълум. Мазкур ҳужжатнинг энг аҳамиятга молик жиҳатларидан бири, суд тизимига етарли билим ва ҳаётий тажрибага эга бўлган муносиб кадрларни танлаш ва лавозимга тайинлаш билан боғлиқ. Жумладан, судьялар фаолиятини холис баҳолаш жараёнларига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилмаганлиги бу борадаги ишлар шаффофлигининг етарлича таъминланмай қолишига сабаб бўлаётганлиги, суд ҳокимияти тизимида коррупция ҳолатларини келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни чуқур ўрганиш ва таҳлил қилиш, коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш тизимини самарали йўлга қўйиш каби устувор вазифалар белгилаб берилган.

Фармон билан Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашининг судларда коррупцияни келтириб чиқарувчи омилларни тизимли равишда бартараф қилиш ва унга қарши курашиш самарадорлигини ошириш борасидаги таклифлари маъқулланган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган, фаолиятини доимий асосда амалга оширадиган Кенгаш раисининг ўринбосари лавозимини жорий қилиш, Судьялар дахлсизлигини таъминлаш бўйича суд инспекцияси негизида Судьялар дахлсизлигини таъминлаш ва коррупциянинг олдини олиш бўйича суд инспекциясини тузиш белгилаб берилди.

Шу йил 20 сентябрь куни мазкур фармоннинг ижроси сифатида “Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун давлат раҳбари томонидан имзоланди.

Мазкур қонунга киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг аҳамияти бугунги кунда судьяларнинг касбий фаолиятида жуда муҳимдир. Жумладан, Кенгаш судьялар орасида коррупция ҳолатларининг олдини олиб, уларни барвақт аниқлаш бўйича чора-тадбирлар кўради ҳамда суд тизимида аниқланган ҳар бир коррупция ҳолатини кўриб чиқиб, принципиал баҳолайди. Шунингдек, судьялар фаолиятини очиқ ва шаффоф электрон рейтинг дастури асосида баҳолаш мезонларини аниқлаш бўйича чора-тадбирлар кўради.

Шу билан бирга, Кенгаш раиси ўринбосари ваколатларига ўзгартиришлар киритилди. Унга кўра, Кенгаш раиси ўринбосари судьялар дахлсизлигини таъминлаш ва коррупциянинг олдини олиш бўйича суд инспекциясининг фаолиятига раҳбарликни амалга оширади, унинг фаолияти самарадорлигини таъминлаш учун жавобгар бўлади, ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишга, шунингдек, ахборот хавфсизлигини таъминлашга доир ишларни ташкил этади.

Таъкидлаш жоизки, Кенгаш раиси судьяларнинг дахлсизлигини бузганлик ва одил судловни амалга оширишга аралашганлик ҳолатлари юзасидан прокуратура органларига тақдимнома киритиши мумкин. Мазкур тақдимнома 1 ой муддатда кўриб чиқилади ва Кенгаш жиноят иши қўзғатилганлиги тўғрисида ёки уни қўзғатиш рад этилганлиги ҳақида Бош прокуратура томонидан хабардор этилиши белгиланди.

Қонунга киритилган мазкур ўзгартиш ва қўшимчалар судьялар мустақиллигини таъминлаш ва суд тизимида коррупциянинг олдини олиш бўйича давлат сиёсатининг асосий йўналиши сифатида тизимни малакали ва ҳалол-пок кадрлар билан тўлдириш, суд органларининг фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг суд ҳокимиятига бўлган ишончини янада оширишга хизмат қилади.

Улуғбек БУЗУРХОДЖАЕВ,

Асака туманлараро иқтисодий судининг судьяси