Андижон 24

СИЁСИЙ ПАРТИЯНИНГ ВАКОЛАТЛИ ВАКИЛИ УЧАСТКА САЙЛОВ КОМИССИЯСИ ФАОЛИЯТИГА АРАЛАША ОЛАДИМИ?


28.07.2021   873

Ўз олдига мамлакат тараққиётини янада юқори босқичга кўтаришдек буюк мақсадни қўйган янги Ўзбекистонда жорий йил бўлиб ўтадиган Президент сайловини янгиланган миллий сайлов қонунчилиги, умумэътироф этилган халқаро стандартлар, демократик тамойиллар асосида ташкил этишга қизғин тараддуд кўрилмоқда.

Бу йилги сайлов жараёни жамиятимиз ҳаётидан кўппартиявийлик, сиёсий плюрализм, фикрлар ранг-баранглиги, очиқлик ва ошкоралик, бағрикенглик тамойиллари мустаҳкам ва кенг ўрин олаётган шароитда ўтмоқда.

Сайлов қонунчилигида белгиланган нормаларнинг ўз муддатида ва самарали ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича календарь режаси тасдиқланди. Унда Марказий сайлов комиссияси томонидан тегишли давлат органлари, сиёсий партиялар ва бошқа жамоат ташкилотлар билан ҳамкорликда амалга ошириладиган вазифалар белгиланган.

Шу кунларда сиёсий партияларнинг ўз ваколатли вакилларини тайинлаганига оид маълумотлар Марказий сайлов комиссиясига келиб тушмоқда. Зеро, сиёсий партиялар сайловда иштирок этиши учун қонунда белгиланган ҳужжатларни Марказий сайлов комиссиясига тақдим этиши Сайлов кодексида белгилаб қўйилган. Сайлов кампанияси даврида Марказий сайлов комиссияси ва сиёсий партия ўртасида мулоқотни юритиш ва талаб этилган ҳужжатларни тақдим этишни ташкилий равишда тартибга солиш учун ваколатли вакил фаолияти йўлга қўйилади. Ваколатли вакил, аввало, сайловда иштирок этувчи сиёсий партиянинг манфаатини ифодалайди ва унинг сайлов жараёнидаги иштирокига оид масалаларни ҳал этиб боради.

Сайлов кодексида белгиланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этиш учун сиёсий партия ваколатли вакили орқали сайловга камида етмиш кун қолганида Марказий сайлов комиссиясига қуйидагиларни тақдим этади:

– Сайловда иштирок этиш тўғрисида партия раҳбари томонидан имзоланган ариза.

– Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг сиёсий партия рўйхатга олинганлиги тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган маълумотнома.

– Ўзбекистон Республикаси Президентлигига бўлажак номзод тўғрисидаги маълумотлар.

Марказий сайлов комиссияси сиёсий партиянинг ваколатли вакилига ҳужжатлар қабул қилиб олинган сана ва вақт кўрсатилган маълумотнома беради. Шу билан бирга, тақдим этилган ҳужжатлар асосида партиянинг сайловда иштирок этишига ижозат бериш тўғрисида беш кунлик муддат ичида узил-кесил қарор қабул қилади ҳамда сиёсий партиянинг ваколатли вакилига рўйхатга олинганлик гувоҳномасини ва белгиланган намунадаги имзо варақалари бланкаларини беради. Сайловда иштирок этувчи партиялар рўйхати аризалар келиб тушиш тартибига қараб марказий матбуотда эълон қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 34-моддасига мувофиқ сиёсий партия сайлов комиссияси мажлисларида, ҳужжатларни топширишда, имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текширишда, сайлов участкасида овозларни санаб чиқишда иштирок этиш учун ваколатли вакил тайинлашга ҳақли.

Шундан келиб чиққан ҳолда сиёсий партия томонидан ваколатли вакил тайинлаш масаласи икки босқичда амалга оширилади. Биринчи босқичда сиёсий партиянинг сайловда иштирок этишини белгиланган қоидалар асосида амалга ошириш билан боғлиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси билан муносабатларни олиб бориш учун ваколатли вакил тайинланади.

Марказий сайлов комиссияси мажлисларида, ҳужжатларни топширишда, имзо варақалари тўғри тўлдирилганини текширишда иштирок этиш учун сиёсий партия юқори органининг раҳбари сайлов кампанияси бошлангани расман эълон қилинган кундан бошлаб беш кунлик муддатда ўз ваколатли вакилини тайинлайди ҳамда уни рўйхатдан ўтказиш учун Марказий сайлов комиссиясига тегишли ҳужжатларни тақдим этади. Марказий сайлов комиссияси сиёсий партия томонидан тавсия этилган ваколатли вакилликка номзоднинг тегишли хужжатларини кўриб чиқиб, уч кунлик муддатда уни рўйхатга олади ва белгиланган шаклда мандат беради.

Иккинчи босқич бевосита ҳудудий партия органларидан тайинланадиган ваколатли вакил фаолияти билан боғлиқ. Бундай ваколатли вакил сайлов участкасида иш олиб боради. Яъни, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод кўрсатган сиёсий партиянинг ҳудудий органлари сайлов участкасида овозларни санаб чиқишда иштирок этиши учун сайлов участкалари тузилган кундан эътиборан ўз ваколатли вакилларини тайинлайди.

Сиёсий партия ҳудудий органининг раҳбари сайловга камида ўн кун қолганида ариза билан тегишли сайлов комиссиясига сиёсий партиянинг ваколатли вакиллари рўйхатини (исм-фамилияси, лавозими, яшаш манзили ва телефон рақами кўрсатилган ҳолда) тақдим этади. Ариза Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Президент сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссиясига тақдим этилади. Округ сайлов комиссияси сиёсий партиянинг ваколатли вакиллари рўйхати келиб тушган вақтдан бошлаб, беш кун ичида ваколатли вакилларни рўйхатга олади ва белгиланган шаклда мандат беради.

Шу билан бирга, айрим ҳолларда ваколатли вакилга мандат бериш рад этилиши мумкин. Жумладан, ваколатли вакилликка номзод 18 ёшга тўлмаган бўлса ёки Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаса, сайловга ўн кундан кам муддат қолганда мурожаат этилса, тегишли сайлов округи бўйича сиёсий партиядан номзод рўйхатга олинмаган бўлса, тегишли ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилмаса мандат бериш рад этилиши мумкин.

Сиёсий партиянинг ваколатли вакили сайлов комиссиясининг мажлисларида, сайлов комиссияларига ҳужжатларни, шу жумладан, тўпланган имзо варақаларини топширишда, имзо варақалари тўғри тўлдирилганини текширишда, сайлов участкасида овозларни санаб чиқишда иштирок этишга, участка сайлов комиссиясининг баённомаси билан танишиш, шунингдек, участка сайлов комиссияси баённомасининг тасдиқланган кўчирма нусхасини олишга ҳақли.

Сиёсий партиянинг ваколатли вакили участка сайлов комиссиясининг фаолиятига, жумладан, сайлов қутиларини муҳрлашга, очишга аралашиши мумкин эмас.

Мазкур институтнинг сайлов кампанияси даврида фаол иш олиб бориши сайловларнинг ошкоралиги, адолатлилиги ва қонунунийлигини таъминлашга ҳамда сайлов комиссиялари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишга хизмат қилади.

Баҳодиржон ЮНУСОВ,

Ўзбекистон Республикаси

Марказий сайлов комиссиясининг

доимий асосда ишловчи аъзоси.