Андижон 24

САЛОМАТЛИК ТАДБИРЛАРИ РЕГИСТОН МАЖМУАСИДА ДАВОМ ЭТДИ


07.04.2019   3930

Эски шаҳарнинг Регистон майдонидаги минора мезанасидан янграган карнай-сурнай садолари тиббий кўргазмага чорлади. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимидаги даволаш-профилактика муассасалари ўзларига ажратилган жойларда тиббий кўриклар ташкил этдилар. Ҳамшира ва шифокорлар ўзлари тайёрлаган парҳез таомлар, шифобахш дамламалар билан келувчиларни меҳмон қилишди. Учрашув ва суҳбатлар чоғида саломатликни тарғиб этувчи материаллар - буклетлар, флаер, эслатмалар, шунингдек, “Бутунжаҳон саломатлик куни” рамзи туширилган эмблемалар тарқатилди.

Майдон ўртасидаги каттакон фаввора атрофида эса ёш спортчилар ўз маҳоратларини намойиш этишди. Андижон ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернати талабаларининг қиличбозлик, оғир атлетика, бокс, қўл тўпи, волейбол, белбоғли кураш бўйича чиқишлари спорт соғлиқ гарови эканлигини намоён қилди.

Андижон давлат тиббиёт институти профессор-ўқитувчилари ҳамда талабаларининг инновацион ишланмалар ярмаркаси, ахборот-ресурс марказининг тиббий ўқув қўлланмалри, олимларнинг китоблари ва адабиётлар кўргазмаси ҳам иштирокчиларда катта таассурот уйғотди. Шунингдек, институт профессор-ўқитувчилари кўрикларда аҳолига ўз маслаҳат ва тавсияларини беришди.

Андижон санъат коллежининг духовой оркестрининг чорлов мусиқалари, талаба хонандаларнинг дилтортар куй-қўшиқлари тадбир иштирокчиларига кўтаринкилик бағишлади.

Вилоятдаги 14 та йирик дори воситалари ва тиббий буюмлар ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг кўргазма ва тарғибот рекламалари намойишида маҳаллий гиёҳлардан тайёрланадиган дориларга эътибор қаратилди.

* * * *

Тадбир доирасидаэндокринология маркази ходимлари “Диабетнинг олдини олиш миллат саломатлигининг асоси” шиорини илгари сурдилар. Кўрикда қатнашган Абдинаби Жалолов шифокор маслаҳати ва зарур таббий муолажа олиш учун тавсиялар олди. РШТЁИМ Андижон филиали невропотологи Насибахон Каримохунова кўригида бўлган Андижон шаҳрида истиқомат қилувчи 80 ёшли Маҳаммаджон ота Узоқов биз билан суҳбатда шундай деди:

-Анчадан бери бош оғриғи ва айланиши мени қийнайди. Қон босимим ҳам ортиб туради. Насибахон қизим менга яхши маслаҳатлар беришдан ташқари, даволаниш учун йўлланма билан ҳам таъминланишимни айтди. Тадбир ташкилотчиларига раҳмат!

-Ёшим 19 да, - дейди ўзини Асқар дея таништирган йигит. - Кам ҳаракатлилик туфайли семизликдан қийналаётганимни биламан. Энди шифокорларнинг маслаҳатлари билан энди, албатта, спорт билан шуғулланаман. Бугунги пиёда юриш гимнастрадаси ҳам менга сабоқ бўлди.

Тадбир доирасида вилоятдаги тиббиёт муассасаларнинг ҳар бирида ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган фуқароларда юқори технологияли операцияларни бепул ўтказиш, якка, ёлғизлар, ногиронлар, уй шароитида даволанаётган беморлар ва 80-100 ёшга етган кексалар рўйхатлари тузилиб, патронаж тиббий ёрдам кўрсатиш ташкил этилди. Бунда оилавий поликлиникалар тиббий ходимлари фаоллиги кузатилди.

Вилоятдаги “Саховат”, “Мурувват уйлари” ҳамда махсус мактаб-интернатларда яшаётган ногиронлар ҳам соҳа мутахассислари томонидан тиббий кўриклардан ўтказилди.

«аuz.uz» онлайн гуруҳи.