Андижон 24

ОСОЙИШТАЛИК ПОСБОНЛАРИ КУН-У ТУН ХИЗМАТДА


11.12.2018   1451

Ҳадемай, Янги йил ҳам эшик қоқади. Байрамни тинч-осойишта ва кўтаринки руҳда ўтказиш ҳар биримизнинг вазифамиз. Бироқ шундай бўлсада, энг асосий, масъулиятли вазифа ички ишлар идоралари ходимларининг зиммасига юкланади.

Меҳнат фаолияти самарадорлигини янада оширишга алоҳида эътибор қаратаётган юрт ўғлонлари жойларда ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича бир қатор профилактик тадбирларни амалга оширмоқда.

Шундай тадбирлардан бири куни кеча Хўжаобод шаҳрида ўтказилди. Туман ички ишлар бўлими, давлат солиқ инспекцияси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, “Маҳалла” жамоат фонди ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда спиртли ичимликлар савдоси билан шуғулланувчи, шунингдек озиқ-овқат дўконлари, кафе, бар ва ўйинхоналар кўздан кечирилди.

Соат миллари кечки 22-00дан ошган бўлсада фаолият олиб бораётган тадбиркорлар билан тушунтириш ишлари олиб борилди. Бу нафақат фуқароларнинг, балки, ўз ҳаёти хавфсизлигини сақлашда муҳим аҳамият касб этиши билдирилди.

- Бўлим бошлиғининг буйруғига асосан ҳар куни тунги хизмат мобайнида бемақсад юрган фуқароларнинг шахси аниқланиб, улар томонидан жиноят ёки ҳуқуқбузарликнинг содир этилиши ёки жиноят қурбонига айланиб қолишини олдини олиш мақсадида йўриқномалар ўтказилмоқда,- дейди туман ички ишлар бўлими профилактика инспектори, катта лейтенант Пахлавон Қодиров. - Бундан ташқари таълим муассасаларда, маҳаллаларда жойлашган жамоатчилик назорати масканларида хизмат қилаётган посбонлар ва жамоатчилик вакилларининг хизматлари текширилиб, йўриқномалар берилмоқда ва хушёрликка чақирилмоқда.

Туман ички ишлар бўлими бошлиғи ўринбосари, капитан Фарҳодбек Эргашевнинг маълум қилишича,бўлим йўл ҳаракати хавфсизлиги гуруҳи ходимлари томонидан фуқароларнинг соғлиғига амалда зарар етказиши мумкин бўлган ўткир кесувчи буюмларни аниқлаш ва уларни зарарсизлантириш борасидаги “ТИҒ” тадбирлари ҳам фаол равишда олиб борилмоқда.

Тадбирлар давомида тунги вақтларда бемақсад юрган шахслар билан профилактик суҳбатлар ўтказиш мақсадида ИИБ биносига олиб келинмоқда ва уларда аниқланган фуқароларнинг соғлиғига амалда зарар етказиши мумкин бўлган ўткир кесувчи буюмларни зарарсизлантириш чоралари кўрилмоқда.

- Юртимиз тинчлиги ва юртдошларимизнинг осойишталигини, мулк дахлсизлигини, ижтимоий ва иқтисодий объектларда хавфсизликни таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш бизнинг асосий вазифамиз ҳисобланади, - дейди туман ички ишлар бўлими туманлараро қўриқлаш бўлими техник кўриклаш пункти бошлиғи, лейтенант Улуғбек Асқаров. - 148 нафарлик шахсий таркиб томонидан халқ хўжалиги объектлари ва фуқаролар хонадони ишончли қўриқланиши, ҳудуддаги ижтимоий вазият барқарорлиги ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, содир этилган жиноятларни фош этишда намунали иш олиб борилмоқда. Бугунги кунда тизим саф бўлинмалари томонидан 200 га яқин халқ хўжалиги объекти ва аҳоли хонадони ишончли қўриқлаб келинмоқда. Ушбу объектларнинг барчаси қўриқлаш ва ёнғин хавфсизлиги сигнализациялари билан таъминланган.

Маълумотларга кўра, жорий йилнинг шу кунига қадар туманда қўриқланаётган объект ва хонадонларда ўғирлик, босқинчилик, ёнғин ва бошқа турдаги жиноятлар содир этилмаган.

«аuz.uz» онлайн гуруҳи.