ЖАМИЯТ

«ОҒЗИ МОЙ» СИЗ ҚОЛГАН ҲАМКАСБИМГА


24.07.2020   22187

Брифингми ё «оғиз мойлаш»? — Андижон ҳокими тадбир ўтказди... мақоласини ўқиб

Аслида муносабат билдириш истагим йўқ эди юқоридаги мақолага.Ҳурматли интернет нашрлардан бирида чоп этилган “Брифингми ё «оғиз мойлаш»? “иншо”си залворли мақолалар, чуқур таҳлиллар, аёвсиз танқидларга дадил қўл урадиган эътиборли сайт учун ярашмабди.

Хўп, вилоят ҳокими журналистларни тақдирлабди. Жуда ўринли ва керакли рағбат. Зеро бугун бошимиздан ўтказаётган мураккаб даврда жамият барқарорлиги учун бирдамлик ҳар қачонгидан зарур. Шуни тарғиб қилувчи, ижтимоий фикрни шакллантирувчи, офатни енгишимизга умид учқунларини алангалатувчи журналистлар ҳаётнинг қайноқ нуқталарида меҳнат қилмоқдалар. Кондиционерли кабинетида, юмшоқ креслода ўтирган ижодкорлар эмас улар.

“Иншо”нинг муаллифи эътибордан четда қолган бўлса шу баҳона вилоят раҳбарига яна бир бор тош отиш шартми?

Яна бир гап. Вилоят ҳокими нафақат журналистлар, балки шифокорлар, ҳамширалар, волонтерлар, қўйингки шу касалликка қарши курашаётган инсонларга қўшимча рағбатлар ажратмоқда. Аммо “оғзи мойланмаган” бирорта шифокор, “Тез ёрдам” ҳайдовчиси ёки фаррош интернетда “бонг” урмаяптику.

Биз “иншо” муаллифини хизмат мавқеидан фойдаланишда айблашдан йироқмиз, аммо...

“Иншо” муаллифи имзо қўймаган бўлсада, у “эҳтиёжманд ва фаол журналист бўлиб, имтиёзли ипотека кредитлари асосида уй-жой ёки ер участкалари билан таъминланишга лойиқ инсон”лиги кўриниб турибди. Шу мақсадига етиша олмаган йигит (балки қиздир) муаммосини очиқ айтса бўлмайдими вилоят ҳокимига?

Журналист бироз бўлсада психолог ҳамдир. Ўша брифингда Андижон вилояти ҳокимининг очиқ-ошкора, куюниб айтган гапларида қуйидаги фикр бор эди. “Инсон руҳ билан, кайфият билан тирик. Бу синовдан ҳамжихатликда албатта, мувваффақиятли ўтамиз. Ноўрин, чалғитувчи маълумотлар билан аҳолининг кайфиятини туширманг. Ҳар қандай мулоқотга, саволга жавоб беришга тайёрман”.

Дилдан айтилган гаплар худдики зангламас олтиндек, лой чаплансада ярақлаб тураверади. Ва аксинча, улкан муаммони кўтараётгандек қилиб “бонг” урилаётган “иншо”дан шахсий манфаат хиди анқиб тураверади.

Ҳамжиҳат бўлайлик, ҳамкасблар. Яхши ният билан меҳнат қилсак, самараси, албатта, сезилади.

Саидаҳмад Шукуров,

журналист.