Андижон 24

ОГОҲ БЎЛИНГ: РЕЙДЛАР 24 СОАТ ДАВОМ ЭТАДИ


13.04.2020   3351

Андижон вилояти йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари томонидан карантин муносабати билан жорий этилган чекловлар ҳақида маҳаллалар ва кўп қаватли уйлар жойлашган даҳаларда овоз кучайтиргичлар ёрдамида тарғибот ишларини олиб бормоқдалар. Лекин шунга қарамасдан вазиятга тўғри баҳо бермаётган айрим фуқаролар томонидан ўрнатилган карантин чоралари бузилмоқда. Андижон шаҳридаги жарима майдони автотранспорт воситалари билан тўлиб бормоқда. Ўтказилган рейдларда карантин қоидаларини бузганлиги учун ҳайдовчиларга баённома расмийлаштирилиб, автомашиналар жарима майдонига келтирилмоқда. Ўтган ҳафтада 160 та ҳуқуқбузарлик аниқланган бўлса, тадбир бошидан буён 2 357 нафар ҳайдовчига чора кўрилди. Скутер ва велосепедга тақиқ қўйилганидан сўнг мингга яқин қоидабузарлик қайд этилди.

Йўл патруль хизмати ходимлари зарурат бўлмаса уйдан чиқмасликни ҳайдовчиларга тушунтиришларига қарамай ўзи, яқинлари ва атрофдагиларни соғлигини хавфга қўйиб, қоидаларни бузаётганлар талайгина. Улар, асосан, махсус руҳсатномаси ёки тегишли ваколатга эга бўлмай автомобил бошқарган, ноқонуний йўловчи ташиётган, бемақсад кўчада юрган ҳайдовчилардир.

Вирус юқтириб олиш ва тарқалиш хавфини камайтириш мақсадида кўрилаётган чора-тадбирлар айрим фуқароларнинг парвойига ҳам келмаётгани ажабланарли.

Зарурат юзасидан ёки тегишли рухсатнома билан автоуловни бошқараётганлар текширилиб, асосли бўлса, ҳаракатланиш учун рухсат берилмоқда. Акс ҳолда шу ернинг ўзидаёқ баённома расмийлаштирилиб, автотранспорт воситаси жарима майдонига йўл олмоқда. Катта юрак билан автомашинасини бошқариб келаётган ҳайдовчи йўл ҳаракати хавфсизлиги ходими тўхтатганидан сўнг тўланадиган жарима кўзига кўриниб, минг хил баҳоналарни рўкач қилади. Ундан кўра, рулга ўтиришдан олдин шуни ўйлаганида бу каби ғалваларга рўпара келмаган бўларди.

Чекловларни кўриб, эшитиб ўзини билганидан қолмайдиганлар ҳам учраб туради жамиятимизда. Қурилиш ашёси олиш учун шахсий автомашинасида йўлга чиққанларни тушуниш қийин. Давлатимиз инсонлар саломатлигини кўзлаб кўраётган чоралардан тўғри хулоса чиқармасдан уйидаги қурилиш кўнглига сиғаётган оила бошлиғи нега фарзандлари, яқинлари соғлигини ўйламайди? Соғлик, тинчлик бўлсагина қолган ишларни давом эттириш имкониятига эга бўламиз. Бўлмаса ҳеч нарса таътимайди.

Коронавирус дегани катталар тугул ёшларнинг ҳам эсини кирди-чиқди қилиб қўйяпти чоғи. Рейд тадбирида бир ҳайдовчийигит ҳали тоғдан, ҳали боғдан келиб, ҳаммани бошини қотирди. Бозорга озиқ-овқат учунми ёки дори-дармонгами борган (ҳар хил гапиргани учун шундай деяпмиз) ҳайдовчи тўрвахалтасини кўтариб юрган йўловчини машинасига солиб, яна уйи томонга қайтворган эмиш. Ёлғон ҳам ҳақиқатга яқин бўлса ишончли чиқадида!

Яна бир ҳайдовчининг эътирози қизиқ бўлди. Агар автомашинасида бир-иккита қиз, ошнаси билан ушлаб олиб, жарима ёзилса, қаршилиги йўқ эмиш. Ҳозирги ҳолатда айбдор эмас экан. Ҳолбуки, автомашина тўхтатилганида ундан тўртта йўловчи тушиб келди. Кира қилиб юргани аниқ. Карантин талабини бузгани, йўловчи ташигани учун жазо ҳам муқаррар.

Машинани дадилини миниб, ҳақини танийдиган баъзи бир ҳайдовчилар қонун, қоидани газета, интернетдан ўқиб, телевидение, радиодан эшитишармикан ўзи, деворасан баъзида. Ҳайдовчиликка алоқаси йўқ одамдан автотранспорт бошқариш билан боғлиқ тартиб ҳақида ухлаб ётганида уйғотиб сўрасангиз ҳам стикер кераклиги ҳақида айтиб юборадиган даражага келдию, баъзи бирларининг баҳоналари одамга эриш туюлади.

Карантин даврида Республика махсус комиссиясининг баёнига кўра, тадбиркорлар, озиқ-овқат маҳсулотлари сотувчилари учун транспортдан фойдаланишда истиснолар мавжуд. Лекин шахсий енгил автомашинасида юк, йўловчи ташиётган ҳайдовчи гарчи тадбиркор бўлса ҳам ўзи жаримага, транспорт воситаси жарима майдонига тортилади.

Ҳаётда таваккал қилишга арзимайдиган ишлар ҳам бор. Айниқса, шу кунларда кўзни юмиб, стикер, рухсатнома ва заруратсиз автомашина бошқариш энг аввало вирус юқтириб олиш хавфини оширади, қолаверса, жарима оз эмас. Лекин таваккал қилгандан кейин тан ҳам олиш керак-да. “Дамас” автомашинаси ҳайдовчиси йўловчиларини гувоҳлар одида тушириб, яна кира қилмаяпман, деб енгмоқчи бўлди. Бунинг устига ҳужжатларини ҳам атайлаб уйда қолдириб келган. Йўловчилардан бири ички ишлар тизимида ишлашини айтиб, уни ҳимоя қилмоқчи ҳам бўлди.

Турли хил баҳоналар, айтилмаган сўзлар қолмади ҳисоб. Пиёда юргандан кўра машинасини ёқиб юбормоқчи ҳам бўлди. Яхши ҳамки гугурт ҳам уйда қолган экан.

Ва ниҳоят патруль-пост хизмати ходимлари етиб келди. Уларнинг қистови билан ҳайдовчи ўриндиққа ўтиришга мажбур бўлди.

Транспорт воситаси жарима майдонига келтирилгач, ҳайдовчининг шахси аниқланди ва ҳужжатлари йўқлиги, йўловчи ташигани, карантин қоидаларини бузгани учун жаримага тортиладиган бўлди.

Мана шунинг учун ҳам бугунги кунда таваккалчилик яхши оқибатга олиб келмаслиги ҳақида сизларни яна бир бор огоҳлантиряпмиз. Қонун барчага баробар. Уни четлаб ўтишнинг имконияти йўқ. Айниқса, кўплаб инсонларнинг соғлиги, ҳаётига коронавирус хавф солиб турган шу кунларда.

Муроджон ТЎХТАНАЗАРОВ.

PS: Юқоридаги ҳолатлар бўйича 13 апрель соат 23.15 да «ZO`R»TV телеканалининг 25 соат кўрсатувида батафсил кўринг!