Андижон 24

ОДАМ САВДОСИНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШДА ЭНГ МУҲИМ БЕШ ҚОИДАНИ БИЛАСИЗМИ?


29.07.2022   2706

Одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар қурбонига айланиб қолмаслик учун ҳар бир шахс беш муҳим қоидага қатъий амал қилиши зарур. Республика "Истиқболли авлод" ижтимоий-ахборот маркази вилоят бўлими ҳамкорлигида шу мавзуда ўтказилган семинар-тренингда жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар суди судьяси Камолиддин Шаҳобутдинов айни масалага алоҳида урғу берди.

Қайд этилганидек, одам савдосига қарши курашда тегишли комиссия аъзолари бўлган идоралар вакилларининг ўзаро ҳамкорлиги муҳим. Зеро, жиноятнинг олдини олишда унга мойиллик, белгилар ва аломатларни илғаш учун наинки масъуллар, балки кенг жамоатчилик ҳам бу ҳақдаги қонунчилик ва амалиётни яхши билишлари даркор.

Сир эмас, одам савдоси қурбонига айланиб қолишдаги жиҳатлардан бири хорижга иш излаб кетиш билан боғлиқ. Чет мамлакатда ишлаш учун кетаётган фуқаро эса юқорида қайд этилган беш муҳим қоида - иш таклиф қилувчи ва иш берувчи тўғрисида тўлиқ маълумотга эга бўлиши, давлат чегараларини қонуний кесиб ўтиши, иш берувчи билан албатта меҳнат шартномаси тузиши, паспорт, миграция картаси ва йўл ҳужжатларини ҳеч кимга бермаслиги ва ниҳоят, одам савдоси билан боғлиқ вазиятга тушганларга кўмаклашувчи давлат ва жамоат ташкилотлари телефон рақамларини олишни унутмасликлари зарур.

Бундан ташқари, ҳар бир мигрант чет давлатда бўлиш қоидаларига риоя қилишлри ҳам муҳимдир.

Семинарда соҳага дахлдор комиссия аъзоларининг одам савдосига қарши курашиш бўйича фаолияти юзасидан маълумотлар берилди.

Шунингдек, иштирокчиларга мазкур турдаги жиноятлар юзасидан олиб борилаётган судлов амалиёти хусусида ҳам маълумотлар тақдим этилди.