ЖАМИЯТ

ОЧИҚ МУЛОҚОТДАН АҲОЛИ МАМНУН БЎЛДИ


25.10.2019   1047

“Ҳудудгаз Андижон” МЧЖ бош директори Давронбек Салоҳитдинов Андижон тумани фуқаролари билан учрашди. Очиқ мулоқотларда аҳоли мурожаатлари тингланиб, муаммоларга ечим изланди.

Дастлаб туманнинг “Миробод”, “Айрончи”, “Толмозор” ҳамда “Сувюлдуз” маҳалла фуқаролари йиғинларининг вакиллари билан бўлиб ўтган мулоқотда 2019-2020 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш, мавсумни беталофат ўтказиш, табиий газдан оқилона фойдаланиш ҳамда техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиш масалаларида сўз борди. Хусусан, аҳоли хонадонларига стандарт ёндиргичларни ўрнатиш орқали табиий газдан оқилона ҳамда тежамкорлик билан фойдаланиш, дудбўрон, ҳаво алмашиш(вентиляция) каналлари, иситиш жиҳозлари ва ускуналар солигини текширувдан ўтказиш, иситиш печларидан сизиб чиқувчи ис газидан эҳтиёт бўлиш ва бошқа масалалар бўйича маҳалла аҳли билан суҳбатлашилди.

Шунингдек, “Толмозор”, “Айрончи”, “Қашқар” ва “Миробод” маҳаллаларида яшовчи фукароларнинг мурожаатлари тингланди. Унга кўра, Куйганёр АГТШ 2-тармоқ орқали табиий газ етказиб берилаётган аҳоли хонадонлари ва маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари иштирокида мазкур табиий газ тармоғи фақатгина аҳолига табиий газ етказиб бериш мақсадида ташкил этилганлиги ҳамда ҳозирги кунга қадар табиий газ таъминоти бир маромда эканлиги, тармоқда ҳеч қандай узилишлар юзага келмаётганлиги ва келгусида ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш корхоналари мазкур тармоққа уланмасликлари тўғрисида тушунчалар берилди.

Туманнинг “Саноат” МФЙ ўрамидаги кўп қаватли уйларда яшовчи истеъмолчилар билан бўлиб ўтган суҳбатда ҳам мавсумга тайёргарлик кўриш орқалимавсумни беталофат ўтказиш ва бошқа тегишли мавзуларда сўз юритилди. Суҳбат давомида аҳолига кўп қаватли уйларни мавсумда табиий газ билан таъминлашда узилишлар бўлмаслиги, кўп қаватли уйларни кафолатли иссиқлик билан таъминлашда бошқа турдаги ёқилғидан (маиший газ баллони, кўмир ва ҳоказолар) фойдаланишнинг имконияти бўлмагани сабабли ушбу хонадонларни куз-қиш мавсумида иссиқлик билан таъминлашда табиий газ ягона манба эканини ҳисобга олган ҳолда аҳоли ҳам газдан тежамкорлик билан фойдаланиши кераклиги тушунтирилди. Шунингдек, газсўрғичлардан фойдаланмаслик, техника хавфсизлиги қоидаларига риоя этиш биринчи галдаги вазифа эканлиги ҳақида фикрлар билдирилди.

Ўтган мавсумда ҳам хонадонларимиздан табиий газ ёнганди,-дейди кўп қаватли уйлардан бирида яшовчи Камолова Минаввархон ая. – Мана бу йил ҳам мавсумдан олдин газ таъминоти бўйича вилоят раҳбарининг шахсан ўзи ташриф буюриб, биз билан суҳбатлашди, тушунчалар берди. Юртбошимизга раҳмат ана шундай кадрларни ишлатаётгани учун, халқ билан кўришиб, уларни фикларини тинглаб, халқни рози қилиш учун ишлашга ҳаракат қилаётганлари бизни қувонтиряпти. Бу йил ҳам, Худо хохласа табиий газ таъминотидан узилиш бўлмайди дейишди. Биз ҳам хонадонларда газсўрғичлардан фойдаланмаслик, техника қоидаларига риоя қилиш ҳамқида келишиб олдик.

“Ҳудудгаз Андижон” МЧЖ Матбуот хизмати