ЖАМИЯТ

НОҚОНУНИЙ, АЛДОВ ЙЎЛИ БИЛАН ПУЛ ЙИҒИШЛАРДАН ОГОХ БЎЛИНГ !


25.12.2020   1530

«Ойлик ва йиллик тўлов» сўраб келган «пожарний»ларга ишонманг.

Сўнгги йилларда, асосан куз-қиш мавсуми бошланиши билан мамлакатимиз бўйлаб, махсус кийим-бошдаги шахслар ўзларини «давлат ёнғин назорати органи («пожарний») ходими» сифатида таништириб, фуқаролардан «йиллик тўлов» қабилида турли миқдордаги пул маблағларини мажбурий тарзда ноқонуний йиғиш ҳолатлари кузатилмоқда.

Мазкур ҳолат юзасидан Фавқулодда вазиятлар бўлими юқорида айтиб ўтилган шахсларнинг ФВВ фаолиятига ҳеч қандай алоқаси йўқлигини, шу билан бирга, ёнғин ва унинг олдини олиш билан боғлиқ тадбирлар учун вазирлик тизими ходимлари томонидан ҳеч қандай пул йиғимлари, бошқа турдаги тўловлар ундирилмаслигини маълум қилади.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Марҳамат тумани бўлими фуқаролардан қуйидагиларга эътибор қаратишини сўрайди:

- хонадонингизга келиб, ўзини ФВВнинг қуйи тизимларига ўхшаш ташкилотлар номлари билан таништирган шахслардан, биринчи навбатда, ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатини тақдим этишини сўранг;

- уларнинг фаолият тури ҳамда қандай хизматлар кўрсатиши ва ишларни бажаришларига аниқлик киритинг;

- шунингдек, улар томонидан таклиф қилинадиган хизматларни бажариш фақат Сизнинг розилигингиз асосида амалга оширилиши мумкинлигини унутманг!

Агар, хизмат кўрсатмасдан ва сиз ёки оила аъзоларингизни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш юзасидан бирор ишларни бажармасдан, Сиздан мажбурий тартибда тўлов талаб қилинса, ўз ҳуқуқларингизни ҳимоя қилиш мақсадида, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат этишингиз мумкин.

Б. АБДУҲАМИДОВ,

Мархамат тумани

ФВБ инспектори

лейтенант.