Андижон 24

Мўъжизалар мўъжизаси


11.04.2018   1448

Оламда бир мўъжиза борки, унинг буюклиги, муқаддаслиги етти мўъжизанинг жамики улуғворлиги, гўзаллигидан камлик қилмайди.Бу мўъжиза китоб!«Китобнинг мўъжиза, мўъжиза бўлганда ҳам биринчи мўъжиза эканини кўпгина буюк одамлар қайд қилган», деб ёзган эдиЎзбекистон Қаҳрамони Озод Шарафиддинов.

Хўш, нега китоб ўқиймиз?Дунёнинг камалакдай товланган рангларини ажрата билиш, ҳаёт мағзини чақиш учун ўқиймиз ва шу аснода яшаш тарзимизни, умр йўлимизни аниқлаб олиш учун китоб ўқиймиз.

Нега китоб ўқиймиз? Ўтмиш тарихимизни билиш, улуғ аждодларимиз ақл-заковатидан қувват олиш учун ўқиймиз.

Китоб инсонни жаҳолатдан қутқаради, жоҳилликдан қайтаради. Китобхон одам сўзлари маъноли, майин, мароқли ва ёқимли бўлади. Бундай одамлар суҳбатидан завқу шавқ оласиз. ЛевТолстой «Яхши одамлар луғатида ёмон сўз бўлмайди», деганида ана шунақаодамларни назарда тутган бўлса керак.

Нега китоб ўқиймиз?Китобни дўст билган одам бутун фаолиятини, юриш-туришини, феъл-атворини, муомаласини,назорат қилишга интилади. Ўз хонадонини (гарчи данғиллама бўлмаса ҳам) саранжом-саришта, покиза, биров кирса баҳри дили очиладиган масканга айлантиради. Анвойи гуллар экади, ниҳоллар ўтқазади, уларга қараб олам-олам завқ олади. Китоб бизни гўзалликни севишга, теран фикрлашга ўргатади. Китоб бор уй фариштали бўлади.

Келинглар, азизлар! Китобни танийлик.Қалбимизда бир олам маънавий бойлик, соф ҳаво тўлиб-тошсин.

Абдухалил Қорабоев.

журналист,

Булоқбоши тумани.