Андижон 24

Мутахассис ойдинлик киритади: ЧЕТ ЭЛДА ИШЛАЙМАН, ИШ СТАЖИМ ЙЎҚ ЁШГА ДОИР ПЕНСИЯ ОЛАМАНМИ?


20.06.2019   1834

Бугунги кунда шундай савол билан мурожаат қилаётган фуқароларга рўбарў келяпмиз. Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлашмасалалари янада такомиллашиб бораяпти. Соҳага оид янги тартиб-тамойиллар, турли имтиёз ҳамда афзалликлар хусусида саволлар туғилиши табиий. Уларга Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Андижон шаҳри бўлимибошлиғи Жўрабек ҚУРБОНОВ жавоб беради:

- Болаликдан ногиронлиги бўлган фарзанди бор оналарга нафақа қай тартибда тайинланади?

- Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 18 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг айрим қарорларига ногиронлиги бўлган фарзандларнинг оналарини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда ижтимоий аҳамиятли товарларни (хизматларни) эркин нархларда сотилишини таъминлашга йўналтирилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” ги қарорига биноан болаликдан ногиронлиги бўлган фарзанди бор оналарга нафақа тайинлаш тўғрисида тартиб амалга киритилди.

Шунингдек, “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, давлат пенсиясини тайинлаш учун зарур бўлган иш стажига эга бўлмаган қарияларга, меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга ва болаликдан ногиронлиги бўлган фарзанди бор оналарга ҳар ойлик нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби белгиланган. Унга кўра, ёшга доир нафақа эркакларга – 65, аёлларга – 60, болаликдан ногиронлиги бўлган фарзанди бор оналарга – 55 ёшга етганларида тайинланади.

- Иш вақтини ҳисобга олиб бўлмайдиган шахсларга пенсия тайинлашда иш стажи қандайҳисобга олинади?

- Бу тоифа шахсларнинг иш стажи Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 22 февралдаги “Чет элда ишлаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳамда иш вақтини ҳисобга олиб бўлмайдиган шахсларнинг айрим тоифалари томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўлаш тартибини, шунингдек, уларнинг пенсияни ҳисоблаш учун олинадиган иш стажини ва иш ҳақи миқдорини ҳисобга олиш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида” ги қарорига ҳамда Президентимизнинг 2018 йил 26 апрелдаги “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ҳисобга олинади.

Ўзини-ўзи банд қилган қуйидаги шахслар якка тартибдаги тўловчилар ҳисобланадилар:

- чет элда ёлланган ҳолда ишловчи шахс; якка тартибдаги тадбиркор; тадбиркор томонидан ёлланган ходим; оилавий тадбиркорлик субъекти ва унинг оила аъзоси; деҳқон хўжалиги бошлиғи ва аъзоси; қорамол етиштирувчилар; солиқ агенти ҳисобланмаган иш берувчидан даромад олувчи ходим.

- Улар томонидан тўланадиган ягона ижтимоий тўлов миқдори ва муддатлари ҳақида тушунча берсангиз.

- чет элда ёлланган ҳолда ишловчи шахс – йилига энг кам иш ҳақининг камида 4,5баробари миқдорида ҳар ойда, чоракда ёки келганидан сўнг 3 ой ичида; якка тартибдаги тадбиркор, оилавий тадбиркорлик субъекти ойига энг кам иш ҳақининг 1 баробари миқдорида, якка тартибдаги тадбиркор ёлланган ходим ҳамда оилавий тадбиркорлик субъекти оиласи аъзосига ойига энг кам иш ҳақининг камида 0,5 баробари миқдорида ҳар ойнинг 25 санасига қадар; юридик шахс ташкил этган ва ташкил этмаган ҳолда тузилган деҳқон хўжаликларининг аъзолари ҳар йил 1 октябрь санасигақадар; 4 сотихдан кам бўлмаган деҳқон хўжалигида қорамол ёхуд 50 бошдан кам бўлмаган парранда парваришлаётган шахслар – ҳисоб йилида йилига энг кам иш ҳақининг камида бирбаробари миқдорида тўлаб боришлари керак.

Сизни пенсия ва нафақалар тайинлаш ва тўлаш масаласида қандай саволлар, муаммолар қийнаётган бўлса, қуйидаги рақамларга мурожаат этиб, мутахассислардан асосли жавоблар, маслаҳатлар олишингиз мумкин: 228-20-78, 228-19-45, 228-21-29.