Жамият

Мутахассис маслаҳати: ПОКИЗА ЖОЙДАН БЕЗГАК ҲАМ ҚОЧАДИ


28.03.2019   118

Ҳар йили Ер юзининг юздан ортиқ мамлакатида 300 миллиондан ортиқ аҳоли безгак билан хасталанади ёки ҳар йили 2,7 миллионгача одам нобуд бўлади. Ундан Африка давлати фуқаролари кўпроқ азият чекадилар. Дунёнинг 42 мамлакатида унинг тропик тури мавжуд бўлиб, тарқалиш даражаси ҳам юқорилиги кузатилган. Шу боис, у энг кенг тарқалган касалликлардан бири ҳисобланади.

Хўш, безгак қандай касаллик? Унинг белги ва аломатлари ҳақида тушунчага эгамизми?

У юқумли хасталик бўлиб, иситма хуружлари, талоқ ва жигарнинг катталашуви билан кечади. Бемордан соғлом одамга уч хил йўл билан - чивинлар орқали, инъекция ва ҳомиладор онадан болага ўтади.

Касалликнинг энг оғир тури тропик безгак бўлиб, унинг яширин даври 7-14 кун. Белгилари – нохушлик, чарчаш, бош оғриғи, енгил бош айланиши, кўкракда, белда, суяк ва бўғимларда оғриқ, иштаҳа йўқолади. Уч даврдан иборат бўлган безгак хуружи кузатилади. қаттиқ совқотишдан сўнг тана бирдан қизиб кетиб,ҳарорати 39-41 даражагача кўтарилади. Нафас олиш тезлашади, қайт қилиш, бош оғриғи кучаяди. Уйқуда алаҳсираш, қалтираш кузатилади. Бир неча соатдан кейин ҳарорат тезда пасайиб, кўп терлаш билан алмашинади. Бемор ухлаб қолади ва ўзини соғлом одамдекҳис қилади. Бундай хуружлар безгакнинг турига қараб, кун ора ёки икки кунда такрорланиб туради.

Касалликнинг олдини олиш учун четга чиқиб келган фуқаролар диспансер назоратига олиниши ва профилактика мақсадида шифокор тавсиясига биноан безгакка қарши дори воситаларини қабул қилиши, касаллик тарқатувчичивинлар кўпайишига йўл қўймаслик зарур. Сув ҳавзаларини сувўтларидан тез-тез тозалаб туриш, ботқоқлик, ташландиқ, кўлмак сувлардан фойдаланмаслик лозим. Вилоятимизнинг баъзи туманларида шоли экилиши ва очиқ сув ҳавзаларининг кўплиги туфайли касалликнинг ташувчиси бўлган чивинлар кўпайиши учун қулай шароит мавжуд.

Хасталикни даволашдан кўра, олдини олиш осонроқ, албатта. Шунинг учун, энг аввало, хонадонларда, ишлаб чиқариш корхоналари ва умумий овқатланиш шохобчаларида санитария-гигиена талабларига риоя этиш мақсадга мувофиқ. Покиза ва саришта жойдан ҳар қандай касаллик қочади.

А. МАМАЖОНОВ,

Андижон шаҳри ДСЭНМ мутахассиси.