ЖАМИЯТ

МУШТЛАШУВ МАКТАБДА РЎЙ БЕРЯПТИ. КИМ АЙБДОР? ОТА-ОНАЛАРМИ, ЎҚИТУВЧИЛАРМИ?


25.07.2019   1698

Спорт зали эшиги олдида бир зумда шовқин-сурон бўлиб кетди. 9-синф ўқувчилари Абдурасул Оллоёров, Ғуломқодир Абдувоҳобов бир бўлиб, тенгқурлари Ж. Муҳаммаджоновнинг юзига, кўзига ура кетишди. Мактаб директорининг ўринбосари ўртага тушди. Уларни ажратди. Жанжалга яна бир синфдош – Салоҳиддин Акромжонов қўшилди. Хуллас, Ж. Муҳаммаджонов ҳушидан кетиб қолди.

Муштлашувнинг сабаби оддий. Мактабга кираверишда бир-бирига туртиниб кетган болалар алам аччиғида “кейинроқ гаплашиб олишга” қарор қилган эдилар. Жаҳли чиққан, жабрдийда Ж. Муҳаммаджоновнинг зўравон тенгқурларига қовоғини солиб, ҳўмрайиб қараб қўйганлиги кифоя қилди. Учинчи соатдан кейин Ғуломқодир “алоҳида гаплашиб олайлик, чақир” деб Абдурасулни гиж-гижлайди. Кейин ўша спорт зали эшиги ёнидаги ур-йиқит.

Булоқбоши туманидаги 16-умумтаълим мактаби биносида бўлиб ўтган очиқ сайёр суд мажлисида шу билим даргоҳининг 9-синф ўқувчилари А. Оллоёров, Ғ. Абдувоҳобов ва С. Акрамжоновларнинг бир гуруҳ бўлиб, олдиндан тил бириктириб, қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш жиноятини содир этганликлари тўғрисидаги иш кўриб чиқилди. Жиддий ўйлашга, мулоҳаза юритишга асослар бор. Муштлашув мактабда рўй беряпти. Ким айбдор? Ота-оналарми, ўқитувчиларми? Суд жараёнида бу саволларга жавоб топилди, дейиш мумкин. Аввало, бола тарбиясида оилавий муҳит катта роль ўйнайди. Демак, биринчи навбатда, ота-она зиммасига юк тушяпти. Зўравонликка рағбат хонадонда пайдо бўлади. Охир-оқибат турли дийдиёлар, кечирим сўрашлар, етказилган маънавий зарарни қоплаш масалалари юзага чиқди.

Вояга етмаган Абдурасул Оллоёров, Ғуломқодир Абдувоҳобов, Салоҳиддин Акрамжонов Жиноят Кодексининг 105-моддаси, 2-қисмининг “и” банди билан айбдор деб топилдилар. Адолат тошу тарозиси, судланувчиларнинг айбига тўлиқ иқрорлиги, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, унча оғир бўлмаган жиноятни биринчи марта содир этаётганликларини инобатга олиб, уларга мактаб ўқитувчи ҳамда ўқувчилари олдида жабрланувчидан узр сўраш мажбурияти юклатилди.

Номақбул тарбиянинг зарбаси ёмон бўлади. Ойлар ўтар, йиллар ўтар, кўнгилни хира қиладиган воқеалар ҳам эсдан чиқиб кетар, балки. Бироқ ёшликда қўйилган бирон бир ножўя қадамнинг заҳри кетмаслиги мумкин. Мана шуни унутмайлик.

Инъомжон НОРМАТОВ,

жиноят ишлари бўйича

Булоқбоши тумани суди раиси.

Муҳайё ТУРДИЕВА,

жиноят ишлари бўйича

Хўжаобод тумани суди раиси.