Андижон 24

МУКОФОТ МУБОРАК! ОҚҚАН ДАРЁ ОҚАВЕРАДИ


05.09.2019   1059

Қишлоқнинг этагидан Қорадарё баҳордатўлиб-тошиб, кузда эса сокин нафас билан оқиб ўтади. Назиржон ака тонгда, баъзан ишданэртароқ қайтганда дарё бўйига тушади. Илгари сув ўзанига сиғмас эди. Ҳозир эса...

Одамнинг умри ҳам дарёга ўхшайди. Ортига қайтмайдиган ўжар оқимга қараб ўтириб, отасини эслайди. Бир умр "болаларим" деб, сабру қаноат билан ўтган онасини ёдга олади.

Мактабда ўқувчилар етакчилигидан туман газетасига ишга чақирганларида бир умр ҳаётим матбуот, қоғоз-қалам билан боғланади, деб ўйлаганмиди? Андижон тумани газетасига муҳаррирлик қилган даври, Олтинкўл тумани ташкил топганида янги газетани шакллантириш, кейинчалик, уни энг жўшқин нашр-лардан бирига айлантириш жараёнида у ҳаётни, каттаю кичик билан муомала қилиш, кўпчиликка бош бўлиш синоатларини ўрганган, десак адашмаймиз. Туман ижроқўми раисининг ўринбосари ҳамда чекка ҳудуддаги хўжаликка раислик анчайин ўзгаришлар палласига, айтиш мумкинки, талотўп даврга тўғри келди.

Назиржон Саидовни Олтинкўл тумани ҳокимлигига сайлашганида унинг қай қобилиятию қандай иш тутумини ҳисобга олган эдилар? Бу саволга оддий одамлар соддагина қилиб "ўзимизнинг Назиржон", деб жавоб қиладилар. Ҳа, ўшанда намоён бўлган оддийлик, самимият, каттани катта, кичикни кичик, деб муомала қилиш маданияти матбуот дарғаларидан "юққан" хусусиятлар эмасмиди?

Сўнгра вилоят ҳокимининг ўринбосари – ижтимоий-маънавий,маърифий соҳаларга жавобгарлик масъулиятини елкасига олди. "Андижоннома" ва "Андижанская правда" газеталарига муҳаррирлик ана шу жараённинг бевосита давоми эди.

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, эл таниган, билган ўша "ўзимизнинг Назиржон" Саидов бугун Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Андижон вилояти бўлими раиси вазифасида хайрли ишларга бош-қош.

Умр деганлари Қорадарёнинг югурик сувларидай оқиб ўтяпти. Энг муҳими, у не-не ташна дилларга ҳаёт бағишлаяпти. Қанча-қанча ниҳоллар баҳраманд бўлиб, гулга киряпти, мева бер-япти. Мана шунинг ўзи тақдирга битилган саодат эмасми?

2019 йилнинг 29 августида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Мустақиллигимизнинг йигирма саккиз йиллиги муносабати билан давлат хизматчилари ҳамда ишлаб чиқариш ва ижтимоий-иқтисодий соҳалар ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисидаги Фармонига биноан Назиржон Саидов юртимизда барча соҳаларда эришилаётган улкан ютуқларга қўшган муносиб ҳиссаси учун "Эл-юрт ҳурмати" ордени билан тақдирланди.

Устоз журналист ҳузурида уни қутлуғ мукофот билан муборакбод этар эканмиз, унинг шукроналик билан айтган сўзларини қоғозга туширишга ҳам улгурдик:

– Мана шу табаррук заминда яшаётган ҳар бир кишининг қалбида, айниқса, кейинги уч йил ичида давлатдан рози бўлиб яшаш ҳис-туйғуси кучайганлиги яққол кўриниб турибди, – дейди у тўлқинланиб. – Муҳтарам Президентимизнинг узоқни кўра билиш салоҳияти ривожланишимизнинг янги, истиқболли йўлларга олиб чиқаётганлигини биз, ижод аҳли ҳар қадамда кўриб турибмиз. Маданият, маънавият-маърифат, адабиёт, хусусан, матбуот соҳасида фаолият кўрсатаётган ҳамкасбларимиз бугун бир ҳақиқатни тўла-тўкис англаб етмоқдалар: ҳақиқий маънодаги элпарвар инсонга замондош бўлиб яшаш, унинг бағрикенглик ва оқиллик билан давр нафасини ҳис қила билиш фазилати барчамизничексиз руҳлантирмоқда.

Мен қишлоқда туғилиб ўсиб, ижод заҳматларини озми-кўпми тотган қалам аҳли вакилларидан бири сифатида одамларнинг ҳаёт даражасини яхшилаш йўлидаги ишлардан баҳоли қудрат воқиф, елкадош бўлиб келдим. Шуни бемуболаға айтишга бурчлиманки, бугун халқимиз бошига бахт қуши қўнган кунларга етиб келдик.

Юртбошимиз ҳар гал Андижонга ташриф буюрганида ҳамюртларимизга нақадар ҳурмат ва эътиборда эканлигининг гувоҳиман. Мамлакатимизда амалга оширилаётган туб ислоҳотларнинг кўлами ва шиддати бугун Андижонда бутун салобати, шижоати билан ўз ифодасини топяпти. Биз, қаламкашлар эса ана шу меҳнатнинг рўйи-рост ва ҳаққоний ифодачилари бўлмоғимизни тобора чуқур ҳис қиляпмиз. Халқимизга меҳр-муҳаббат, ҳурмат-эътибор, ҳаётимизда адолат, адолат ва яна адолат ҳар кун, ҳар соатда юз очиб турганлигини ўз ижодимиз орқали ёрқин ифодалаб бермоқ биз учун ҳам фарз, ҳам қарз.

Меҳнат қилган инсон ҳамиша эъзозга лойиқ бўлган юртда яшаётганлигимизга ҳаммамиз, ҳар биримиз шукрона келтирайлик. Менга берилган мукофотни жамиятимизда эл-юртнинг хизматига камарбастаман, дейдиган ҳар бир фуқаро меҳнатига яраша обрў-эътибор топишидан далолат, деб биламан. Президентимизнинг "Хайрли ишларга ҳисса қўшаман, дейдиган инсонларни бошимизга кўтарамиз", деган сўзларига ҳаётим мисолида яна бир карра иқрор бўлдим.

Токи танамда куч-ғайрат, томиримда қон, юрагимда шу юртга муҳаббат бор экан, янгиланаётган Ўзбекистонимизнинг бундан-да гуллаб-яшнаши йўлида астойдил меҳнат қилавераман. Ота юртимизга, она диёримизга кўз тегмасин! Хонадонларимиз доимо нурларга тўлиб турсин!

Устоз шу сўзларни дилидан ва тилидан ўтказар экан, кўзларида чўғ порлаётганини англаймиз.

... Бу, дарё қирғоғида ўй ўйлаб ўтирган Инсон ҳақида бир чимдим ҳикоя, холос. Қолганини ёзсак, алоҳида китоб бўлади.

Ғолибжон

Абдуллаев.