Сайлов - 2021

МСК АЪЗОЛАРИ ОКРУГ ВА УЧАСТКАЛАРДАГИ САЙЛОВГА ТАЙЁРГАРЛИК ЖАРАЁНИНИ ЎРГАНМОҚДА


28.09.2021   2275

Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказиш бўйича календарь режага асосан шу йил 10-13 сентябрь кунларда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 14 та округ сайлов комиссиялари томонидан 10760 та сайлов участкаси бўйича Участка сайлов комиссиялари таркиби тасдиқланган эди. Участка сайлов комиссиялари таркиби 10760 та сайлов участкаси бўйича жами 142 044 нафар комиссия аъзосини ташкил этади.

Айни кунлари Марказий сайлов комиссиясининг доимий асосда ишловчи аъзоси Баходир Юнусов Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўришда округ ва участка сайлов комиссиялари олдида турган асосий вазифалар бўйича Республика ҳудудларини мониторинг қилиш ва амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида Андижон, Наманган, Фарғона вилоятларида бўлиб турибди.

Комиссия аъзоси мазкур ҳудудларда жойлашган сайлов участкаларида сайловга тайёргарлик ишлари, жумладан участкаларнинг жиҳозланиши, санитария-гигиена ҳолатларига риоя қилиниши ҳолатларини ўрганмоқда.

Маълумот ўрнида қайд этиш жоиз, Андижонда 931 та, Наманганда 831 та ва Фарғона вилоятида 1203 та сайлов участкаси ташкил этилган. Хозирда Андижонда 13801 нафар, Наманганда 11165 нафар ва Фарғонада 16800 нафар участка сайлов комиссиялари аъзолари ўз фаолиятларини олиб бормоқда.

Қайд этиш жоиз, Сайлов кодексининг 50-моддасига мувофиқ, овоз бериш хоналари ёруғ ва кенг бўлиши, алоҳида кириш ва чиқиш жойи бўлиши, шунингдек уларда жисмоний имконияти чекланган шахслар учун нишаб йўлкалар назарда тутилган бўлиши лозим.

Шу билан бирга участка сайлов комиссиялари жойлашган бинолар тегишли тарзда жиҳозланиши ва Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи, Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби, сайлов участкасининг тартиб рақами кўрсатилган пешлавҳа, яширин овоз бериш кабиналари ёки хоналари, сайлов қутилари, зарурат бўлса, жисмоний имконияти чекланган шахслар учун махсус жиҳозланган яширин овоз бериш кабиналари, кузатувчилар учун алоҳида жойлар, сайлов санасига бағишланган плакатлар, сайлов участкасининг харитаси, участка сайлов комиссияси аъзоларининг таркиби, иш режаси, навбатчиликлар жадвали ҳақидаги ахборот, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга тааллуқли маълумотлар жойлаштириладиган махсус стенд, барча рўйхатга олинган номзодларнинг Марказий сайлов комиссияси, вилоят, туман, шаҳар сайлов комиссияси томонидан нашр қилинган таржимаи ҳоли ва дастури, зарур мебель, офис техника воситалари, ёнғинга қарши воситаларга эга бўлиши керак.

Участка сайлов комиссияси сайловчиларнинг дастлабки рўйхатини олганидан кейин уни мазкур участка ҳудудида яшовчи аҳолини уйма-уй айланиб чиқиш йўли билан аниқлаштириш чораларини кўради.

Ўрганишлар давомида маскур масала юзасидан участка сайлов комиссияси аъзоларига тегишли тавсиялар берилди.

Марказий сайлов комиссияси

Матбуот хизмати.