ЖАМИЯТ

МИСР БИЗНЕСИ ЎЗБЕКИСТОНДА ЙИРИК ЛОЙИҲАНИ АМАЛГА ОШИРИШГА ҚИЗИҚИШ БИЛДИРМОҚДА


15.07.2023   218

Ўзбекистоннинг Қоҳирадаги элчихонасида Мисрнинг “ACDIMA Group” холдинг компанияси президенти Улфат Ғураб билан учрашув ўтказилди. Мамлакатимиз раҳбарининг жорий йил 20-21 февраль кунлари Мисрга буюрган расмий ташрифи давомида эришилган келишувлар доирасида “ACDIMA Group” делегациясининг Ўзбекистонга амалий сафарини ташкил қилиш масаласи муҳокама қилинди.

Улфат Ғураб 2023 йил февралда Қоҳирада бир гуруҳ мисрлик етакчи ишбилармонлар қаторида Ўзбекистон Республикаси Президенти қабулида бўлганини илиқлик билан ёдга олди. Ўзбекистон етакчисининг мамлакатда хорижий сармоядорларга яратилган қулай сармоявий муҳит, имтиёз ва шароитлар ҳақидаги маълумотларидан таъсирланиб, Ўзбекистонда амалга оширилаётган истиқболли инвестлойиҳаларда қатнашишга қарор қилганини таъкидлади.

Ўзбекистоннинг Қоҳирадаги элчихонаси маълумотига кўра, ушбу компания вакиллари март ойидан буён Ўзбекистонга бир неча бор сафар уюштиргани ҳолда қўшма лойиҳалар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, ушбу лойиҳаларга Миср сармояларини киритиш бўйича музокаралар олиб боришди.

“ACDIMA Group” компанияси дастлабки босқичда Мисрда ишлаб чиқарилган дори воситаларини Ўзбекистон бозорига олиб киришни, яқин келажакда эса дори-дармонларни маҳаллийлаштириш ва ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, уларни қўшни давлатларга экспорт қилиш, ушбу жараёнларга замонавий технологияларни жалб қилиш ҳамда мутахассислар тайёрлашни мўлжалламоқда.

Амалий сафар натижадорлигини ошириш ва Ўзбекистон томони билан аниқ келишувларга эришиш мақсадида делегацияга “ACDIMA Group” компанияси таркибидаги турли тузилмалар раҳбарлари киритилган.

Таъкидлаш жоизки, ACDIMA Group компанияси 1976 йилда ташкил топган. Фармацевтика маҳсулотлари ва дори-дармонлар ишлаб чиқарувчи бир неча компанияларни ўз ичига олган Мисрнинг етакчи йирик холдингларидан бири ҳисобланади. Мисрда 18 та ишлаб чиқариш корхонасига эга бўлган ушбу компания дунёнинг 50 дан зиёд мамлакатида бизнес юритиш ишларини йўлга қўйган.