Андижон 24

Медиа-тур: АНДИЖОН АДИРЛИКЛАРИДАГИ УЙЛАР 8 БАЛЛГА ДОШ БЕРАДИ...


28.12.2019   2185

Андижон вилоятининг Хўжаобод туманида биринчи марта адирлик шароитида беш қаватли уйларнинг қурилишига киришилди.

Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари Иброҳимжон Холматов қурилиш объектида олиб борилаётган ишлар хусусида журналистларга батафсил ахборот берди.

Жорий йилда туманнинг Хидирша массивида 34 та беш қаватли уйлар қурилиши кўзда тутилган. Шу кунларда дастлабки 11 тасини барпо қилишга киришилди. Уйсозлик ишларини “Қишлоқ қурилиш инвест” инжиниринг компанияси ҳамда соҳага ихтисослашган маҳаллий тадбиркорлик субъектлари томонидан олиб бориш белгиланган. 25 та илғор қурилиш ташкилотлари жалб этилган.

-Аҳоли ўта зич бўлган вилоят шароитида адирликлардан фойдаланиш ўзга имконият йўқ, -деди И.Холматов. – Бу каби турар-жой массивлари Туркия ва Хитойда мавжуд. Замонавий махсус технологиялардан фойдаланиш уйларнинг мустаҳкамлигини, яъни 8 балли ер силкинишига дош берадиган даражани таъминлайди.

Микро (камида 100 хонадонли) ва макро (камида 200 хонадонли) массивлар ландшафт имкониятларидан келиб чиқиб, каскад усулида жойлаштирилади. Турар-жой бинолари ташқи томондан энергия тежовчи қурилиш ашёлари билан қопланади. Уйларнинг ҳар бири ўзига хос дизайн ва ечимлар асосида қурилади. Лифт билан таъминлаш кўзда тутилган.

Ҳар қандай янги турар-жойнинг таннархи ижтимоий ва коммунал инфратузилмага бевосита боғлиқ. Хидирша бундай инфратузилмага яқин ҳудуд ҳисобланади. Электр ва табиий газ тармоқлари мавжуд. Оқава сув масаласини хал этиш учун канализация-тозалаш иншооти қуриш режалаштирилган.

Танланган жойнинг яна бир қулайлиги шундаки, Хидирша массиви бешта ҳудудга ёндош: Хўжаобод, Жалақудуқ, Булоқбоши, Андижон туманлари ва Андижон шаҳри. Уйлар шу ҳудудларда истиқомат қилувчи уй-жойга муҳтожлар учун ажратилади. Кам таъминланган оилаларга давлат томонидан субсидия берилади (бошланғич тўловнинг 10 фоизи миқдорида).

Жорий йилга мўлжалланган барча 34 та кўпқаватли уйларнинг ишга туширилиши сентябрь ойига режалашган.

Ҳозирда ер текислаш ишлари олиб борилмоқда. Қудратли техника воситалари тиним билмай ҳаракатда.

«auz.uz» online гуруҳи.