Андижон 24

МАЙ ОЙИДА НИШОНЛАНГАН 8 МАРТ АЙЁМИ


07.03.2020   1020

Тарих зарварақларидан маълум бўлишича, 8 март 1908 йил биринчи марта Америка Қўшма Штатларида байрам қилинган. 1909 йилдан 1913 йилгача, февраль ойининг охирги якшанбасида нишонланган. Дастлаб байрамнинг қайси куни нишонланиши борасида кўп чалкашликлар бўлган. 1911 йилдан Халқаро хотин-қизлар куни Германия, Австрия, Дания ва Швейцарияда 19 мартда нишонлана бошланган. Кейинчалик 12 май санасида нишонланган. 1914 йилдан 8 март байрам куни сифатида белгиланган.

Бу кун Ангола, Гвинея, Камбоджа, Хитой, Конго, Лаос, Македония, Непал, Жанубий Корея ва Уганда давлатларида дам олиш куни деб эълон қилинган. Ҳозир бу байрам кўпгина давлатларда дам олиш куни ва аёллар байрамидир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон Иномовнинг ЎзАда ёритилган“ 8 март қандай байрам,Исломда бу байрамни нишонлаш мумкинми?” сарлавҳали мақоласида юқоридаги маълумотлар келтирилади. Муаллиф мазкур айём хусусида шундай дейди:

“8 март байрами ҳақида ҳамма ҳар хил фикрда... Кимлардир уни нишонласа, кимлардир нишонланиши керак эмас, деб ҳисоблашади. Лекин, ҳеч ўйлаб кўрганмизми, аслида оналаримиз, опа-сингилларимизни табриклашимиз, уларни кўнгилларини шод этиб, қадрлашимиз учун 8 мартни кутишимиз шартми? Уларга фақат йилда бир кун, 8 март кунигина эътибор қаратишимиз, ширин сўзлаб, табриклашимиз керакми? Улар учун ҳар бир кунни 8 март байрамидек завқли ва чиройли кунга айлантиришимиз шарт эмасми?!”

У Ислом динининг хотин-қизларга бўлган муносабатини алоҳида таъкидлаб ўтган:

“Аёлларга чиройли муомала қилишда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бутун инсониятга намуна бўладилар. Аёл номини улуғлаш, унинг шаънини кўтариш, хотин-қизларнинг ҳуқуқини белгилаб беришда нафақат Ислом оламига, балки бутун жамиятга ибратдирлар. У Зотнинг муборак охирги васиятларида бундай машҳур жумлалар бор эди: “Огоҳ бўлинглар, аёлларга яхши муомала қилинглар!..”(Имом Термизий ривоятлари).

Бошқа ҳадиси шарифларида: “Сизларнинг яхшиларингиз – хотинларига яхшилик қиладиганларингиздир!”(Имом Термизий ривоятлари);

“Кимнинг бир қизи бўлиб, унга чиройли одоб берса, Аллоҳ берган неъматларидан уни ҳам баҳраманд қилса, номаи аъмоли ўнг тарафдан берилишига ва дўзахдан осонгина қутулиб, жаннатга дохил бўлишига сабаб бўлади”;

“Мўминларнинг энг имони мукаммали – гўзал хулқлисидир! Сизларнинг энг яхшингиз – ўз аҳли аёлига яхши муносабатда бўладиганингиздир!”, дейилган”.

Дарҳақиқат, меҳрибон Оналаримизни, севимли Аёлларимизни, жондан азиз Хотин-қизларимизни ҳар қанча эъзозласак, ардоқласак шунча оз.

Баҳорга файз, дилларга сурур бағишлайдиган байрамингиз муборак бўлсин, муқаддас Аёллар, азиз Опа-сингиллар!