Андижон 24

МАКТАБ ИНТЕРНАТГА ПРЕЗИДЕНТ СОВҒАСИ ТОПШИРИЛДИ


01.06.2019   2768

Давлатимиз раҳбари жорий йилда Андижонга сафари чоғида Муҳаммад Юсуф номидаги она тили ва адабиёт фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб интернатга ташриф буюрди. Мактабда шоирнинг ҳаёти ва ижодига бағишланган музейни кўриб, ижодкор ёшлар билан суҳбат қурган эди.Шу куни мутасаддиларга автобус ажратиш, бошқа вилоятлардаги ижод мактабларига бориб, тенгдошлари билан мулоқот қилишга кўмаклашиш бўйича топшириқлар берганди.

Бугун Муҳаммад Юсуф номидаги хиёбон яна меҳмонлар билан гавжум. Президентимиз совғаси бўлган автобусни Муҳаммад Юсуф ижод мактабига тантанали тарзда топшириш маросими ҳамда Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан мусиқа ва шеърият кечасига 500 дан зиёд меҳмонлар ташриф буюрдилар. Фахрийлар, ижодкорлар, давлат ва жамоат арбоблари, ўқувчи-ёшлар, ота-оналар, шоирнинг мухлисларидан иборат иштирокчилар тантанани катта иштиёқ билан кузатдилар.

Тадбирнинг очилиш маросимида вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов сўз олиб, мамлакатимизда ёшларга қаратилаётган эътибор, иқтидорлар учун яратилаётган шарт - шароит ва имкониятлар хусусида гапирди. Ушбу таълим даргоҳига юртбошимиз алоҳида эътибор қаратаётгани ва ёшлардан умиди катта эканлиги алоҳида қайд этиб ўтди.

Байрамона безатилган автобус калити мактаб – интернат директорига тантанали тарзда топширилди. Маъмуриятнинг маълумотига кўра, ёзги таътилда вилоятимиз шаҳар, туманларининг чекка қишлоқларига ижодий сафарлар уюштириш мақсадида дастур ишлаб чиқилган. Иқтидорли ўқувчи ёшлар ва устозлардан иборат ижодий гуруҳлар тенгдошлари билан учрашадилар, меҳнаткашлар олдида ўзлари ёзган ижод намуналари ва таниқли шоирларнинг шеърларидан ўқиб берадилар. Соғломлаштириш, ихтисосолашган, меҳнат ва дам олиш оромгоҳларида турли маданий-маърифий тадбирларда иштирок этадилар. Хуллас, таътил давомида ижод, саёҳат, дўстлар орттириш, билимларни ўртоқлашиш, инсонларга кайфият улашиш мақсадида автобусдан унумли фойдаланилади.

- Мактабимиз ўқувчилари ўқув йилини яхши натижалар билан якунладилар, - дейди мактаб интернат директори Шохистахон Нурматова. - Гулчирой Давронбекова она тили фанидан билимлар беллашувида вилоят биринчилигини қўлга киритди. Илҳомжон Набиев ўқувчилар ўртасида БМТ томонидан ўтказилган биринчи конференция дегегати бўлиб, маърузаси вилоятлар орасида биринчиликни эгаллади. Республика миқёсида ўтказилган шеърият кечасида Ирода Орифжонова ўзининг шеърлари билан биринчи ўринга муносиб деб топилди. “Умид ғунчалари” номли шеърлар тўпламини чоп эттирдик. Унда мактабимизнинг энг иқтидорли 46 нафар ўқувчиларининг шеърлари жамланиб, тақризчилар томонидан юқори баҳоланди. Тақдимотида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид иштирок этди.

Жорий йилда мактабга ўқувчиларни қабул қилишда иқтидорларига алоҳида эътибор қаратиладиган бўлди. Ижодий имтиҳондан ўтган ўқувчилар 5 синфдан бошлаб қабул қилинади. Унда ўзи ёзган ижодий ишлари, қобилияти, бадиий ўқиш маҳорати, нутқ маданияти бўйича танловлар ўтказилади. Энг юқори баллга эга бўлганлар мактаб ўқувчисига айланади.

Ана шундай муваффақиятлар ва янгиликлар билан ўқув йилини якунлаётган, Президент совғасини қўлга киритган жамоани табриклаш учун келган Андижон ихтисослаштирилган санъат мактабининг симфоник орткестри томонидан ижро этилган куйлар кечага янада кўтаринкилик, байрамона кайфият улашди.

“auz.uz” онлайн гуруҳи.