Андижон 24

МАҲАЛЛИЙ ДЕПУТАТЛАР ҚАЧОН ФАОЛ ИШЛАЙДИ, ҚАЧОНКИ...


26.01.2021   935

Маҳаллий Кенгашлар депутатларини“ишламаяпти”, “ёмон ишлаяпти” деб кўп танқид қилишади. Бу каби гапларни кўпроқпойтахтдаги турли амалдорлар, хаттоки партиялар марказий бошқарувидагилар ҳам илҳомланиб гапиришади. “Ишламаса нега номзодини қўйган”, “бизни партияни обрўсизлантиряпти”, “депутат бўлсаям ҳеч нарсани билмайди” каби гапларни депутатликка номзодларни “элакдан ўтказиб берганлар”нинг ўзлари оғиз кўпиртириб гапиришади. Лекин ўшаларнинг бирортаси ўзига, ахир депутатни одамлар сайлаганку, у нега ишламаяпди, сабаби нимада, унга нима тўсиқ бўляпди, деб савол бериб кўрмайди. Аминманки, депутатларнинг 90, балки 95 фоизи билимли, виждонли, ориятли инсонлар. Улар одамларнинг оғирини енгил қилгиси, муаммоларини ҳал қилишга ёрдам бергиси, шу орқали мамлакатимиз ривожига ўз ҳиссасини қўшгиси келади. Уларга юқоридан туртки керак эмас.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев ўзининг 2018 йил 29 декабрдаги парламентга мурожаатида танқид қилмагунича, маҳаллий Кенгашлар депутатларидан, асосан, уларнинг қонунда белгиланган вазифалари эмас, аксинча, ижро ҳокимияти ваколатига кирувчи вазифаларни бажариш талаб этилар эди. Бу эскилик сарқитига Президентимиз биринчи бор эътибор қаратганида, энди депутатлар бутунлай ўзгаради, депутатлар ўз вазифаларини бажарадиган бўлади, деб ўйлаб, қувонган эдим. Лекин бу ҳолат, афсуски, бугунги кунда ҳам тўлиқ бархам топмаяпти. Вилоят депутатлари вилоят миқёсида, туман, шаҳарлар депутатлари туман, шаҳарлар миқёсида қонунлар, ҳудудларни ривожлантириш дастурлари ижроси каби масалаларни ўрганиб, камчиликларини аниқлаб, муҳокама қилиб, бартараф этиш чораларини кўрсатиб, бажарилишини назорат қилишлари лозим бўлсада, улардан фақат ўз сайлов округларидаги ахвол сўралмоқда, холос. Масалан, ичимлик суви таъминотида муаммо бўлса кўпроқ “Сувоқава” ташкилоти раҳбарига эмас, депутатга мурожаат қилинмоқда. Ва бу номутаносиблик одатий ҳолга айланиб, бирорта раҳбарни ўйлантирмаяпти. Ўз маҳалласида одамларнинг бирор муаммосини ҳал қилиб берган депутат энг яхши депутат ҳисобланмоқда. У маҳалласида ҳал қилишга эришган ўша муаммо туманнинг бошқа маҳалларида ҳам мавжудлиги, депутатлар ўша муаммони туман бўйича ҳал қилишга кўмаклашишлари кераклиги, депутатлар шунинг учун сайланганлигининг қизиғи йўқ. Бунақада миллионлаб маблағ сарфлаб, сайлов ўтказгандан кўра, маҳаллалар раисларига туман, шаҳарлар депутатларининг (вилоят депутатлари назарда тутилмаяпти) ваколатини бериб қўйган маъқулроқ эмасми? Бу муболаға гаплар эмас. Депутатларнинг ишламайдиган Кенгашидан кўра, маҳаллалар раисларидан иборат ишлайдиган Кенгаш бўлса, фойдаси кўпроқ тегарди. Ахир уларни ҳам халқ сайлайдику!

Агарда маҳаллий депутатлардан ўз вазифаларини бажаришлари талаб қилинадиган бўлса, депутатлар ва улар аъзо бўлган Кенгашлар фаолиятида баъзи ўзгаришлар қилиш, мавжуд камчиликларни тўлдириш лозим бўлади.

Биринчидан, депутат қасамёди жорий этилса айни муддао бўларди. Қасамёд ҳар бир депутат учун таъсирли, депутатлар Кенгашлари фаолиятини жонлаштиришда ҳам аҳамиятли бўларди. Юқорида таъкидланганидек, аксарияти виждонли, ориятли инсонлар бўлган депутатлар қасамёдга ҳиёнат қилмайди. Кўпчилик ориятлиларнинг лоқайд депутатларни тартибга чақиришларига эса қасамёд ёрдам берган бўларди.

Иккинчидан, баъзи касблар эгаларида бўлгани каби, депутат этикаси, аҳлоқ-одоб қоидалари ишлаб чиқилса, бу талабларнинг, фаолияти оддий одамлар билан мунтазам мулоқот қилувчи депутатларга фойдаси тегиши муқаррар. Балки бу тортишувли масаладир, таклифим кимгадир маъқул келмас. Лекин муҳокама қилиб кўриш зарур, деб ҳисоблайман.

Учинчидан, ҳар бир маҳаллий депутатнинг, айниқса туман, шаҳар депутатининг ўз сайлов округида алоҳида ўз жойи - иш хонаси бўлиши керак. Депутат вақтинча фойдаланадиган кимнингдир (маҳалла раисининг, мактаб директорининг) хонаси эмас, депутатнинг доимий фойдаланадиган ўз хонаси назарда тутиляпти. Ўз сайлов округидаги ишлар, фуқаролар қабули кабилардан ташқари доимий комиссия, партия гуруҳи, муваққат ишчи гуруҳлар фаолияти билан боғлиқ ишлар билан шуғулланиш учун депутатга жой керак.

Тўртинчидан, маҳаллий депутатларга ҳар ойда маълум миқдорда компенсация тўланиши керак. Иш ҳақи эмас, депутат сифатидаги фаолияти учун сарфлаган ўз маблағларини қайтариб бериш керак демоқчиман. Хизмат машинасига эга бўлган амалдор ёки даромади юқори бўлган тадбиркор депутатлар бу гапларни менсимаслиги тайин, лекин ҳафтасига бир неча марта ҳокимиятга йиғилишларга бориш, фуқаролар мурожаатлари юзасидан турли ташкилотларга бош уриш учун фақат ойлик иш ҳақи ёрдамида кун ўтказадиган (одатда аслида ўша депутатлар фаол ишлайди) депутат бир ойда оиласи бюджетига сезиларли таъсир қилувчи маблағ сарфлайди. Бир депутат аёл бир марта туман ҳокимлигига йиғилишга бориб келиш учун 25-30 минг сўм, йиғилиш кечроқ тугаса бир томоннинг ўзига шунча пул сарфлашини айтган эди. Бир ойда фақат йиғилишларга неча марта бориши ҳисобланса, ушбу таклиф кулгили эмаслиги аён бўлади. Депутатлик вазифасини бажариш оилавий шароитига оғирлик қилса, бундай депутат ўз фаолиятини сусайтиришга мажбур бўлади. Бунинг учун уни айблаш мантиқсизлик бўлади. Виждонан ишлаётган депутатнинг сарфлаган ўз маблағини унга қайтариб бериш инсофдан бўлишини улар ўзаро кўп гапиришади, лекин баралла айта олишмайди – ғурури йўл қўймайди. Харом йўл билан пул топиш деган тушунча эса унга бегона – пок номини булғашдан, худодан, қонундан қўрқади. Депутатдан иш талаб қилатаётганлар учун бу “эътиборга арзимайдиган” “майда” масала. Шу сабабдан ушбу муаммоли масалани сенаторларимиз жиддий ўйлаб кўриб, унга албатта ижобий ечим, маъқул йўл топишлари зарур.

Бешинчидан, депутатга жамоатчилик асосида фаолият кўрсатувчи ёрдамчи олиш имконини бериш, буни қонун билан мустаҳкамлаш керак. Фақат бу ихтиёрий бўлиши, ёрдамчини депутатнинг ўзи танлаши керак. Асосий иш жойида кўпроқ банд бўлиши сабабидан депутат баъзи ишларини вақтида бажара олмай қолади. Шунда унинг ёрдамчиси борлиги қўл келади. Ёрдамчи депутатга ҳужжатларни юритишда, депутатлик сўровларини эгаларига етказиш, натижасини суриштиришда ҳам кўмаклашади. Депутат ёрдамчисининг вазифаси қонуний бўлиши, унга махсус гувохнома берилиши, унинг вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, жавобгарлик, рағбатлантириш усуллари ва бошқа талаблар аниқ белгиланиши лозим. Ёшлар, айниқса талабалар орасида ушбу фаолиятга қизиқувчилар кўпчиликни ташкил қилади.

Олтинчидан, янги ташкил этилаётган депутатлар котибиятига (котибият мудирига эмас) кўпроқ одам сиғадиган хизмат машинаси ажратилиши керак. Маълумки, сессияга масала тайёрлашда қонун, қарор ёки дастур ижросини ўрганиш учун доимий комиссиятомонидан ишчи гуруҳи тузилиб, унинг аъзолари ўрганилиши мўлжалланаётган ташкилот, корхона, муассаса ёки маҳаллаларга бориши керак бўлади. Бир неча кишидан иборат ишчи гуруҳи (баъзан бир нечта ишчи гуруҳи тузиш зарур бўлади) раҳбари мўлжалланган жойларга бориш учун машина сўраб кимга сарғаяди? Ҳокимият бир марта ёрдам бериши мумкин. Лекин депутатлар Кенгашида 7-8 та доимий комиссия борлиги, уларнинг ҳар бири ўз йўналиши бўйича масалаларни ўрганишини инобатга олсак,ишчи гуруҳлари деярли ҳар куни фаолият кўрсатиши ва траспорт воситаси зарурлиги, бусиз сессияга пухта тайёргарлик кўриб бўлмаслиги яққол кўзга ташланади.

Лекин, аслида энг яхшиси - қайта сайлов ўтказиш, депутатлар орасида ташкилотлар раҳбарлари бўлмаслигига эришиш зарур. Ҳозирги Кенгашларда улар кўпчиликни ташкил қилади. Ижро ҳокимияти вакили депутат бўлар экан, у депутатдан ижобий натижа кутиб бўлмайди. Унинг биттагина айби, депутат бўлишга розилик бергани бўлади. У ўзидан юқори турувчи орган - ҳокимиятнинг измидан ҳеч қачон чиқмайди. Партияларнинг эса номзодини ўзи кўрсатган ҳеч бир депутатга таъсир кучи йўқ. Шунинг учун масъулиятсиз, ўз манфаатини кўзлаб депутат бўлиб олганлар, бирор фойдали иш қилмаса ҳам, ваколат муддати тугамагунча депутатлик гувохномаси, имтиёзларидан фойдаланиб юраверади. Ҳозиргидек номигагина тузилган, танқидий фикр билдирилмайдиган, барча қарорларни бир овоздан қабул қилаверадиган Кенгашлар учун, албатта, депутат қандай бўлишининг фарқи йўқ, сессияда қатнашиб, қўл кўтарса бас. Агарда ўша лоқайд “депутат”нинг молиявий аҳволи кимгадир ҳомийлик қила оладиган даражада бўлса, вазифаларини виждонан бажараётган депутатдан кўра ҳам у кўпроқ ҳурматда бўлади.

Ҳар қанча шароит яратиб берилганида ҳам барча депутатлар бир хилда фаол ишламаслиги мумкин. Депутатлар орасида ҳам “ола”лари бўлади, албатта. Лекин қандайдир нопок йўллар, қуруқ ваъдалар билан ҳудуддаги энг юқори бошқарув органига кириб олган ўша “ола”ларнинг қилиқлари фидойи депутатларнинг йўлига тўсиқ бўлмаслиги, яъни юқорида санаб ўтилган таклифлар чуқурроқ ўрганилиб, муҳокама қилинишига ва имкон қадар инобатга олинишига халал бермаслиги керак.

У. АҲМЕДОВ,

ўқитувчи. Андижон ш.

2021 йил, 25 январь