ЖАМИЯТ

ҚУЁНЧИЛИК ЭНГ СЕРДАРОМАД СОҲА


12.08.2020   2149

Бир йил олдин Ўзбекистон Қуёнчилик хўжаликлари ассоциацияси ташкил этилганди. Унинг сабаби эса қуёнчилик жаҳон иқтисодиёти ва истеъмолида асосий ўрин эгаллайди. Жумладан, Хитой Халқ Республикаси йилига 660 минг тонна қуён гўшти етиштирса, иккинчи ўринда Италия туради — йилига 300 минг тонна!

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳам қуён гўштини истеъмол қилишни тавсия қилади. Қуён гўшти таркибидаги оқсилнинг 90 фоизи инсон организми томонидан тўлиқ ўзлаштирилади. Бундан ташқари, қуён гўштида инсон саломатлиги учун фойдали бўлган лецитин каби моддалар мавжуд. У, шунингдек, минерал тузларга, калсий ва фосфорга бой. Қуён гўшти жигар, меъда, юрак-қон томир тизими касалликлари, қандли диабет, аллергияси бор инсонларга тавсия этилади.

Бугунги кунда Булоқбоши туманида 2 минг 400 бош қуён боқиш учун режалаштирилган лойиҳалар амалга оширилиб, қуён парваришлаш йўлга қўйилди. Бу лойиҳалардан бири "Бадаловлар келажаги - 2020" Қуёнчилик хўжалигидир.

- Хўжаликни ташкил қилганимизга эндигина 2 ой бўлди. Лекин шунга қарамасдан, тинимсиз изланишдамиз, - дейди хўжалик раҳбари Насиба опа Бадалова. 300 бош насли Ҳиплус яъни ҳико қуёнларини Италиядан олиб келдик. 100 та маҳаллий қуёнларни ҳам парваришлаяпмиз. Таркибида 15 хил турдаги маҳсулотлар мавжуд қуёнлар озуқасини ҳам ўзимиз ишлаб чиқаряпмиз. Давлатимиз томонидан ажратилган 1 миллиард кредит ҳамда 1,5 миллиард ўз маблағларимиз эвазига шу хўжаликни ташкил қилдик. Ҳозирча 10 та иш ўрни яратилди. Келгуси 3 ойда ишчиларимиз сони 100 дан ошади. Чунки, 6 ойдан кейин қуёнларимиз сони 400 тадан 4000 мартага етади. Маълумки, уй ҳайвонлари орасида энг тез етиладигани қуён ҳисобланади.

Улардан табиий ва қимматбаҳо мўйна олинади. Қуён териси чарм-галантерея маҳсулотлари ва поябзал ишлаб чиқаришда ҳам сифатли хом ашё ҳисобланади. Бир килограмм қуён момиғидан 2000 метр сифатли ип олиш мумкин.

"Ҳозирда ферманинг 2 қаватида тикувчилик цехи ташкил қилинган бўлиб, 25 та тикув машинаси қуён териси ва юнгини қайта ишлашга тайёр. Шунингдек, шу жойнинг ўзида қуён гўшти сифатини доимий назорат қилиб бориш учун лаборатория ва уларни сақлаш учун катта музлатгич қурилиши якунига етмоқда.

Хулоса қиладиган бўласак, туманда соҳа ривожи учун мақсадли ишлар, истиқболлий лойиҳалар аллақачон амалда.

Машҳура РAҲМОНОВA.