ЖАМИЯТ

ҚЎШНИЛАРГА ЭҲТИЁЖИМ ТУШИШИ СЕЗИЛСИН


28.10.2020   1740

Бугун таълим-тарбия жараёнларини инновацион усуллар билан бойитиш даврнинг муҳим талабларидан бўлиб қолмоқда. Машғулотларнинг ноанъанавий тарзда шакллантирилиши таълим олувчининг билимга бўлган эҳтиёжларини тўла қондиришга, кўникмаларини янада чуқур шакллантиришга хизмат қилади. Масалан, мен ўзим фаолият юритаётган Олтинкўл туманидаги 12-умумтаълим мактабида ҳам дарс жараёнларини бошлашда ўқувчиларнинг одоб-аҳлоқига, характерига, феъл-атворига ижобий таъсир қилувчи усуллардан фойдаланишга ҳаракат қиламан. Жумладан, уларда турли ривоятлар, ибратли воқеалар айтиш орқали яхши фазилатларни шакллантиришга уринаман.

Масалан, бир гал қуйидаги ибратни айтиб берганимда ўқувчиларим орасида яхшигина мунозара бўлганди.

Онасининг қўшни аёлдан туз сўраётганини эшитган ўғил: «Онажон, нега улардан туз сўраяпсиз? Ўзимизда туз етарли-ку!» дебди. Волидасининг: “Болажоним, улар ўзлари муҳтож бўлганлари учун доим биздан баъзи нарсаларни сўраб турадилар. Мен ҳам улардан оддий, уйларида топиладиган нарсаларни сўраяпман. Бундан мақсадим, бизнинг ҳам уларга эҳтиёжимиз тушишини сездиришдир. Токи қўшнимиз биздан бирор нарса сўрамоқчи бўлганида, “Бу қўшниларимиз ўзларига тўқ бўлсалар-да, баъзан биздан ул-бул нарса сўраб туришади-ку!” деган фикр билан, хижолат бўлмай сўрасинлар деб шундай қиляпман”, деган фикри болада ҳам айни фазилатни шаклланишига олиб келди.

Ушбу воқеа орқали ўқувчиларга меҳр-оқибат, инсоф, эҳтиёж тушганда, бир-бирларини ҳижолатчиликдан қутқариш каби туйғулар сингдирилади. Мана шундай усуллар, албатта, комил инсонни тарбиялашда муҳим аҳамият касб этиши исботланган.

Юлдузой РАҲИМОВА.