Андижон 24

Қўрғонтепада Наврўз: МАҲАЛЛАДОШЛАР ХОТИРАСИГА БАҒИШЛАНГАН КИТОБ, НАМУНАЛИ ОИЛАЛАРГА ҲОКИМДАН СОВҒА, БАЙНАЛМИЛАЛ ЭЛ ИБРАТИ


22.03.2021   888

Қўрғонтепа тумани маҳаллаларида ўтказилган Наврўз тантаналари кутилмаган тадбирларга бойлиги, миллий қадриятлар ҳамда аждодлар хотираси ёдга олинганлиги билан эсда қоларли бўлди.

Маҳалла тизими ходимлари куни кенг нишонланган қўшалоқ шодиёнада Мустақиллик МФЙда яшовчи аҳоли вакиллари билан жамоатчилик фаоллари самимий мулоқот қилишди. Шоир ва ёзувчи Турсунбой Мадумаров қишлоқдошларига шу маҳалладан Иккинчи жаҳон урушига кетганлар, бедарак йўқолганлар ҳамда фронт орти фахрийлари ҳаётига бағишланган хотира китобини тақдим қилди. Аждодларнинг яхши фазилатлари ёдга олинди, қишлоқ ободлиги учун қилган хизматлари эътироф этилди.

Миллий ўйинлар, сумалак ва баҳорий тансиқ таомлар билан кутиб олинган байрам шодиёнаси, айтиш мумкинки, ҳудуддаги 2 минг 200 дан зиёд аҳоли вакилларини бирдамликка чорлаб, маҳалла тараққиёти учун ҳамжиҳатликда қилинажак улуғвор режалар муҳокамасига ҳам қулай фурсат бўлди.

Байрам тадбирлари ўзбек ва қирғиз миллатига мансуб аҳоли вакиллари истиқомат қиладиган Ёртибоши маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам ғоят кўтаринкилик билан нишонланди. Маросимда чегара қўшинлари ҳарбийлари ҳам иштирок этишди. Туман маданият бўлими вакиллари ҳамда иқтидорли ёшлар тайёрлаган бадиий дастур одамлар қалбига қувонч улашди. Икки қардош миллат урф-одатлари, анъаналарини акс эттирувчи саҳнавий чиқишлар намойиш этилди.

Қўрғонтепа тумани ҳокими Элёрбек Набижонов барчани Наврўзи олам билан қутлаб, бир оиладек аҳил-иноқликда яшаб келаётган байналмилал маҳалла аҳлига ўзининг самимий эҳтиромини изҳор этди. “Энг яхши оила”, “Энг яхши маҳалла фаоли”, “Энг яхши тадбиркор” ва “Энг яхши солиқ тўловчи”, “Энг намунали хонадон” номинациялари бўйича сараланган маҳалладошларга эсдалик совғаларини топширди.

Турон замин ҳамда Навниҳол маҳаллаларининг биргаликда ташкил этган байрам дастурлари ҳам қизиқарли дастурларга бой бўлди. Ҳар икки маҳалла ёшлари иштирокида спорт мусобақалари ўтказилди. Ижтимоий кўмакка муҳтож оилалар ҳолидан хабар олинди.

Эътиборлиси, туманда “Ҳар бир тадбиркор – ёшларга мададкор”, “Ёшлар 1+1” дастурлари доирасида Савдо-саноат палатаси томонидан 1 минг 118 нафар ёшлар қисқа муддатли ўқув курсларини тамомлаб, байрам арафасида махсус сертификатларга эга бўлдилар. Шунингдек, ишга жойлашиш истагидаги опа-сингилларнинг 275 нафари қисқа муддатли курсларда таҳсил олиб, ҳунар ўрганишган бўлса, яна 160 нафар хотин-қиз Наврўз кунлари ўқув курсларини бошлади.

Қўрғонтепанинг бошқа ҳудудларида ҳам Наврўз шодиёналари хурсандлик ила нишонланмоқда. Тантаналар навқирон йигит-қизларнинг жамиятда ўз ўрнини топишлари учун кўмак бериш, бандликни таъминлаш, тадбиркорлик ривожлантириш, маҳаллаларни ободонлаштириш сингари эл-юрт фаровонлигига хизмат қилувчи амалий ҳаракатларга эш бўлмоқда.

Азаматжон ТОШМАТОВ.