Андижон 24

КУН МАВЗУСИ: ҚИШ ҒАМИНИ ЁЗДА Е!


15.11.2023   1275

Ҳадемай, юртимизга совуқ ҳаво оқими кириб келади. Совуқ кунлар яқинлашгани сари халқимизнинг “қиш ғамини ёзда е, сандалингда ўтириб ҳалво е” нақли бежиз айтилмаганини англайсан киши.

Ўтган қиш мавсумида мамлакатимиз бўйлаб ёғингарчиликларнинг сони кўпайиб, узоқ давом этган аномал совуқ сабаб хонадонларимизни иситишга бўлган эҳтиёж сезиларли даражада ошгани кўпларга аён. Албатта ёғин-сочин бошланганда кўп нохуш ҳолатлар келиб чиқиши аниқ. Мавсумни беталофат ўтказиш, кўнгилсизликларни олдини олиш, аҳолини иссиқлик ҳамда энергия манбалари билан узлуксиз таъминлаш мақсадида вилоятимизнинг ҳар бир шаҳар ва туманларида тайёргарлик ишлари авж олмоқда. Бу борада вилоят ҳокими томониданкуз-қиш мавсумига жиддий тайёргарлик кўриш ишлари айни кундаги долзарб вазифа этиб белгиланди.

Зеро, хонадонларимиз иссиқ, қоронғу хонамиз ёруғ бўлса кўнгилда хотиржамлик бўлади. Корхона, идораларда эса хавфсиз иситиш тизимлари ишга туширилган бўлса, бемалол яйраб-яшаб иссиққина ўрнингизда ўз ишингиз билан машғул бўлишга нима етсин.

Кўп қаватли уйлар бўйича:

Бугунги кунда вилоятимизда 1 минг 922 та кўп қаватли уй мавжуд бўлиб, 54 минг 426 та хонадонга 20 та бошқарув ташкилотлари томонидан хизмат кўрсатилмоқда. Ундан 319 таси (6 197 та хонадон 16,5%) марказлашган иссиқлик таъминоти ва индивидуаль иситиш қозонлари орқали иссиқлик энергияси билан таъминланган. Қолган 1 603 та уйлар (48 228 та хонадон 83,5%) бошқа турдаги лойиҳасиз иситиш ускуналари ва қўлбола иссиқлик мосламалари орқали иситилмоқда. 2023-2024 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида вилоятдаги 137 та кўп квартирали уйларни таъмирлаш режалаштирилган.

Иссиқлик таъминоти тизими бўйича:

Вилоятдаги мавжуд 10 та қозонхоналардан (шундан, Андижон шаҳрида - 5 та, Асакада – 4 та, Андижон туманида – 1 та) бугунги кунда 6 таси (60% шундан, Андижон шаҳрида – 2 та, Асакада – 3 та ва Андижон туманида - 1 та) соз ҳолатда фаолият юритмоқда. Қозонхона ишга туширилиши натижасида қозонхона ҳудудидаги 1 034 та хонадондан иборат 271 та кўп хонадонли уйларда истиқомат қилувчи 5 минг нафар аҳоли учун иссиқлик таъминоти яхшиламоқда. Халқаро молия институтлари билан ҳамкорликда, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 12 апрелдаги 306-сонли қарорига асосан, Жаҳон банкининг кредит маблағлари ҳисобидан, Андижон шаҳридаги РК-2 қозонхонасини тўла модернизация қилиш, 27,5 км иссиқлик тармоқлари қуриш, 271 та кўп квартирали уйлар ҳамда 30 та ижтимоий соҳа объектларига 373 та индивидул иссиқлик пунктлари ўрнатиш режалаштирилган. Лойиҳа қиймати 25 млн. долларни ташкил этади. Ҳозирда, 365 дона индивидул иссиқлик пунктлари ўрнатилиб, пунктларини бир бирига боғловчи 21км тармоқ қурилди. РК-2 қозонхонаси бино-иншоатларини демонтаж қилиниб, қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Шу билан бирга, қуввати 2000 КВт бўлган трансформатор подстанциясини йиғиш, 3 км электр тармоғини тортиш ишлари бажарилди. Ушбу лойиҳа 2023 йилда топширилиши натижасида, 271 та уйлардаги 11,6 минг ҳонадонлардаги 40 мингдан зиёд аҳоли ҳамда 30 таижтимоий объектлар иссиқлик энергияси ҳамда иссиқ сув билан таъминлаш натижасида 160 млн 902 кВт. соат электр энергияси (ўртача 47 млрд. сўм маблағлар) тежаб қолинишига эришилади.

Газ таъминоти бўйича:

Вилоятдаги хонадонларнинг 257 минг 425дан ортиғи қувурларда етказиладиган табиий газ, 473 минг 588 дан зиёди суюлтирилган газ билан таъминланяпти. Қувурлардаги табиий газ таъминоти етиб бормаган ҳудудлардаги аҳоли, одатда уйни иситиш учун муқобил иссиқлик манбаларидан фойдаланади. Шунингдек, қишлоқ жойларга “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали томонидан суюлтирилган газ 45 кунда етказиб берилмоқда. Жорий йилда лимит бўйича 89 минг тонна суюлтирилган газ етказиб бериш режалаштирилган бўлиб, бугунги кунга қадар 68,1 минг тонна (йилликка нисбатан 76%) суюлтирилган газ режа-графикка асосан аҳолига тарқатилди.

Шу ўринда бугун шаҳрихонлик истеъмолчилар суюлтирилган газни онлайн тизим асосида олмоқдалар. Йил бошидан бери ўтган 10 ой ичида туман аҳолисига 6 минг тоннадан зиёд газ етказиб берилган. Ташкилот томонидан комплекс чора-тадбирлар, шу жумладан истеъмолчиларнинг барча тоифаларига табиий ва суюлтирилган газ етказиб бериш билан боғлиқ тадбирларни амалга ошириш ишлари ниҳоясига етказилмоқда. Жумладан туманлардаги газ тақсимлаш қурилмаларини техник хизматдан ўтказиш, қувурларни ҳаво босими остида синаш ва тозалаш ишлари олиб борилди.

Аҳолига суюлтирилган газни ўз вақтида етказиб бериш учун учун газ тўлдириш шохобчасида ҳам моддий-техник баъзани янгилаш ишлари олиб борилган, - дейди ГТШ бошлиғи Сардорбек Нурматов. - Шохобча электрон тарозилар билан таъминланган бўлиб, газ қуйиш ишлари махсус камералар орқали бевосита кузатиб борилади.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, суюлтирилган газ баллонида ҳосил бўлувчи оғир қолдиқни ўзбошимчалик билан тўкиш мумкин эмас, уни тўкиб олувчи махсус жойлар ва ускуналар бор. Маиший газ баллондан фойдаланишда унинг яроқлилик даври мавжуд бўлиб, маиший газ баллонлари биринчи марта 5 йилга, кейин эса уч йилга синовда ўтказилади.

-Синовдан ўтказишдан олдин маиший газ баллони оғир қолдиқдан бўшатилиб, махсус ускунага ўрнатилади. Сўнгра баллон сув билан тўлдирилади. Маиший газ баллон 25 кг босим остида 7-10 дақиқа синалади. Босим остида синаш вақтида маиший газ баллоннинг ҳолати кўздан кечирилади. Агар баллонда сув сизиб чиқиши, ишиш ҳолати сезилса, ушбу баллон яроқсиз ҳисобланади ва утилизация қилинади. Синовда ўтган баллонларга тепа қисмидаги махсус ёрлиққа синов муддати муҳрланади. Барча иш якунига етгач, уларни бўёқлаб, сўнг фойдаланиш учун топширяпмиз, -дея фикр билдирди “Асака” ГТШнинг синовчи мутахассиси Ҳаётбек Тожибаев.

Бугун газ каби неъматданоқилона фойдаланиш, беҳуда сарфламаслик барчанинг ўз олдига қўйилган фуқаролик вазифаларидан ҳисобланади. Зеро, ҳар бир куб тежалган газ эса, бошқа бир юртдошимизнинг хонадонида ҳам “зангори ёқилғи”ни ёнишига сабаб бўлади.

Электр тармоқлари бўйича:

Вилоятда энергетиклар ҳам туну кун халқ хизматида. Паст кучланишли электр тармоқларини мавсумга тайёрлаш мақсадида айрим ҳудудларда электр энергияси билан таъминловчи подстанциялар қуввати каттароқ трансформаторларга алмаштирилмоқда. Трансформатор пунктлари ва ҳаво электр узатиш тармоқларида мукаммал ва жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. Маълумот учун сўнгги беш йилда Ўзбекистонда тармоқ ва трансформаторларни модернизация қилишга 4 триллион сўмдан зиёд маблағ ажратилган. Албатта ўтган қишда юзага келган электр тармоқларидаги носозликлар юзлаб хонадонларни таъминотдан узилиб қолишига сабаб бўлган эди.

Бугунги кун ҳолатига вилоятимизда 136 дона подстанция, 19 200 км электр узатиш тармоқлари ҳамда 218 дона катта куч трансформаторлари, 8 200 дона трансформатор пунктлари орқали аҳоли ва юридик истеъмолчиларга электр энергияси етказиб берилмоқда. Ҳозирда, катта кучланишли трансформаторларнинг 67 таси (35%), трансформатор пунктларида 2 463 донаси (52%) ва электр узатиш тармоқларининг 8 149 км (45%) 40 йилдан ортиқ вақт хизмат қилиб, жисмонан эскирган. Электр тармоқларини реконструкция ва модернизация қилиш бўйича дастурларга асосан 2023 йилда 48,4 млрд сўмлик маблағлар хисобига 410,9 км электр узатиш тармоқлари тортиш ва 182 та трансформатор пунктларини ўрнатиш режалаштирилиб, амалда 40,9 млрд сўмлик маблағлар хисобига 351,6 км электр узатиш тармоқлари тортиш ва 147 та трансформатор пунктларини ўрнатиш ишлари бажарилди. Талаб 6,2 млрд. кВт. соат бўлиб, марказлашган ҳолда етказиб бериш режаси 5,8 млрд. кВт. соат этиб белгиланмоқда. Электр энергияга бўлган юкламани енгиллатиш мақсадида вилоятда фаолият олиб бораётган 198 та ишлаб чиқариш корхоналарини тунги сменага ўтказиш режалаштирилган.

Кўмир таъминоти бўйича:

Бу йил қишда аҳолида 666,5 минг тонна, шундан 292 минг тонна маҳаллий ва 374,5 минг тонна импорт кўмир ёқилғисига эҳтиёж мавжуд. Хусусан, бугунги кунда амалда жами 527,2 минг тонна кўмир ёқилғиси етказиб берилди. Ҳудудлар кесимида ташкил этилган омборларда аҳолига узлуксиз равишда кўмир тарқатиш ишлари бир зайлда олиб борилиб, махсулот захиралари яратилган.

Ҳозирги кунда 774 та мактаб, 533 та боғча, 268 та соғлиқни сақлаш ва
67 та болалар мусиқа ва спорт мактаблари, маданият уйлари объектлари давлат ижтимоий соҳа объектларининг иссиқлик таъминоти тизимларини хусусий сектор иштирокида модернизация қилиш ва бошқариш тизимини жорий қилиш белгиланган. 2023 йилда ДХШ битимларига асосан модернизация қилиниши лозим бўлган 776 та объектларни қиймати 304,7 млрд. сўмни (шундан давлат улуши 50 фоиз - 152,3 млрд.сўм) ташкил этган. ДХШга ўтказилган 1 642 та ижтимоий соҳа объектларини кўмир ёқилғиси билан таъминлаш учун бугунги кунда тадбиркорлар томонидан (режа 148 минг тонна) 119,6 минг тонна (81%) кўмир ёқилғиси давлат ижтимоий соҳа муассасаларининг омборларига олиб келиб қўйилди.

Бироқ ишлаб чиқариш ва етказиб бериш ҳажми қанчалик оширилмасин, иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ва хонадонларнинг энергия самарадорлигига эътибор берилмаса, кўрилаётган чоралар самарасини бермаслиги мумкин. Бунинг натижасида тармоқда узилиш ҳолатлари юзага келиши ва истеъмолчиларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлиши мумкин.

Тўғри, аввалги йилларда ҳам бундай оптимистик прогнозлар ва куз-қиш мавсумига ҳар томонлама тайёргарлик кўрилгани ҳақидаги ҳисоботлар тақдим этиларди. Бироқ совуқ кунлар бошланиши билан яна энергия тақчиллиги, ўша “эски муаммолар” такрорланаверган. Шу боис ҳам, одамлар мутасаддиларнинг баёнотларига ишонмай қўйишди. Аҳолининг фикрича, ёзда ҳам табиий газ, электр-энергия ва суюлтирилган газ таъминотида узилишлар кузатилаётган бир пайтда қаҳратонга киргач, яна эски ҳаммом, эски тос бўлмаслигига кафолат йўқ.

Шу ўринда, истеъмолчиларга куз-қиш даврида газ плиталари, қозонхоналар, каминлар, печлар ва бошқа газ жиҳозларининг хавфсиз ишлаши учун уй хўжаликларидаги дудбўронлар ва шамоллатиш тизимини текшириш зарур ва шарт эканлигини эслатиб ўтмоқчимиз.Фуқаролардан уй ва квартиралардаги газ жиҳозларига техник ва технологик хизмат кўрсатишни, шамоллатиш тизими ва дудбўронларни хизматга яроқлилигини текшириш зарурлигини билдирамиз. Шунингдек,иситиш мосламалари билан ишлашда жуда эҳтиёткор бўлишларини, хавфсизлик қоидаларига риоя қилишларини, шунингдек исрофгарчиликка йўл қўймасдан энергия манбаларидан оқилона фойдаланишларини сўраб қоламиз.

Нуржаҳон ЙЎЛДОШЕВА.