Хорижда

ҚОЗОҒИСТОНДА ПРЕЗИДЕНТЛИККА НОМЗОДЛАР ЎРТАСИДА ЎТКАЗИЛГАН ТЕЛЕДЕБАТГА САДИБЕК ТУГЕЛ ЧОПОН ВА ҚАМЧИДА КЕЛДИ


31.05.2019   1120

Қозоғистонда президентликка номзодлар ўртасида теледебатлар ўтказилди. Дебатларда айрим номзодларнинг ишончли вакиллари иштирок этди, деб хабар беради Tengrinews.

Дебатлар учта раундан иборат бўлиб, унда номзодлар ўзларининг сайловолди дастурини тақдим этишлари, Қозоғистоннинг ижтимоий модернизацияси мавзуси ҳақида чиқиш қилишлари ҳамда сайловчиларга мурожаат йўллашлари керак.

Амангелди Таспихов исмли номзод мамлакатдаги оддий ишчиларнинг муаммоларини билишини, шу сабабли ўзи бошқариб келган жамоанинг барчаси ўзига ишонишини маълум қилди. «Депутатлик муддатим тугагач иссиқ жойга ўрнашиб олмасдан, туманимга қайтиб ишимни давом эттирдим. Агарда менга ишонч билдирсаларингиз президентлик муддатим тугаганидан кейин ҳам қишлоғимга қайтиб сизлар билан бирга бўламан», — дейди Таспихов.


Яна бир номзод Дания Еспаеванинг вакили Азат Перуашев ҳам сўзга чиқиб, амалга оширмоқчи бўлган ишлари ҳақида маълум қилди: «Ҳаётимизни яхшилашни истасак, коррупция ва адолатсизликни томири билан суғуриб ташлашимиз керак. Европадагидек яшаш учун Европа иниқлоби, озодлиги ва тенглиги оид қадриятларини қабул қилишимиз керак».

Амиржон Косанов: «Ҳозирги президентлик кампаниясида мен демократия ва озодлик йўлида умрини сарфлаган дўстларимнинг манфаатларини ҳимоя қилмоқдаман. Мен уларнинг ушбу принципларини қўллаб-қувватлайман. Қозоғистон — ресурсларга бой, бироқ халқи камбағал давлат. Ҳамма нарсамиз бор, бироқ бизга учта нарса етмаяпти. Бу — озодлик, адолат ва ҳақиқат».

Садибек Тугел исмли номзод дебатларга чопон ва қамчида келди. «Бизнинг асосий орзумиз — буюк маданиятимизни қайта шаклантириш, давлат тили ва анъаналаризми ривожлантириш. Мен барчани фақатгина давлат тилида сўзлашишга, ўз мамлакатига садоқатли бўлишга чақириб қоламан», — дейди Садибек Тугел.

Дебатларда Қозоғистоннинг амалдаги президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев иштирок этмади. Унинг номида Маулен Ашимбаев қатнашди.

Манба: daryo.uz