ЖАМИЯТ

Коронавирус: ЗАНЖИРНИ БИРГАЛИКДА УЗАМИЗ


23.04.2020   1615

Коронавирус пандемиясиниюқумлилик жиҳатидан занжирга қиёслаш мумкин. Касалликдан сақланиш учун имкон қадар ўзаро мулоқотлардан вақтинча чекланиш талаб этилаётгани бежиз эмас. Уйда қолинг, деган чақириқ ҳам айни шу мақсадга қаратилган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Одинахон Отахонова Жалакудук туманидаги Кесак ва Бешкарам маҳалла фуқаролар йиғинларида яшовчи аҳоли билан айни шу хусусида суҳбатлашди.

-Занжирни биргаликда узамиз,-дея таъкидлади депутат.-Бунинг учун биринчи навбатда карантин қоидаларига амал қилишимиз лозим. Шахсий гигиена талабларига амал қилиш баробарида томорқадан мақсадли фойдаланиш бугуннинг талаби. Давлатимиз раҳбари томонидан бу куннинг вазифаси сифатида белгилаб берилгани бежиз эмас. Озиқ-овқат маҳсулотларини қанча кўп етиштирсак, дастурхонимиз ҳам тўкин бўлади.

Халқ вакили экин экишда аҳолига қандай кўмак берилаётгани, кўчат ва кимёвий дорилар билан таъминланишига ҳам эътибор қаратди. Ижтимоий кўмакка мухтож оилаларга бу борада тадбиркорлар ҳомий сифатида бириктирилди.

Акбаржон НАЗАРОВ.