Андижон 24

КОРОНАВИРУС ҲАҚИДА ОТА-ОНАЛАР БИЛИШИ КЕРАК БЎЛГАН ЭНГ МУҲИМ МАЪЛУМОТЛАР


29.03.2020   8620

Эпидемия туфайли кўплаб мамлакатларда мактаблар ёпилди ва ота-оналар болаларда инфекция хавфини минималлаштириш учун ўз ҳаётларини қандай ташкил қилишлари ҳақидаги саволларга дуч келишди.

Болалар инфекцияга камроқ мойил эканлиги тўғрими?

Февраль ойида “JAMA” Америка тиббиёт ассоциациясининг журналида эълон қилинган ва Хитойда 72 минг коронавирусга чалинганлар тўғрисидаги маълумотларни бирлаштирган биринчи кенг қамровли тадқиқот шуни кўрсатдики, беморларнинг атиги икки фоизи 19 ёшгача бўлган. Тахминан худди шундай натижа — 18 ёшгача бўлганларнинг 2,5 фоизи ҳақидаги маълумот Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти миссиясининг февраль ойида Хитойга ташрифидан сўнг берилди.

Шу билан бирга, ҳужжатда: “Айни дамда болалар орасидаги инфекция даражасини, шунингдек, уларнинг касалликни бошқаларга юқтиришда қандай роль ўйнашини, ҳақиқатан ҳам улар касалликка камроқ сезгирми ёки бошқа клиник кўринишга эга бўладими-йўқлигини аниқлаш мушкул”, дея маълум қилинганди.

Аммо ҳозирда қайд этилишича, болаларнинг аксарияти коронавирусни осонликча енга олади. Аммо баъзилари — тахминан олти фоизида хасталик жиддий асоратлар билан намоён бўлади. Олимларнинг таъкидлашича, хавф остидаги болалар қатлами беш ёшдан кичик бўлган, заифлашган иммунитет ва ўпка билан боғлиқ муаммоларни ўз ичига олганларни қамраб олади.

Ҳозирда хасталик ҳақида нималар маълум?

1. COVID-19 пандемиясини келтириб чиқарган SARS-CоV-2 вируси болаларга ҳам, катталарга ҳам таъсир қилади. Хитойнинг Шэньчжэн шаҳрида инфекциянинг тарқалишини таҳлил қилиш натижасида болаларда янги коронавирус юқтириш эҳтимоли катталардагидек бир хил деган хулосага келинган.

2. Вирусни юқтирган болаларда симптомлар катталарга қараганда камроқ учрайди. Шу боис яқинда ЖССТ болаларни коронавируснинг яширин ташувчилари бўлиши мумкинлигини маълум қилишганди.

3. Бола қанчалик ёш бўлса, хавф шунчалик юқори бўлади. Хитойдаги 2143 нафар болалар орасида ўтказилган эпидемиологик сўров шуни кўрсатдики, 5 ёшгача бўлган болаларда оғирроқ аломатлар, шу жумладан, нафас олиш муаммолари кузатилади. Иммунитети ҳали тўла ривожланмаган бир ёшгача бўлган чақалоқлар эса энг ҳимоясиз ҳисобланади.

4. Коронавирусни болалардан ҳам юқтириб олиш мумкин. Бу каби ҳолат Ухан шаҳрида исботланди. Маълумотларга кўра, дастлабки бир ҳафта ичида ҳатто ташувчида аломатлар бўлмаса ҳам SARS-CоV-2 ўта юқумли бўлади. Бу вақтда вирус юқори нафас йўлларини беркитиб қўяди ва юқтирган одам йўталганда ёки акса урганда уни бошқаларга ҳам юқтиради.

Ота-оналар учун маслаҳатлар

“Pediatrics” журналида чоп этилган мақолада муаллиф Виржиния университетининг болалар юқумли касалликлари кафедраси мудири Стивен Л. Зейхнер муаммони қуйидагича қўяди: “Кўплаб вирусни юқтирган болаларда енгил аломатлар кузатилади ёки умуман белгилар кўринмайди. Шу боис ижтимоий масофани, гигиена ва бошқа жараёнларни кузатиш жуда муҳимдир. Оила аъзолари орасида ёши катталар ҳамда сурункали касалликка чалинганлар энг юқори хавф остидагилар ҳисобланади“.

Олимнинг сўзларига кўра, ота-оналар бот-бот ўзларидан: “Мен вирус тарқалишининг олдини олиш учун ҳамма ишни қиляпманми?“ дея сўраб туришлари керак.

Болани инфекциядан қандай ҳимоя қилиш керак?

1. Бошқа болалар билан ўтказиладиган барча ўйинларни, қариндошлар билан қилинадиган кечки овқатларни бутунлай бекор қилинг, меҳмонга борманг ва ҳеч кимни уйингизга таклиф қилманг, ижтимоий масофа принципига риоя қилинг.

2. Болаларни катталар олдига яқинлаштирманг. Ўйин майдончасида бола билан ёлғиз ўйнаш ҳам хавфли. Ваҳоланки, вирус ҳар қандай сиртда 48 соатгача яшай олади.

3. Фарзандингизга кунига бир неча марта қўлларини яхшилаб ювишни ва юзларига тегмасликни ўргатинг.

4. Фарзандингизнинг кийимлари ва ўйинчоқларни иложи борича кўпроқ ва тез-тез ювинг.

5. Болани ҳатто қисқа вақтга бўлса қараб туриш учун бировга, айниқса, коронавирусга мойил бўлган инсонлар қўлига берманг.

Манба: xs.uz