Андижон 24

ҲАЙРЛИ ИШ БАРЧАНИНГ ЁРДАМИДА АМАЛГА ОШМОҚДА


14.04.2019   1934

Асака тумани, Эргашобод маҳалласида “Маҳалла гузари” қурилиши олдидан келин-куёвларнинг ҳайрия никоҳ тўйи ўтказилди. Бу ҳақда “auz.uz” сайти мухбири хабар бермоқда.

Унда келин-куёвларнинг ота-оналари, қариндош-уруғлари, маҳалла фаоллари, меҳнат фахрийлари, жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.

Маҳалла фуқаролар йиғини раиси Раънохон Зокированинг маълум қилишича, 910 та хонадонда икки ярим мингга яқин оила истиқомат қилади. Уларнинг 25 таси кам таъминланган ва эҳтиёжманд оилалар ҳисобланади.

- Ўтган йилнинг октябрь ойида маҳалла фаоллари ва оқсоқолларнинг мурожаати қаноатлантирилиб, Асака тумани ҳокими томонидан Янги ҳаёт массивидаги фойдаланилмайтурган ер “Маҳалла гузари” ташкил этиш мақсадида доимий фойдаланиш учун берилди, - дейди Р. Зокирова. – Қарор қабул қилингандан сўнг маҳалламизда яшовчи бир гуруҳ кексалар қурилиш олдидан кам таъминланган Баҳодиржон Бозоровлар оиласи фарзандларининг ҳайрия никоҳ тўйини ўтказиш таклифини илгари суришган ва кунини белгилаб беришган эди. Мана бугун ушбу ҳайрли иш барчанинг ёрдамида амалга ошмоқда. Бундан катта-ю кичик хурсанд.

- Бугун дунёдаги энг бахтли инсонлардан бириман, - дейди Баҳтиёржон Бозоров. –Ҳаётимнинг энг қувончли кунларида барча яқинларим олдимда. Турмуш ўртоғим Зиёдахон билан бирга маҳлладошларимнинг бизга берган ишончини оқлашга ҳаракат қиламиз. Барчага ўз миннатдорчилигимни билдираман.

Тўй маросимида келин-куёвларга янги оиланинг ҳужжати – никоҳ гувоҳномаси, ҳомийларнинг совғалари тантанали равишда топширилди.

Маданият маркази санъаткорлар ва ёш эстрада хонандалари ижросидаги шўх куй-қўшиқлар тадбирга ўзгача кайфият бағишлади.