Андижон 24

ҲАЙР, МАКТАБИМ...


25.05.2019   1026

Андижон шаҳридаги 25-умумтаълим мактаби бундан ропа-роса 80 йил аввал очилган эди. Шу давр мобайнида илм даргоҳидан минглаб ёшлар мустақил ҳаётга қадам қўйдилар.

25 май куни саксонинчи бор ташкил қилинган сўнгги қўнғироқ тадбирида битирувчи синф ўқувчилари, уларнинг устозлари, ота-оналар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар. Кўзларда бир вақтнинг ўзида қувонч ва маъюслик акс этмоқда.

-Мактабимиз 2016 йилда давлат дастурига киритилиб, реконструкция қилинган, - дейди унинг директори Дифузахон Аҳмадалиева. – Шунда мослаштирилган эски бино ўрнида икки қаватли замонавий ўқув корпуси қўрилди. Мактаб ўйингоҳи, спорт зали ва фаоллар учун мажлислар залига эга бўлди.

Бугунги кунда бу ерда 740 нафар ўқувчига билим ва тарбия берилмоқда. Мактабда 11 йиллик таълим жорий этилганидан буён дастлабки 32 нафар йигит-қиз айнан шу бугун устозлари билан ҳайрлашишди. Кўплаб илиқ, дил сўзлари изҳор этилди. Мактабни 30-40 йил муқаддам тамомлаган ва тадбирда қатнашган собиқ ўқувчилардан икки нафари бошланғич таълим олган даргоҳига китоб совға қилдилар.

Бундай тадбирлар майнинг 25-санасида вилоятдаги барча умумтаълим мактабларида бўлиб ўтди.

«auz.uz» online гуруҳи.