ЖАМИЯТ

ҲАЁТНИНГ ОЛТИН ҚОИДАСИ


11.04.2021   794

Инсон дунёга келар экан, умр йўлларида бу турфа ҳаётнинг ранжу азобини, дарду изтиробини, қувончу шодлигини, қўйингки, барча барчасини енгиб ўтиш ҳамда баҳам кўриш йўлида бир нарсага суянади. Изтиробли кунларида уни суяйдиган, керак бўлса, боридан айрилса ҳам уни ҳазрати инсон мақомига лойиқ муҳтарам зотлигини эслатиб турадиган бир нарса бор, у ҳам бўлса илмдир. Илм ва билим ҳақида, инсонни камолотга элтувчи муборак ва машаққатли йўл ҳақида сўз юритмоқ истаганимда, шеърият мулкининг султони Ҳазрат Алишер Навоийнинг қуйидаги сўзлариюрагимда жилваланади: " Йигитликда йиғ илмнинг маҳзани, қарилик чоғи харж қилгилани". Ушбу гўзал битиклар моҳиятига бир лаҳза назар солсак, Ҳазрат ушбу ёзмишларида, инсон ёшликдан илм олиши, келгуси ҳаёт йўлларида ундан йўлни ёритувчи маёқ сифатида фойдаланишини уқтиргандай назаримизда. Шу ўринда негадир юрагингиздан жаҳон харитасида ўз ўрни ва ўз овозига эга бўлган халқимиз томонидан айтилган "Ёшликда олинган билим-тошга ўйилган нақш кабидир" деган мақолнинг бежиз айтилмаганига ишонч ҳосил қиласиз. Қалбингиздан нурли ўйлар ўтсада, илм истаб не-не азобли воқеаларни бошидан ўтказган халқимизнинг асл фарзандлари фаолияти ва уларнинг ибратли ҳаёт тарзи билан танишиш истаги Сизни тинч қўймайди.

Беихтиёр тарих саҳифаларини варақлашни истайсиз. Ўша онларда ҳаттоки, пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг илм талаб қилиш, ҳар бир муслим учун фарздир деган сўзларини кўнгил кўзингиз билан ўқиб, юрагингизга муҳрлаб олмоқ истайсиз. Дарҳақиқат, илмли инсон ҳеч қачон хор бўлмайди. Ҳаёти давомида неки ютуққа эришса, барчасига илм ўргангани, илм олмоқ йўлида чеккан заҳматларининг шарафли ниҳояси сабаб эришганини ҳис қилгандай бўласиз. Ростданда, илм йўли машаққатли, аммо шарафли йўл. Дунё ҳадисшунослик илмининг ривожига муҳим ҳисса қўшган Имом Бухорий ҳазратлари600 минг ҳадисни тадқиқ қилиб, илмдан бошқа нажот йўқ, бўлмагай ҳам деган хулосага келганлар. Бошқача айтганда, бизнинг буюк бобокалонларимиз ўзларининг илми билан бутун жаҳон аҳлини ҳайратга солгани бекорга эмас. Бежизга барча соҳадаги энг гўзал ва муҳим аҳамият касб этадиган асарлар бизда яратилмаганини ўзбекнинг бетимсол аллома, фозил ва фузало инсонлари исботлаб қўйишган. Ҳаттоки, илоҳий китобларнинг энг зўри деб эътироф этиладиган Қурони Карим саҳифаларида ҳам илм сўзи турли маъноларда қўлланилишига кўра, 811 марта тилга олинган. Ҳаттоки, биринчи нозил бўлган оятларнинг биринчи сўзи "Иқро"(ўқи) буйруғи билан нозил бўлганлиги ҳам илмга муқаддас китобларимизда қандай эътибор қаратилганлигини англатади. Демак, бундан кўринадики, ҳаёт йўлларида неки муаммо бўлса, барча барчасига фақатгина илм орқали ечим топсак бўлади. Бу дунёда илмли инсон бажарган иши билан, маънавиятсиз инсон бажарган ишига Аллоҳ ўзи муносиб баҳони беради. Кўнгил бир нарса, дунё сир асрорларини ўрганмоқ йўлида, қанчалар риёзат чексада, илм олмоқ машаққатини ўзга нарсага алмаштиришни истамас. Кези келганда, тириклик дунёсини кузата туриб, илмли инсон келажаги ёруғликдан иборатлигини, илмсизнинг эса ҳаёти заволга юз буришини кўриш мумкин.

Бугун олий таълим муассасаларида ёшлар тарбиясидаги айрим кемтикликлар юрагимизни безовта этганда, бунга битта сабабни асос қилиб кўрсатишимиз мумкин. Ёшларимизнинг билимсизлиги ва илмсизлиги айрим пайтларда ўзлари танлаган йўлдан адашиб ёки нотўғри фикрлар қуршовида, бошқа йўлларга кириб кетиш ҳоллари кузатилмоқда. Шу билан биргаликда, яна бир нарсани айтишни истардимки, бугун ёшлар илм олиб, камолот пиллапоясининг энг юқори чўққиларига чиқишлари ва буюк боболарининг муносиб издошлари бўлиб етишишлари учун барча шарт-шароитлар муҳайё этилган. Бугун умидимиз юлдузларининг барчаси ушбу яратилган имкониятлардан тўғри хулоса чиқараяптими деган саволни туғилиши ва бундан айрим вақтларда юрак азобланиши табиийлиги ҳали бу соҳада қилиниши керак бўлган ва ечимини кутаётган муаммолар борлигини кўрсатади. Бугун ёшларимизнинг нотўғри йўлларга кириб кетмаслиги ва ёт оқимларга қўшилиб кетмаслиги учун барчамиз масъуллигимизни унутмаслигимиз лозим. Шу ўринда биздан талаб этиладиган бир масала борки, ёшларни илм олиш учун тўғри йўналтириш билан боғлиқ муҳим ишларни амалга оширишда соҳа ходимлари етакчи бўлишлари зарур. Шу ўринда қуйидаги ривоят беихтиёр ёдга тушади: "Ривоят қилишларича, Бухоро амири Холид Ибн Аҳмад Зуҳалий Имом Бухорийга амирлар фарзандларига келиб дарс ўтиш ҳақида буйруқ берибдилар. Ўшанда Имом Бухорий "Илм излаб бормайди, илмниизлаб келадилар"деб жавоб берган экан. Демак, бундан кўринадики, истиқболда улуғларимиз ҳаётини, уларнинг ибратли умр йўлларини ўрганиш учун ҳам, буюк боболарига муносиб фарзанд бўлиш учун ҳам ана шу эзгу мақсад йўлида фаолиятимизни янада кенгайтириб, ҳар соҳада етук ва баркамол инсонларни тарбиялаш зиммамиздаги энг муҳим ва улкан вазифа ҳисобланади. Ана шу вазифани шараф билан адо этган инсон борки, илм йўлида, уни тарқатиш йўлида чин фидоий десам муболаға қилмаган бўламан.Инсон ҳар қандай шароитда бўлмасин, илми билан азиз ва мукаррам ҳисобланади. Тириклик дунёсида яшаётган ҳар бир инсоннинг ҳаёт йўли қандай кечиши аввало унинг ўзига ва олган илмига боғлиқ деб ўйлайман.Чунки таҳсил давомида олган мукаммал илми унинг кейинги ҳаёт йўлини белгилаб беради. Шу ўринда яна бир савол Сизни мушоҳадага чорлаши тайин. Илмли инсонни келгусида саодатли ва қувончларга тўла ҳаёт кутади, энг муҳими илмли инсон юртининг тараққиёти ва ривожи учун муносиб ҳисса қўшадиган ҳақиқий инсон бўлиб етишади деяпмиз. Аммо ўша илмни фарзандларимиз қаердан олади деган савол туғилиши табиий ҳол деб ўйлайман.Албатта, илмни зиё масканларидан, нурхона деб эътироф этиладиган кутубхоналардан олади. Фарзандларимизни китобга бўлган меҳрини кучайтириш, китобхонлик маданиятини ошириш борасида олиб бораётган ишларимиз ҳам талаб даражасидамикан деб ўйга толасиз. Бугун ёшларимизни чинданда, китобга бўлган меҳрини оловлантириш учун, китобни севиб ардоқлаб ўқишлари учун ҳам барча имкониятлар мавжуд. Рус ёзувчиларидан бири ўзимдаги энг яхши хислатлар учун китобдан миннатдорман деган эди. Дарҳақиқат, китоб ҳақида қанча сўзласакда, унинг ёшлар тарбиясидаги, умуман инсон камолотидаги беқиёс ўрнига таъриф бера олмайдигандекмиз. Чунки Соҳибқирон Амир Темур ҳазратлари таъбири билан айтганда, китоб ҳаётни ўргатувчи мураббий ҳисобланади. Ана шу мураббийдан ҳаётни ўрганиш учун ҳам илм керак. Илм эса, инсоннинг энг оғир дамларида ҳамдарди, ҳампаноҳи, елкадоши китобда. Умидимиз юлдузларининг қалбига эзгуликни сингдириш учун ҳам дастлаб илм бермоқ саодатидан шодланишимиз керак. Зеро, эзгуликнинг ибтидоси илмдан бошланади. Келинглар азиз замондош, инсон қалбига эзгулик улашиш учун ҳам илм йўлини танлайлик, илмни севувчи бўлайлик!

Ҳадислардан бирида Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: "Ҳеч бир инсон дунёда олим бўлиб туғилмайди, балки илм таълим олмоқлик билан бўлади", - деганлар. Бугун жамиятнинг етакчи кучлари, халқининг юраги уйғоқ инсонлари деб эътироф қилинадиган фозил шахслар, уламолар, шоирлар ҳамма ҳаммалари ўз илмлари билан шу даражага етганлар, албатта олимлик рутбасини олган шахслар хусусида сўз юритганда ҳам ушбу фикрларимиз ўринли бўлади деб ўйлайман. Ҳақиқатдан ҳам ҳеч ким онадан туғилганда бирдан олим бўлиб туғилмайди. Йиллар давомида машаққат билан қилинган меҳнат, фидоийлик билан илм излаш йўлидаги заҳматларни енгиш эвазига олимлик мартабаси жоиз кўрилади. Аммо бу ҳаёт йўлларида шундай ҳодисотларга дуч келасизки, ўзи илм маърифатга эга бўлмай туриб, оммани олдига чиқиб олиб, минг тусда товланиб олиб баъзи кимсаларнингилмдан ваъз ўқиши, мақтаниши бу бориб турган жаҳолат эканлигини англашимиз мумкин. Улар шу йўл билан ақли қосирлари нималарга етишини кўрсатиб қўйганларини билолмай ҳалаклар. Минг афсуски, ўшандай инсонлар атрофимизда бармоқ билан санарли бўлсада, айрим ҳолларда учраб туради. Шу ўринда ўшандай инсонларга қарата ўз ҳаёт тарзингизни ўзгартиринг, ўзингизни тузатинг, бу йўлда Сизга илм маёқ бўлади дегим келади. Ахир, бежизга доноларимиз, "Илм,эгарланган отдир, билганга дўст, билмаганга душмандир" дейишмаган. Шундан келиб чиқадиган бўлсак, дўстларимиз ортиши учун ҳам курашишимиз керак. Бу учун яна илм олишимиз керак. Ҳадисларда, бир соатлик илм ўрганиш, бир кечалик ибодатдан яхшидир дегангап бор. Демак, шундай экан, ҳурматли ёшлар, умрингизнинг бирон онини бекор ўтказманг, бу дамлар ортга қайтмайди.Сиз келгусидаги мақсадингизга етишиш йўлида қатъий илм олсангизгина, сизни келгусида нурафшон келажак кутади. Инсон учун энг буюк шараф ҳисобланмиш илм олиш ҳақидаги сўзларимни Ҳазрати Алининг илм хусусидаги қуйидаги сўзлари билан якунлашни жоиз деб билдим: “Илм пастда турганларни юқори даражага кўтаради. Билимсизлик эса тепада турганларни пастга туширади. Илм мол-давлатдан устундир, чунки бойликни сен асрайсан. Илм эса сени асрайди”, деганлар. Ушбу сўзлар, жаннат ўлкаси, янги Ўзбекистон заминида яшаётган ҳар бир инсон ҳаётининг олтин қоидасига айланмоғи лозим. Зеро, илм ҳаётимиз китобини ёрқин лаҳзаларга ўровчи ва тенгсиз хазина тақдим этувчи уммондир. Шундай экан, келинг азиз замондош, ҳар биримиз илм олиш учун бор кучимизни аямайлик! Зеро, юрт келажаги илмли ёшлар қўлида! Шундай экан, умидимиз юлдузлари мустаҳкам таянчимиз-илмли ва оқил фарзандлар бўлмоғи керак. Биз зиёлилар ана шундай илмли ва иқтидорли ёшларни юрт эртаси учун тарбиялаб бера олсаккина, буюк устозлик ҳаққимизни тўла адо қилган бўламиз деб ўйлайман. Илмни севинг, уни қадрланг, илм бир умрлик ҳамроҳингиз бўлсин!

Мирзоҳид Ботиров
Андижон давлаттиббиёт институти
Ёшлар билан ишлаш бўйича проректори