Андижон 24

Ҳар куни янгилик: ТАШАББУСНИ ЎЗИМДАН БОШЛАЙМАН


04.10.2019   1160

Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус таълим тизимида олиб борилаётган ишлар самарадорлигини ошириш, ёшларнинг қизиқиш ва интилишлари бўйича ўз йўлини танлашида катта имконият бўлмоқда. Андижон шаҳридаги 43 умумий ўрта таълим мактабида ҳам ўқувчиларнинг бўш вақтларини фойдали ва мазмунли машғулотларга йўналтириш мақсадида ижодий, фан, спорт ва қўл меҳнати тўгараклари ташкил этилган. Уларга юзлаб ёшлар қамраб олинган.

“Таълимда ўзгаришни ўзингдан бошла” шиори остидаги тадбирда ҳам ўтган давр мобайнида қўлга киритилган ютуқлар сарҳисоб қилинди. Йўналишлар раҳбарларининг шогирдларига берган сабоқлари асосида чизган расмлари, видеоролик, либослар, пишириқлар, таомлар ва қўл меҳнати намуналари кўргазмаси ташкил этилди. Тажрибалар ўрганилиб, фикр алмашилди.

Ўқитувчилардан иборат “Тўмарис” ва “Барчиной” жамоалари ўртасидаги спорт мусобақалари ҳам қизғин беллашувларга бой бўлди. Унда устозлар ўзларининг жисмоний машқларда тобланганликларини намойиш этдилар. Якуний ҳисоб бўйича “Барчиной” жамоаси ғолибликни қўлга киритди.

“Ташаббусни ўзимдан бошлайман”чақириғига амал қилиб иш олиб бораётган жамоамизда ҳар куни янгилик яратишга, илғор тажрибаларни оммалаштириш ва ўзлаштиришга ҳаракат қилинмоқда. Бу эса ёшлар таълим-тарбияси, истиқболи учун муҳим эканлигини ҳар бир муаллим дилдан ҳис этаётганидан далолатдир.

Зиёдахон ТЎХТАНАЗАРОВА,

мактаб ўқитувчиси.