ЖАМИЯТ

ҲАДЕМАЙ УЛУҒ САНАГА ЕТАМИЗ


21.08.2020   3180

Мамлакатимиз истиқлолга эришган кун. Катта орзиқишлар, ҳаяжонлар, қувончлар билан нишонланадиган сана бу. 1991 йилнинг 1 сентябри – бу халқимиз неча асрлардан буён орзулаб, гоҳ пинхон, гоҳ ошкор курашиб, Ватан мустақиллигини қўлга киритган кун.

Мустақиллик жуда-жуда кўп нарсаларни ўзгартириб юборди, албатта, ижобий томонга. Биргина иқтисодиёт соҳасини олайлик. Истиқлолдан аввал Ўзбекистон, асосан, хомашё етказиб берувчи мамлакат ҳисобланарди. Масалан, ишлаб чиқариш, айтайлик, тўқимачилик, енгил саноат корхоналари кам эди. Меҳнаткашларимиз қора заҳмат билан етиштирган оппоқ пахталар вагон-вагон қилиб ташиб кетиларди. Озми-кўпми ишлаётган саноат корхоналаридаги дастгоҳлар эски эди. Юртимиз истиқлолга эришгач, олиб борилган оқилона сиёсат туфайли барча соҳаларда туб ислоҳотлар амалга оширила бошланди. Саноат корхоналари йирик хорижий давлатларда ишлаб чиқарилган энг сўнгги русумдаги дастгоҳлар билан жиҳозланди. Йиллар ўтиши билан компьютерлашган тизимга ўтилди. Ахборот-коммуникациялар даври бошланди. “Инновацион технология”, “модернизация”, “рақамлаштириш” деган тушунчалар ишлаб чиқаришга, иқтисодиётган том маънода сингдирилди. Бугун мамлакатимиз жаҳон бозорларига хомашё билан эмас, тайёр маҳсулот билан чиқяпти.

Орадан шунча йиллар ўтди. Илк бор мустақилликка эришган давлатимиз ўшанда ташқи дунё билан алоқа ўрнатишда, халқни мустамлакачилик асорати қолдирган иқтисодий, маънавий, ижтимоий, маърифий ва миллий инқироздан қутқаришда, ўзбек давлатчилигини мустаҳкамлаш ва унинг жаҳон цивилизациясида тутган ўрнини юзага чиқаришда қатъий ва собит бўлди.Танланган йўл ҳам, мустақилликни эълон қилишдан мақсад ҳам аниқ эди. Жаҳон жамоаси Ўзбекистонни журъати ва жасорати, изчиллиги ва қатъияти билан қучоқ очиб қабул қилди, десак муболаға бўлмайди.

Истиқлолдан сўнг иқтисодиётда позитив ўзгаришлар кузатилиши бошлангани сир эмас. Масалан, сўнгги йилларни таҳлил қилайлик. Ўтган йилда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар 4,2 миллирад долларни ташкил этиб, 2018 йилга нисбатан 3,1 миллиард долларга ёки 3,7 баробар ўсди. Сщнгги икки йилда иқтисодий ўсиш 5,6 фоизни ташкил этди, саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажми 6,6 %га, экспорт 28 %га кўпайди, 2018 йилга нисбатан олтин-валюта заҳираларимиз 2,2 миллиард долларга ортиб, 28,6 миллиард долларга етди.

Солиқ ислоҳотида ҳам ижобий натижаларга эришилаётганини алоҳида қайд этиш жоиз. Янги солиқ сиёсати доирасида иш ҳақига солиқ юки 1,5 баробар камайтирилди, натижада расмий секторда ишлаётганлар сони йил давомида 500 мингтага кўпайди. Охирги икки йилда ислоҳотлар натижасида 93 мингта ёки 2018 йилга нисбатан қарийб 2 баробар кўп тадбиркорлик субъектлари ташкил этилди.

Мустақиллик туфайли макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, инфляцияни жиловлаш, тармоқларни монополиядан чиқариш, давлат томонидан нархлар белгиланишини тартибга солишни бекор қилиш ва “яширин иқтисодиёт”га барҳам беришга эришилмоқда. Бюджет маблағларининг мақсадли ва оқилона сарфланиши устидан назорат кучайтирилди.

Банклар соҳасидаги ислоҳотлар ҳам айтишга арзийди. Барча банклар бўйича капитал, ресурс базаси ва даромадларини оширишга алоҳида эътибор қаратилган ҳолда трансформация дастури амалга оширилмоқда. Замонавий банк амалиёти, менежменти ва янги хизматларини жорий этиш учун раҳбарлик лавозимларига малакали мутахассислар тайёрлаш ҳам жадаллик билан олиб борилмоқда.

Аслида айтганларимиз истиқлолнинг муайян имкониятлари, неъматлари холос. Мустақиллик улғайиб боргани сари имтиёзлар, қулайликлар, шарт-шароитлар шунча кўпайиб бораётганини қувонч ва фахр билан таъкидлаш зарур.

Жавлонбек ЭРГАШЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.