Андижон 24

Касб-ҳунар таълими: ТАДБИРКОРЛИК САРИ ЙЎЛ КОЛЛЕЖДАН БОШЛАНЯПТИ


28.02.2019   1924

Муҳаммадазиз болалигидан тадбиркорликка қизиқади. Қишлоқ боласи эмасми, айниқса, ерга меҳри бўлакча. Томорқасини чопади, экин экиб парваришлайди, қозонга тушадиган барчасини яратади. Ҳисоб-китобга ҳам бинойидек. Изланувчан йигитча Андижон банк коллежидаги ўқишини тамомлаш арафасида 17 миллион сўм банк кредити эвазига ўз тадбиркорлигини бошлади. Ёш бўлишига қарамай, иссиқхона ташкил қилди ва 4 та иш ўрни яратди. Деҳқончилик сирларини катталардан ўрганиб, помидор-бодиринг етиштирмоқда. Ёш тадбиркор ҳам оила даромадига, ҳам эл дастурхонига баҳоли қудрат ҳисса қўшяпти...

2005 йилдан ташкил этилган ушбу коллежда банк иши, бухгалтерия, молия ҳамда менежмент каби йўналишлар бўйича мутахассислар тайёрланади. Ҳозирда 800 дан ортиқ йигит-қиз таълим олмоқда. Жорий йилда мазкур даргоҳни тўрт юз элликка яқин битирувчи тамомлайди. Ўқитиш сифати ва самарадорлигини янада ошириш, банк соҳасидаги янгиликларни ўқув жараёнига жорий этиш борасида самарали ишлар амалга оширилаётир. Вилоятда кластер усулида ташкил этилаётган тўқимачилик корхоналари учун замонавий жиҳоз ва техникаларни бошқарувчи ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳалари бўйича кичик мутахассислар тайёрлаш йўлга қўйилган. Ўқув жараёнида мавжуд банклар билан мақсадли ҳамкорликлар ташкил этилган. Бюджетдан ташқари маблағлар топиш инновацион технологиялардан фойдаланган ҳолда бажарилмоқда.

Коллежда “Ҳар бир оила-тадбиркор” дастурининг моҳияти, томорқа ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш борасида Илмий маслаҳат маркази фаолияти йўлга қўйилган. Бириктирилган банк муассасалари ходимлари билан учрашувлар, имтиёзли кредитлар олиш, ишбилармонлик мавзуларига бағишланган семинарлар ўтказилмоқда. Таҳсил олаётган иккинчи ва учинчи курс талабаларининг аксарияти йирик корхона ва ташкилотлар билан тўрт томонлама шартномалар имзолаган.

2017-2018 ўқув йилида коллежни тамомлаганўқувчилардан 307 нафарининг бандлиги таъминланди ва ўз мутахассислиги бўйича ишлашмоқда. Бугун юртимизда зукко, билимли ёшларга ўз истеъдодини намоён этиши, илк тадбиркорлигини бошлаш учун қулай шарт-шароитлар яратилган, имтиёзлар берилган. Чорвачилик, балиқчилик, асаларичилик ва кичик мутахассислар тайёрлаш йўлга қўйилган. Жумладан. умумтаълим мактаби ёки бошқа касб-ҳунар коллежини тамомлаганлар учун шартнома асосида 18 ойлик ўқув курслари ташкил этилди. Ҳозирда 30 нафар ёш йигит-қиз шу йўналишда таҳсил олмоқда.

Буларнинг барчаси жисмонан ва маънан етук, истеъдодли, мустақил фикрлайдиган инсонларни тарбиялашдек эзгу мақсад йўлида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг амалдаги ифодасидир.

Муҳайё ТЎРАЕВА,

Дилшодбек МАДАМИНОВ,

коллеж ўқитувчилари.