Бугуннинг гапи

Қариндошингиз судланганми? Энди бу савол берилмаслиги мумкин


06.03.2018   262

Меҳнат кодекси 78-моддасининг иккинчи қисмига қўшимча ва ўзгартиш киритилиб, шахснинг муқаддам судланганлиги, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно ёҳуд яқин қариндошларининг судланганлиги муносабати билан ишга қабул қилишни рад этилишини тақиқловчи нормани ўрнатиш назарда тутилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев “20 йил давомида шунақа тизим яратилдики, яхши-яхши кадрларни “отаси қамалган”, “акаси қамалган” деган важлар билан бошқарувга яқин йўлатмадик. Барча ўзи учун жавоб берсин. Ота ўзи учун, бола ўзи учун, ака ўзи учун. Энди ватанпарвар бўлса, ташаббускор бўлса бошқарувга жалб қиламиз”, деб таъкидлаган эди.

Бу фикрлардан кейин Адлия вазирлиги тегишли қонун лойиҳасини тайёрлади. Бу ҳақда Адлия вазири Русланбек Давлетов ЎзА мухбирига 2017 йил декабрь ойида берган интервьюсида маълум қилиб, лойиҳада Меҳнат кодексининг 78-моддасига шахсни ишга қабул қилишни ғайриқонуний равишда рад этишни тақиқловчи норма назарда тутилаётгани айтилган эди.

Халқимиз кутаётган мазкур қонун лойиҳаси қачон қабул қилинади? Бу ҳақда аниқ маълумот олиш учун мухбиримиз Адлия вазирлиги Қонунчилик бош бошқармаси бошлиғи Худоёр Мелиевга мурожаат қилди:

— Фуқароларнинг эркин касб танлаш ва меҳнат қилиш ҳуқуқлари Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Меҳнат кодекси, “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгилаб қўйилган.

Бош Қомусимизга кўра, ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эга.

Амалдаги қонунчиликда шахснинг ўзини ёки яқин қариндошларини муқаддам судланганлиги муносабати билан ишга қабул қилишни рад этилиши тартиблари аниқ белгиланмагани, фуқароларнинг меҳнат қилиш ва эркин касб танлаш ҳуқуқини тўлиқ амалга оширилишига тўсқинлик қилмоқда. Ушбу ҳолат, амалиётда шахсни яқин қариндошларининг ёки ўзининг судланганлиги муносабати билан ишга қабул қилишни рад этиш ҳолатлари кузатилмоқда.

Юқоридагиларни инобатга олиб тайёрланган қонун лойиҳаси билан Меҳнат кодекси 78-моддасининг иккинчи қисмига қўшимча ва ўзгартиш киритилиб, шахснинг муқаддам судланганлиги, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно ёҳуд яқин қариндошларининг судланганлиги муносабати билан ишга қабул қилишни рад этилишини тақиқловчи нормани ўрнатиш назарда тутилмоқда.

Ушбу лойиҳанинг қабул қилиниши муқаддам судланган, жазони тўлиқ ўтаб келган шахсларни аҳлоқан тузатиш, янги жиноят содир этишининг олдини олиш, ишга жойлаштириш ва нормал ҳаётга мослаштириш масалаларини ҳал этишга йўналтирилади.

Қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан учинчи ўқишда қабул қилиниб, Олий Мажлис Сенатига кўриб чиқиш учун юборилган.

Ҳозирда ушбу қонун Сенатнинг ялпи мажлисида кўриб чиқиш учун тайёрланмоқда.

Қонун қабул қилинган тақдирда t.me/huquqiyaxborot каналида батафсил ахборот берилади.

Норгул Абдураимова,

ЎзА сайтидан олинди.