Андижон 24

Қ А Р О Р : ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ АНДИЖОН ВИЛОЯТИ КЕНГАШИГА ДЕПУТАТЛАР САЙЛОВИ БЎЙИЧА АЙРИМ САЙЛОВ ОКРУГЛАРИДА ТАКРОРИЙ ОВОЗ БЕРИШНИ ЎТКАЗИШ ТЎҒРИСИДА


24.12.2019   1582

Халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгашига депутатлар сайлови 2019 йил 22 декабрда бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига тўла мувофиқ равишда очиқ ва ошкоралик шароитида ўтган сайловда 1 273 449 нафар ёки рўйхатга киритилган сайловчиларнинг 74,9 фоизи қатнашди.

Халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгашига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссияларининг округ бўйича сайлов натижаларини аниқлаш ҳақидаги баённомаларини кўриб чиқиб, 2 та сайлов округи бўйича депутатликка номзодлардан биронтаси ҳам сайланиш учун зарур бўлган овозларни тўплай олмаганлигини аниқлаб, Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 20, 59 - моддаларига мувофиқ халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгашига сайлов ўтказувчи Андижон вилоятисайлов комиссияси

Қ А Р О Р Қ И Л А Д И:

1. Халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгашига депутатлар сайловини ўтказувчи 2 та сайлов округида такрорий овоз бериш 2019 йил 5 январь – якшанба куни ўтказилсин.

Белгилаб қўйилсинки:

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 59-моддасига мувофиқ такрорий овоз бериш сайлов округи бўйича энг кўп овоз олган икки нафар номзод бўйича ўтказилади;

такрорий овоз бериш асосий сайловни ўтказиш учун ташкил этилган сайлов участкаларида илгари тузилган сайловчиларнинг рўйхатлари асосида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг талабларига мувофиқ ўтказилади.

2.Халқ депутатлари Андижон вилоятиКенгашига депутатлар сайлови бўйича айрим сайлов округларида такрорий овоз беришга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш юзасидан тадбирлар дастури тасдиқлансин.

3.Халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгашига депутатлар сайловини ўтказувчи тегишли округ ва участка сайлов комиссиялари такрорий овоз беришни Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси талабларига қатъий амал қилган ҳолда ўтказишни таъминласинлар.

4.Халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгаши депутатлари сайлови бўйича такрорий овоз бериш учун бюллетенлар нашр этиш ва жойларга етказиб бериш билан боғлиқ ишлар халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгашига сайлов ўтказувчи вилоят сайлов комиссиясининг 2019 йил 26 ноябрдаги “Халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгаши сайловига доир сайлов бюллетени намунасини тасдиқлаш тўғрисида”ги 33-сон қарорида белгиланган тартибда амалга оширилсин.

5. Ушбу қарор маҳаллий оммавий ахборот воситаларида эълон қилинсин.

6. Мазкур қарор ижросини назорат қилиш вилоят сайлов комиссияси раиси ўринбосари Н.Мўминов зиммасига юклатилсин.

Вилоят сайлов

комиссияси раиси Ф. Бузруков