ЖАМИЯТ

ИЗБОСКАНЛИК ТУРСУНОЙНИНГ ШЕЪРЛАРИ АМЕРИКАДА ЎҚИЛМОҚДА


20.06.2019   2168

Турсуной Ашуралиева Избоскан ижтимоий-иқтисодиёт касб-ҳунар коллежини тамомлади. У болалигидан китоб билан ошно тутинди, адабиётни севди. Ёш ижодкор вилоят Ёзувчилар уюшмаси томонидан ташкил қилинган “Бобур издошлари” адабий тўгарагида таниқли шоир ва адиблар ижоди билан танишди, улардан сабоқ олди. Мумтоз адабиётимизни мутолаа қилиш асносида шеър ва ғазаллар ёзишга қизиқди. Шундан бўлса керак, қалби шеъриятнинг сирли оламида кезмоқда, мунчоқ-мунчоқ сатрлар билан тўлмоқда.

Бор меҳри, қалб қўрини сатрларга жо қилган Турсуной сўзларга сеҳр бериб ўз мухлисларини топди. Қаламидан тўкилган мисраларда она Юртни қадрлаш, болаликнинг беғубор дамларидан завқланиш, меҳр-муҳаббат, эзгулик ва одамийлик туйғулари ифодаланмоқда.

Турли танловларда ғолиб бўлган Турсуной Ашуралиеванинг илк китоби “Сен мени билмайсан” деб номланди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ташаббуси билан Ўзбекистон, Қирғизистон, Тожикистон республикалари ижодкор ёшлари ўртасида ўтказилган ёш қаламкашларнинг “Муҳаммад Юсуф издошлари” номли танловида ғолиб бўлгач унинг “Она дуоси” шеърлар тўплами инглиз тилига таржима қилинди ва жорий йилнинг апрель ойида Америка Қўшма Штатларининг Аризона штатида алманах тарзида чоп этилди. Хорижлик тенгдошлари, шеърият мухлислари қалбидан жой олган ушбу китоб Англияда яна 1000 нусхада нашр қилинди.

Турсунойнинг орзуси журналист бўлиш. У Юртбошимиз томонидан ёшларга қаратилаётган эътибор ва имкониятлардан фойдаланиб билим олмоқда, изланмоқда, ижод қилмоқда. Келажакда Нодирабегим, Увайсий, Саида Зуннунова, Зулфияхоним каби момоларига издош бўлишига тилакдошмиз.

М. Рустамов.

Муаллиф олган сурат.