Андижон 24

ИСТЕЪДОДЛАР КАШФ ЭТИЛМОҚДА


23.04.2019   3362

Японияда ўтказилган Халқаро болаларрасмлари танловида Андижон ихтисослаштирилган санъат мактаби ўқувчилари Сарвиноз Мухторова, Ҳайитбой Нурматовлар табиат мавзусидаги ижодий ишларини топширдилар ва улар Халқаро каталогдан жой олди.

Ижодкор ёшлар Регистон майдонида ташкил этилган тасвирий ва амалий санъат фестивалида ҳам ижодий ишларининамойиш қилмоқдалар.

– Энг яхшиларини саралаб, вилоятимиз рамзини яратиш мақсадидамиз, – дейди мактаб директори Абдурафуқ Раҳимов.


Фестивални ўтказишда Ўзбекистон Бадиий академияси Бадиий ижодкорлар уюшмаси вилоят бўлими ҳам фаол. Бўлим бошлиғи Дилшодбек Юсуповнинг маълумотига кўра, устоз-шогирд анъаналарига асосан таниқли рассомлар ёшларга ўз тажрибаларини ўргатмоқдалар.

Айни кунларда Жомеъ мажмуасида ижодкорларнинг асарларини намойиш этишга мослаштирилган кўргазмалар зали ишга тушиши режалаштирилган. Унда нафақат вилоятимизда, балки қўшни республикаларда ижод қилаётган рассомларнинг ҳам ижодий ишлари намойиш этилади.

Туризм салоҳияти ошиб бораётган бугунги кунда миллий ҳунармандчилик маҳсулотларининг тури кўпайиб бораётгани қувонарли. Низомжон Эрғозиев оиласи билан турли хил қўғирчоқлар ясайди. Улар меҳмонлар, сайёҳларга манзур бўлмоқда.

– Ҳунарим ортидан кам бўлмадим, – дейди у. – Турмуш ўртоғим Марямхон, 3 нафар ўғлим, келинларим, қизим, 2 та қўшним, жиянларим юмуш билан банд. Кўргазмаларда ёшларнинг маҳсулотларимизга ҳавас билан қараши улардаги санъатга қизиқишидан далолатдир.

Майдондаги саҳнада ўқувчи ёшлар шеърлари, қўшиқ ва рақслари билан йиғилганларга хуш кайфият улашмоқдалар. Фестивал ёш қобилиятлиларни кашф қилишда давом этади.

М. ТЎХТАНАЗАРОВ.

Хурсандбек Араббоев олган суратлар.