Андижон 24

ИШ ҲАҚИ ҲУЖЖАТЛАРИДАГИ ХАТОЛИКЛАР СУД ТОМОНИДАН БАРТАРАФ ЭТИЛДИ


14.11.2023   1214

Қўрғонтепалик Баҳролиддин Носиров пенсия ёшига етиб, тегишли ҳужжатларни расмийлаштираётган пайтда муаммо келиб чиқди. Яъни у 1981-2006 йиллар давомида ширкат хўжалигида ишлаган бўлса-да, иш ҳақи ҳужжатларида исми “Баҳром” дея нотўғри қайд этилган экан. Бу чалкашлик эса, турган гапки, унга нисбатан пенсия тайинланишига тўсқинлик қилади.

Худди шундай муаммо Марҳамат туманида яшовчи Абдуҳошим Бойбуваевни ҳам четлаб ўтмади. Жумладан, архивдан унинг ширкат хўжалигида 1981-1997 йилларда олиб борган меҳнат фаолиятига доир маълумотлар олиб ўрганилганда, иш ҳақи ҳужжатларида исми “Ҳошимжон” дея ёзилганлиги аниқланди. Оқибатда унга ҳам ёшга доир пенсия тайинлаш масаласи савол остида қолди.

Қайд этилган ширкат хўжаликлари эса тугатилган, табиийки бу хатоликларни тўғрилашнинг имконияти йўқ. Шундан келиб чиқиб, ҳар икки фуқаро ҳам хатоликларни бартараф қилиш мақсадида юридик аҳамиятга эга бўлган фактни белгилаш ҳақидаги ариза билан фуқаролик ишлари бўйича Қўрғонтепа туманлараро судига мурожаат қилишди.

Олий суд Пленумининг “Юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни белгилаш ҳақидаги ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги Қарорининг 4-бандига кўра, суд юридик фактни аниқлаш ҳақидаги аризани, агар аризачи юридик аҳамиятга эга бўлган фактни ҳужжат билан тасдиқлашнинг бошқа имкониятига эга бўлмаса, кўришга қабул қилади, деб кўрсатилган.

Суд масалани атрофлича ўрганиб, аниқланган ҳолатлар ва қонун талабларидан келиб чиқиб, юридик аҳамиятга эга бўлган фактни белгилаш ҳақидаги ҳар икки аризани ҳам қаноатлантиришни лозим топди. Суднинг ҳал қилув қарори билан ҳужжатлардаги хатоликлар, хусусан, иш ҳақига оид ёзувларнинг аризачиларга тегишли эканлиги факти белгиланганлиги эса номлари зикр этилган фуқароларни ўйлантираётган муаммога нуқта қўйиб, уларнинг пенсия олиш ҳуқуқини тиклади.

Рустамжон Султонов,

фуқаролик ишлари бўйича Қўрғонтепа туманлараро суди раиси