Андижон 24

ИҚТИДОРЛАР КАШФ ЭТИЛМОҚДА


26.06.2019   1149

ХОНОБОД (Аuz.uz). Шаҳарнинг Шоҳсупа майдонида беш ташаббуснинг биринчи йўналиши бўйича ёшларниннг кўргазмалари намойиш этилди. Избоскан туманидаги 13-мактаб ўқувчиси Иззатилло Рустамов асфальтга расм чизишда ўзига хос инновация яратди. Оддий ёғоч қириндисини турли рангларга бўяб, сурат чизди.

-Бундай услубдаги суратни узоқ сақлаб бўлмайди, - дейди тасвирий санъат фани ўқитувчиси Дилфуза Болтабоева. – Шунинг учун турфа ранглардаги ёғоч қириндисидан асфальтга эмас, қоғоз, матога расм солиш устида тажриба олиб бормоқдамиз. Беш ташаббус доирасида тасвирий санъат йўналишида кўплаб ёшлар ўз имкониятларини юзага чиқармоқда.

Хонободдаги фестиваль жорий йилнинг март ойидан старт олган тадбирлар самарасини ифода этди.

- Шу кунга қадар коллеж ва лицейларда мингга яқин тадбир ўтказилди, - дейди вилоят ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Илҳомжон Ортиқбоев. –Хонободга ўша тадбирларда ғолиб бўлган ўқувчиларимиз билан келдик. Лойиҳа доирасидаги натижаларгатўхталадиган бўлсак, у чиндан ҳам кутилмаган иқтидорларни кашф этишга имкон бермоқда. Аваллари санъат ва спорт тадбирлари фақат шу йўналишдаги ўқув муассасаларида ташкил этиларди. Гўёки бошқа йўналишларда таҳсил олаётганларда иқтидор йўқдек. Масалан, қурилиш коллежида ҳаваскор театр-студия тўгаракларида астойдил шуғулланаётган ёшларни учратдик. Маҳорат етишмасада, интилишларитаҳсинга лойиқ.

Ўзбекистон халқ артисти Эркин Комилов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Турсунбой Парпиев ва бошқа таниқли ижодкорлар томонидан ўтказилган маҳорат дарсларида нафақат санъат коллежи, балки бу соҳага алоқадор бўлмаган коллеж ўқувчилари ҳам катта қизиқиш билан иштирок этдилар.

- Бундан ташқари яқинда Андижон машинасозлик институтида ўтказилган инновацион ғоялар кўрик-танловида ўқувчиларимиз биринчи, иккинчи, учинчи ўринларга сазовор бўлди. Бу ҳам беш ташаббуснинг ифодасидир, -дея сўзини давом эттирди Илҳомжон Ортиқбоев.

Ташаббус доирасида барча шаҳар ва туманда деярли узлуксиз равишда турли тадбирлар ўтказиб келинмоқда

Андижон тумани марказида китоб фонди 4 мингга яқинкутубхона ва китоб дўкони очилди, - дейди туман ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маданий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Фарҳод Қўшақов. - Бундан ташқари маданият ва истироҳат боғида Маданият вазирлигига қарашли Ўзбекистон филармониясининг концерт дастури намойиш этилди. Концертга ҳар бир маҳалладан эътибордан четда қолаётган ёшлар, уй бекалари ва фахрийлар таклиф этилди.

- Энг чекка қишлоқлардаги аҳоли вакилларининг ҳам спорт, санъат ва маданиятга қизиқишларини кузатиш мумкин, - дейди Пахтаобод тумани ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маданий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Давронбек Сатторов. – Яқинда тумандаги Уйғур қишлоғида бўлиб ўтган тадбирга аҳолининг каттаю-кичиги ўз хоҳши билан чиқиб, фаол иштирок этдилар. Айниқса, фарзандларининг спортдаги ютуқ ва кўргазмали чиқишларини томошаларидан завқландилар. Юртимизда ёшлар учун яратилаётган шароитлардан мамнунликларини ифода этдилар.

- Набирам Маҳмуджоннинг каратэдаги ютуқларидан бехад қувондим, -деди 70 ёшни қоралаётган Холидахон буви. – турли мусобақаларда фахрли ўринларни қўлга киритаётгани бугунги яратилаётган шароитларга муносиб жавоб деб ўйлайман.

- Гиёҳвандлик ёмон иллат эканлигини чизган расмларимда ифода этдим ва тенгдошларимни бу ёмон одатларга яқинлашмасликларига чақирдим, -дейди Жалақудуқ педагогика ижтимоий-иқтисодиёт коллежи ўқувчиси Зулайҳо Камолова.

Зулайҳо каби кўплаб истеъдодли ёшлар чизган суратларда бугунги тадбирнинг мазмун-моҳияти намоён бўлди.