ЖАМИЯТ

Ифторликдан сўнг мутолаа: ҚЎШНИ ЧАҚИРИЛМАГАН ЗИЁФАТ


01.06.2018   1287

Давронбек тадбиркорликка қўл урдию, бойиб кетди. Ота ҳовлисини бузиб, ўрнида катта кошона қурди. Уйи битиши билан дўсту ёрларини ифторликка чорлади. Таклиф этилган масжид имоми барвақтроқ келди. Ичкарига киришга қанча зўрлашмасин, унамади.

– Маҳалла, қўни-қўшнилар билан кираман, – деди у.

Оғиз очиш пайти яқинлашиб қолди. Айтилганларнинг деярли барчаси келишди. Аммо, имом домла уйга кирай, демасди. У кўзларини ерга тикканча ўтирар, ора-сиракелаётганларга қараб қўярди. Ахийри, ўрнидан қўзғалди.

– Давронбек...

– Лаббай, домла! Қани, ичкарига кирайлик. Оғиз очиш вақти ҳам бўлиб қолди...

– Давронбек, маҳалладан одам айтувдингизми?

– Ҳа, домла, киришди-ку...

– Мен қўшниларингизни назарда тутяпман, – деди имом унинг кўзларига тик боқиб. – Анави ўқитувчи Иноятулло домла чиқмади. Ён-атрофингиздаги қўшниларингиз ҳам кўринишмади. – Кейин, рўпарадаги кўримсиз эски иморатга ишора қиларкан сўради: – Рўзиқулникимиди? У нега чиқмади?

Давронбек қизаринди. У бирор арзирли баҳона топишга уринар, аммо, тилига гап келмасди. Ахир, ифторликка казо-казоларни таклиф этгани, қўшниларининг ҳаммаси ҳам бу даврага лойиқ эмаслигини қайдан айтсин.

– Энди, домла...

– Ҳа, тушунарли. Бойларни чақирдим, денг...– Сўнгра барча эшитсин, дегандек, овозини баландлатди. – Қорни тўқларга берилган зиёфат ҳам исрофгарлик белгисидир. Сиз ҳозир ўз дўстларингизни, бой-бадавлат кишиларни анвойи таомлар билан меҳмон қиласиз. Шу вақтда бир неча қўшниларингиз, муҳтожлар қуруқ нон-чой билан оғиз очадилар. Расулуллоҳ (с.а.в) "Ким ўзининг қорни тўқ бўлиб, қўшниси оч ҳолида ўтирган бўлса, у киши чин мўмин эмасдир," деганлар. Қолаверса, бой рўзадорнинг дуосидан камбағал рўза тутувчининг дуоси, албатта, ижобат бўлади...

– Тушундим, домла, – деди узр сўраркан Давронбек. – Энди ичкарига кирайлик. Одамлар кутиб қолишди...

– Йўқ, Давронбек, қўшни сиғмаган кенг уйга мен қандай сиғаман? Мен, яхшиси, уйда ифтор қила қолай. Узр...

Давронбек эса уни қайтаришни ва бирор сўз айтишниҳам билмай, жим туриб қолди.

Нажмиддин ИКРОМИЙ.