Андижон 24

ХОНОБОДДАГИ МАҲАЛЛАЛАРДА 150 ТАДАН ТЕРИМЧИЛАР РЎЙХАТИ ШАКЛЛАНГАНИ ИДДАО ҚИЛИНДИ. БИРОҚ ХАБАР ЎЗ ТАСДИҒИНИ ТОПМАДИ


18.09.2019   9800

17 сентябрь куни ижтимоий тармоқларда “Ҳар бир маҳаллага 150 нафардан “кўнгилли” теримчи топиш юкланди” сарлавҳали материал чоп этилди. Унда Хонобод шаҳридан мактуб йўлланаётганлиги, вилоят ҳокимининг “бюджет ташкилотлари ходимлари пахта теримига чиқмайди” деган гапи ёлғон бўлиб чиққани, айни пайтда тузилаётган теримчилар рўйхатига тиббиёт вакиллари ҳам, мактаб ва боғча ходимлари ҳам киритилгани таъкидланди. Шунингдек, ҳар бир маҳалла 150 нафар “кўнгилли” теримчи олиб чиқиши керак эканлиги билдирилганлиги қайд этилган эди. Ушбу масала юзасидан “auz.uz” сайти журналистик суриштирув олиб борди.

Султонободдан ўтиб шаҳарга кириб борар эканмиз, ҳудуддаги ўзгаришларни кўриб қувондик. Олиб борилган бунёдкорлик ишлари Хонободнинг чиройига чирой қўшаётганлигини хис этасан киши. Холис бўлиш ҳеч қайси мутасаддига хабар бермасдан шаҳардаги таълим ва тиббиёт муассасаларига кириб, ушбу ташкилотларда меҳнат қилаётган ходимлар билан суҳбатлашдик.

Биринчи манзилимиз 1-умумтаълим мактаби бўлди. Бино кирганимизда биология фани ўқитувчиси Қимматхон Кенжаохунова навбатчиликда экан.

- Хонободга келин бўлиб тушганман, ўзим султонободликман, - дейди у. - Пахта бизга бегона эмас. Деҳқоннинг қандай меҳнат қилишини яхши биламан. Шу сабабли агарда пахтага чиқ дейишса, кўпга келган тўй, дея этакни олиб далага отланган бўлардим. Бироқ бу йил бизга қатъий топшириқ бўлди. Хаттоки яқинларимиз фермер бўлса ҳам пахта теримига бормаслигимизни, дарсларимизнинг сифатини оширишимиз зарурлигини айтишди. Дам олиш кунида бўлса ҳам пахтага чиқиш таъқиқлаб қўйилди.

Мактабнинг илмий бўлими мудири Ҳамидахон Қурбонованинг айтишича, педагоглардан фақат таълим сифатини ошириш талаб қилинмоқда. Ўқувчиларнинг ота-оналари огоҳлантирилиб, улардан фарзандларини бирга пахта далаларига олиб чиқмаслик тўғрисида тилхат олинган.

Кейинги манзилимиз кўп тармоқли марказий поликлиника бўлди. Бу ерга ташриф буюрганимизда ўзини муолажа ҳамшираси дея таништирган Ойдиной Нўъмонжонованинг суҳбатини олдик. У иш вақти тугаб, уйга кетаётганини билдириб, саволларимизга қисқача жавоб берди.

- Август ойининг охирларида бош шифокор томонидан умумий йиғилиш ўтказилган эди. Унда жорий йилда ҳеч ким хоҳласа ҳам пахтага чиқмаслигини, иш вақтида ишда, дам олиш кунларида эса уйда оиламиз бағрида бўлишимиз зарурлигини тушунтирган. Пахта бошланганлиги ҳақида эшитганимизга бир неча кун бўлган бўлсада, бир маромда ишлаб келмоқдамиз. Агарда кимдир пахтага хайдаса албатта сизларга мурожаат қиламиз.

Хонобод шаҳар тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Раънохон Абдуманнобова: “Бирлашмамиздаги санитаркаларимиз пахта йиғим-теримини интиқлик билан кутишарди. Ўтган мавсумдан теримга чиқа олишмаяпти. Кўпчилиги ишдан таътил олиб, шундан фойдаланган ҳолда пахта териб пул топиш мақсадида эканлигини билдиришди. Бироқ тиббиёт ходимларининг бирортасига рухсат берилмаганлигини айтганимизда ҳафа бўлишмоқда. Улар билан суҳбат ўтказиб, тушунтириш ишлари олиб бормоқдамиз. Тизимдаги шифокордан тортиб санитаркаларгача ўз жойида меҳнат қилишда давом этиб, аҳолига тиббий хизматни ўз вақтида кўрсатишга ҳаракат қилмоқда”.

- Шаҳримизда 4 та давлат, 1 та нодавлат ва 4 оилавий мактабгача ташкилотларимиз фаолият олиб боради, - дейди шаҳар мактабгача таълим бўлими мудираси Лолахон Атабоева. – Пахтага чиқариш бўйича топшириқ олганимиз, ёки тарбиячиларимизни жалб қилганимиз йўқ. Аксинча, таълим сифатини ошириш мақсадида ҳаракат қилаяпмиз.

Рўйхатдаги бир нечта фуқаролар билан телефон орқали сухбатлашишга уриндик. Уларнинг аксарияти уйда эканликларини, давлат ташкилотларида ишламасликларини, агарда пахта бошланди, дейилса мадад гуруҳи билан деҳқонларга ёрдам беришга чиқишлари мумкинлигини айтишди. Айрим аёллар эса бундай рўйхатда борлигидан таажжубдалигини билдиришди.

“Ижтимоий тармоқда тарқалган рўйхат аслида Кампировот маҳалласида яшовчи хотин-қизларнинг бандлиги тўғрисидаги маълумот ҳисобланади. Бунда жадвалдаги устунларга алоҳида эътибор қаратишингизни сўраб қоламан. Чунки, бешинчи устунда аёлларнинг қаерда ишлашлари ёки уйда нима билан бандлиги қайд этилган. Ишонмасангиз, рўйхатдаги телефон рақамларига қўнғироқ қилиб сўрашингиз мумкин”, - дейди шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раиси Мухтасархон Хошимова.

Саволларимизга жавоб олиш мақсадида шаҳар ҳокимлигига келганимизда шаҳар ҳокими Мусахон Мамадалиев Президент селектридан энди чиққанлигини айтиб, саволларимизга жавоб берди.

- Ой бошида шаҳримиз марказидаги боғнинг ёзги амфитеатрида вилоят ҳокимининг ўринбосари Манзурахон Юнусова ижтимоий соҳага қарашли бошқарма бошлиқлари иштирокида учрашув ўтказган, - дейди шаҳар ҳокими. – Шу куни таълим, тиббиёт соҳаси ходимларига пахтага чиқмаслик бўйича тушунтиришлар берилган. Ўзлари хоҳлаётган маҳалла фаолларига эса, биз, саноат ва туризмга ихтисослашган ҳудуд эканлигимизни билдирганмиз. Турли кўнгилсиз ходисаларнинг олдини олиш мақсадида мазкур рўйхат шакллантирилган. Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларни асоссиз, деб ҳисоблайман. Ҳозирда айрим корхоналаримизда ишчи кучи етишмаётганлигини ҳисобга олиб, бандлиги таъминланмаган фуқароларимизни ҳокимликка мурожаат қилишларини сўраб қоламан.

Мазкур масала юзасидан вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов билан бевосита боғланишга ҳаракат қилдик.

- Терим олдидан аввало Президентимизга, сўнг оммавий ахборот воситалари орқали халқимизга бирорта ижтимоий соҳа ходимларини пахтага олиб чиқмасликка ваъда берганман. Бундан ташқари пахта йиғим-теримини тартибли ташкил этиш юзасидан жойларда ўтказган учрашувларимда мавсум давомида олий ўқув юрти, мактаб, боғча, шифохона, маданият муассасалари ишчи-ходимларини, ўқувчи-талабаларни теримга жалб этилишини тақиқлаб, соҳа раҳбарларига тегишли тартибда огоҳлантириш берганман. Ўринбосарларимдан тортиб, бошқарма ва бўлим бошлиқларигача қатъий назорат қилишлари лозимлигини, агарда кимдир ножўя ҳаракат қилса, ходимини мажбурий пахтага олиб чиққан ўша раҳбарни ўзим жиноий жавобгарликка тортишимни уқтирганман. Лафзимга содиқ қоламан. Президентимизнинг ишончини оқлайман.

Пахтага фақатгина фермер хўжаликлари аъзолари, маҳалла фуқаролар йиғинларидан шакллантирилган вақтинча ишсиз ва кўнгилли фуқаролардан ташкил топган теримчилар қатнашиши белгиланган. Мутасаддиларга бу борада кўрсатмалар берганман. Мавсум бошланганининг тўртинчи куни бўлган бўлса, вилоят раҳбари бўла туриб, ҳали дала майдонларига кирмадим. Аксинча уч кундан буён тадбиркорларни қабул қилиш, ҳудудлардаги ободонлаштириш, қурилиш ишлари, таълим муассасаларида дарсларни қандай кетаётганини кузатиш билан бандман, – деди вилоят раҳбари.

Суриштирувларимиз давомида тармоқда тарқалган хабарлар ўз тасдиғини топмади. Фуқароларимиздан бундан асоссиз маълумотларга ишонмасликларини сўраб қоламиз.