ЖАМИЯТ

“…ГАЗДАН ФОЙДАЛАНИШДА ЯНАДА ЭҲТИЁТ БЎЛАМИЗ...”


28.10.2021   826

Ис газининг келиб чиқиши ва унинг оқибатлари, газдан оқилона фойдаланиш ҳамда техника хавфсизлиги қоидаларига риоя этиш бўйича тарғибот-ташвиқот ишлари Жалақудуқ туманидаги аҳоли ўртасида ҳам олиб борилди.

Дастлаб “Ўроқчитепа” маҳалласининг ҳовли уйларида яшовчи аҳоли вакиллари билан учрашилди. Ҳовли уйлардага мўриконлар ва дудбўронлар созлиги, ошхонадаги винтилясион каналларнинг ишлаш жараёни ҳақида мутахассислар истеъмолчиларга тушунча бердилар.

“..Газдан келишиб, ис газ ва унинг оқибатлари ҳақида маълумот беришди, - дейди маҳалла фуқароси Умидахон Жулатова. – Тўғриси, газ, ўтин ва кўмирнинг чала ёнишидан ис газ пайдо бўлиши, унинг оқибати эса ўлимгача олиб келиши ҳақида маълумотга эга бўлдим. Бундан буёғи газдан фойдаланишда янада эҳтиёт бўламиз..”

“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиалининг мутахассислари ҳамда уй ичи газ жиҳозларига хизмат кўрсатиш чилангарлари томонидан “Қадақсин” МФЙ ўрамидаги кўп қаватли уйларда яшовчи аҳоли хонадонларига ҳам кириб мавсумга тайёргарлик бўйича суҳбатлар ўтказилди. Шунингдек, уйларнинг кириш эшикларига, мактаб ва бошқа ижтимоий соҳанинг кўринарли жойларига махсус тарғибот плакатлари ёпиштирилмоқда.

“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали матбуот хизмати.