Андижон 24

ДЎСТЛИК ЎТОВИДА БАЙРАМ


19.06.2018   1542

Амирбек билан Эркиной Хонобод шаҳрида ўзларига яраша тадбиркорлик билан шуғулланиб келадилар. Амирбек аҳолига компьютер хизмати кўрсатади. Эркиной косметология йўналиши бўйича бизнесини йўлга қўйган. Ўзбек ва қирғиз оиласидан бўлган бу жуфтлик уч нафар фарзандни вояга етказмоқда. Мамлакатимиз раҳбарининг ўтган йили вилоятимизга ташрифи доирасида Хонободни янада ободонлаштириш, туристик ҳудудга айлантириш юзасидан берган тавсияларидан илҳомланганёш оила бизнесларини бирлаштириб, каттароқ лойиҳага қўл уришга қарор қилган эди. Жорий йилнинг март ойига келиб, Хонтоғнинг Хонобод шаҳри ва унинг атрофидаги маҳаллалар кафтдек кўриниб турадиган қирда дам олиш, турли хил маросимлар ўтказиш ва аҳолига овқатланиш хизмати кўрсатиш масканини барпо этиш ишлари бошлаб юборилди. 17 миллион сўм банк кредити ва қарийб 23 миллион сўм ўз маблағлари эвазига шинам, замонавий ва миллий андозалар асосидаги иншоот барпо этилди. Тепаликда бунёдкорлик ишлари олиб боришнинг ўзига хос қийинчиликларини матонат билан енгиб ўтиб, қисқа фурсатларда қуриб битказилган мажмуа баҳаво жойдалиги, бошқа андозаларининг йўқлиги билан ажралиб туради.

-Бу ишга қўл уришдан олдин роса иккиландик,-дейди тадбиркор Амирбек Рустамов.-Президентимизнинг Хонобод шаҳрига ташрифи давомида сўзлаган нутқлари, вилоят, шаҳар ҳокимларининг берган далда ва амалий ёрдамлари бизга куч-қувват бахш этди. Турмуш ўртоғим билан астойдил ҳаракат қилиб, узоқ йиллар хизмат қиладиган иншоотни барпо этдик.

“Ўзбек-қирғиз дўстлик ўтови”, деб ном олган ушбу мажмуанинг очилиш маросими ҳамда Хонобод шаҳрида олиб борилаётган ишларни ўрганиш, дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш мақсадида қўшни Қирғизистон Республикасининг Ўш ҳамда Жалолобод областларидан бир гуруҳ ҳукумат ва маданият вакиллари ташриф буюрдилар. Хонобод шаҳри остонасида кутиб олинган меҳмонлар вилоятимиз санъаткорлари ҳамда хаваскорлик жамоаларининг чиқишларидан баҳраманд бўлдилар. Шундан сўнг Хонобод шаҳри ҳокими Мусахон Мамадалиев ва Ўш шаҳри мэри Айтмамат Кадирбаевлар велосепедда Андижон денгизи муюлишига ўрнатилган монумент олдигача йўл босиб келдилар. Бу ерда ёдгорликка гулчамбар қўйилиб, шаҳар марказига йўл олинди.

-Бугун ўзбек ва қирғиз халқларининг бирлашиши, келажакда янада мустаҳкам алоқаларни йўлга қўйилишига туртки бўладиган, борди-келдиларимизнинг кўпайишига хизмат қиладиган тадбирлардан бири бўлмоқда,-деди оммавий ахборот воситалари ходимлари билан суҳбатда Ўш шаҳри мэри Айтмамат Кадирбаев.-Мана бир ярим йилдирки, икки дўст халқ ўртасидаги ҳамкорлик, қўшничилик алоқалари яхшиланиб бормоқда. Бу энг аввало мамлкатларимиз раҳбарларининг олиб бораётган одилона сиёсатлари натижасидир. Кўриб, гувоҳи бўлиб турганимиздек икки эл дўстлигининг чеки йўқ. Ҳамкорликда олиб борилаётган ишлар халқларимиз ўртасидаги ришталарни жипслаштириш, иқтисодий, маданий алоқаларни ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Хонободдаги бунёдкорлик, савдо мажмуалари, ишлаб чиқариш тармоқларини делегация аъзолари билан айланиб кўрдик. Ўзбекистонда амалга оширилаётган улкан ишларнинг салмоғини хис этдик. Туризм, савдо-сотиқ йўналишларидаги ҳамкорликларимиз ҳар икки халқ учун ҳам катта манфаат келтиради.

-Ҳамкасбимнинг Хонобод ҳақида жуда кўп маълумотга эга эканлиги мени қувонтирди,-деди Хонобод шаҳри ҳокими Мусахон Мамадалиев.-Айтмамат Тентибаевич бу жойларда ўтган ёшлик даврларини гапириб берганида фахрландим. Икки халқ ўртасидаги азалий дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаш йўлида мамлакатларимиз раҳбарларининг олиб бораётган саъй-ҳаракатларининг тўғри ва оқилона эканлигини яна бир бор қалбимдан хис қилдим. Биз келгусида бу каби дўстона муносабатларни янада ривожлантириб, ўзаро ҳамжиҳатликда иш ташкил этиш юзасидан фикр алмашдик.

Ўтган йили юртбошимиз Шавкат Мирзиёев Қирғизистонга расмий сафари чоғида Бобур номидаги Ўш давлат ўзбек мусиқали академик драма театри бошлиғининг ўринбосари, бахши-оқин Идрис Айитбаевгаавтомашина ва уй совға қилган эди. Хонободга келган делегация аъзолари орасида уни ҳам учратдик. Идрис икки халқ ўртасидаги дўстлик ришталари ҳақида шундай деди:

-Узоқ йиллик кутилган онларнинг рўёби қувончларга тўла. Эт билан тирноқдек бўлган халқларнинг яна бирлашиши, ўзаро борди-келдиларнинг тикланиши қалбларимизга таскин берди. Ёшлигимиз мана шу Хонободнинг гўзал боғларида ўтган. Бу ерга бир йилда камида бир маротаба келар эдик. Ўртадаги танаффус бизни шунчалар Хонободга ташна қилдики, уни ўз қўшиқларимда ифода этиб келдим. Бугун бу чаманни гўзалликка янада буркангани менга янги илҳом бахш этмоқда.

“Ўзбек-қирғиз дўстлик ўтови”нинг очилиш маросими ҳақиқий тантанага айланди. Унда сўзга чиққанлар бу каби анъаналар ўтмишда ҳам бўлгани ва бугун қайта жонланиб, халқларимиз жипаслашаётганини эътироф этдилар.

-Бундан кейин ҳам яхши қўшничилигимиз бардавом бўлади,-деди вилоят ҳокимининг ўринбосари Серобиддин Исмоилов.-Ўтган давр мобайнида мамлакатларимиз раҳбарларининг бу соҳада олиб борган эзгу ва хайрли ишлари бунинг яққол намунасидир. Дўстлик ўтовининг барпо этилиши ҳам қон-қардош халқларнинг ҳамжиҳатлиги, меҳр-муҳаббати, бир-бирига ташна эканлигидан далолат.

Ҳақиқий байрамга айланган кўнгиллар учрашувида ўзбек ва қирғиз қўшиқчилиги юлдузлари, ёш истеъдодли санъаткорлар ўзларининг мафтункор куй ва қўшиқлари, дилбар рақслари билан йиғилганларга кўтаринки кайфият улашдилар. 6 та ўтовда меҳмонлар олдига миллий ва тансиқ таомлар тортилди. Самимий суҳбатлар, олдинда амалга ошириладиган ишларнинг режалари тадбирни самарага бой бўлишини таъминлади.

Барча иштирокчилар ўзбек ўғлони Амирбек ва қирғизнинг сулув қизи Эркинойларнинг дўстлик ўтовлари қалби яқин инсонларни ўзига чорлаб, байрам тантаналари бардавом бўлишини, аҳилликка кўз тегмаслигини тиладилар.

Муроджон ТЎХТАНАЗАРОВ.

Азаматжон Тошматов олган суратлар.