ЖАМИЯТ

ДИН ИШЛАРИ БЎЙИЧА ҚЎМИТА ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМ ТАСДИҚЛАНДИ


22.10.2021   776

Жорий йилнинг 29 сентябрида Ҳукумат қарори билан “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита тўғрисида”ги низом тасдиқланди.

Унга кўра, Дин ишлари бўйича қўмита дин ишлари соҳасида ягона давлат сиёсатининг амалга оширилишини таъминлашга масъул ваколатли давлат бошқаруви органи деб белгиланди.

Қўмита жамиятда “жаҳолатга қарши маърифат” улуғвор ғояси асосида диннинг асл инсонпарварлик моҳиятини, эзгулик, тинчлик ва инсонийлик каби фазилатлар, азалий қадриятлар ифодаси эканлигини тарғиб этиш мақсадида барча давлат ташкилотлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларга бу борадаги фаолиятни амалга оширишга кўмаклашади.

Шунингдек, мамлакатдаги диний-ижтимоий жараёнлар ҳамда диний бағрикенгликни таъминлаш масалаларини ўрганиш натижалари асосида илмий-тадқиқот ишларини қўллаб-қувватлаш, тарғибот ва ташвиқот тадбирларини ўтказиш чораларини кўради.

Унинг тизимига қўмитанинг марказий аппарати ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармалари киради.

Қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ дин ишлари соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш, Ўзбекистон Республикасининг дунёвий давлат тамойилини амалий рўёбга чиқариш, фуқароларнинг виждон эркинлиги кафолатларини ҳимоя қилиш, диний мутаассиблик ва экстремизм ғояларини тарқатиш, турли конфессиялар ўртасида адоватни юзага келтиришга қаратилган хатти-ҳаракатларга йўл қўймаслик чораларини кўриш, аҳоли орасида конфессиялараро тотувлик ва диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш бўйича тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб бориш ва бошқалар қўмитанинг асосий вазифалари ҳисобланади.

Қўмитанинг фаолияти мунтазам баҳолаб борилади. Унинг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш тартиби ва услуби Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Шунингдек, қўмитага Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган раис раҳбарлик қилади. Раис мақомига кўра вазирга, раиснинг биринчи ўринбосари - вазирнинг биринчи ўринбосарига, раис ўринбосарлари - вазир ўринбосарларига тенглаштирилади.

Қ. УСМАНОВ,

Андижон вилоят адлия

бошқармаси катта маслаҳатчиси