Андижон 24

ДИҚҚАТ! ТАЪМИРЛАШ ИШЛАРИ САБАБЛИ АНДИЖОН ВИЛОЯТИДА ТАБИИЙ ГАЗ БОСИМИ ПАСАЙИШИ МУМКИН


03.02.2020   1478

Самарқанд вилояти Нарпай тумани, Мирбозор шаҳарчаси яқинидаги “Зирабулоқ” магистрал газ қувурида 2 февраль куни соат 16:45 атрофида БГР-ТБА Магистрал газ қувурлари 1-4 тармоқларининг газ қувури ёрилиши оқибатида ёнғин содир бўлган. “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамиятининг “Зирабулоқ” магистрал газ қувурлари бошқармаси махсус ишчи гуруҳининг тезкор ҳаракатлари натижасида ёнғин соат 17:15да бартараф этилди.

Айни пайтда “Зирабулоқ”, “Ғаллаорол”, “Муборак” ва “Газли” магистрал газ қувурлари бошқармаларининг махсус таъмирлаш бригадалари талофатни бартараф этиш мақсадида, мазкур жойда иш олиб бормоқда. Тез фурсатда магистрал газ қувурлари қайта ишга туширилиб, барқарор ишлаши таъминланади.

Шу муносабат билан, Водий вилоятлари, хусусан Андижон вилоятида ҳам магистрал газ қувурларида босим пасайиши кузатилади.

“Ҳудудгаз Андижон” МЧЖ ўзининг тасарруфидаги барча шаҳар ва тумангаз филиалларига магистрал газ қувурлари орқали етказиб берилаётган табиий газни биринчи навбатда аҳоли, кўп қаватли уйлар ва ижтимоий соҳа муассасаларига йўналтирилиб, у билан боғлиқ бўлган кўнгилсиз ходисаларни олдини олиш бўйича тегишли ишлар ташкил этилди ва кучайтирилган ишчи гуруҳларнинг шайлиги таъминланди.

“Ҳудудгаз Андижон” МЧЖ таъмирлаш ишлари туфайли газ таъминотидаги вақтинча узилишлар сабабли етказилаётган ноқулайликлар учун аҳолимиз ва газ истеъмолчиларидан узр сўрайди.

“Ҳудудгаз Андижон” МЧЖ матбуот хизмати