Андижон 24

ДАВРОНОВ ЗОКИРЖОН ҚОБУЛОВИЧ ВАҚТИНЧАЛИК ЖАЛАҚУДУҚ ТУМАНИ ҲОКИМИ ВАЗИФАСИГА ТАЙИНЛАНДИ


26.08.2019   2370

Олий Мажлис Сенати аъзоси, Жалақудуқ тумани ҳокими Содиқжон Турдиев саломатлиги туфайли ўз аризасига мувофиқ вазифасидан озод этилди. Бу ҳақда Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов иштирокида Андижон шаҳридаги Ёшлар марказида ўтказилган аппарат йиғилишида маълум қилинди, дея хабар бермоқда «auz.uz» мухбири.

- Сўнгги пайтларда Содиқжон ака кўп касал бўлмоқда. Бир неча ойдан буён вазифасидан озод этишни илтимос қилиб келарди. Саломалиги кўтармаганлиги боис, илтимосини қабул қилдик. Ўрнига туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Давронов Зокиржон Қобуловични вақтинча ҳоким вазифасини бажарувчи этиб тайинладик, - дея изоҳ берди вилоят ҳокими.

Зокиржон Давронов 1968 йилда Жалақудуқ туманида туғилган, маълумоти бўйича мутахассислиги - иқтисодчи, молиячи. У 1997 йилда Андижон иқтисодиёт ва бошқарув институти ҳамда 1999 йилда Ўзбекистон Банк-молия академиясини тамомлаган. Турли йилларда Жалақудуқ, Избоскан туманлари, Қорасув шаҳар солиқ инспекцияси, Андижон шаҳар бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси, Қўрғонтепа тумани ғазна бўлими бошлиғи лавозимларида ишлаган. 2017 йилдан буён Жалақудуқ тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари вазифасида ишлаб келаётганди. Оилали, уч фарзанднинг отаси ҳисобланади.

Маълумот учун, Содиқжон Турдиев 2017 йилнинг август ойидан буён Жалақудуқ туманида раҳбарлик қилиб келаётганди. Унга қадар эса Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси раиси, Ўзбекистон Фермерлар кенгаши раиси вазифаларида ишлаган.